Линклар

logo-print

Жиззах шаҳар прокуратурасининг Озодликка билдиришича¸ коррупцияда айбланаëтган Кенжа Жўраев ишини прокуратура тергов қилмоқда.

Жиззах вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Кенжа Жўраев ўз кабинетида ҳибсга олинди.

Воқеадан хабардор жиззахлик ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимовга кўра, Кенжа Жўраев Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан ҳисбга олинган.

- Вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича муовини Жўраев Кенжа Ҳамроқулович аризасига биноан ишдан бўшади¸ деб аризасини ëздириб олишган. Кўрганлар билан гаплашдим, ариза ëзиб ишдан бўшагандан кейин прокуратура томонидан, Кенжа Жўраевни қўлига кишан солинган ҳолда иккита ички ишлар ходими ëнида вилоят прокуратурасига олиб кириб кетишди, деб кўрган манбалар айтди, дейди Маъмуржон Азимов.

Жиззах шаҳар прокуратураси расмийси Озодлик мухбирига ҳозирда Жўраевга жиноий иш очилгани ва бу иш билан прокуратура ходимлари шуғулланаëтганини тасдиқлади.

Аммо Жиззах вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган маъсул ходимига кўра, вилоят ҳокими ўринбосари Кенжа Жўраев бир ҳафта аввал ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган.

- Кенжа Жўраев бир ҳафта бўлди ишдан бўшаганига. У киши ўз аризасига кўра бўшатилди. Бошқа тафсилотлардан хабарим йўқ, деди Жиззах вилоят ҳокимлиги маъсул ходими.

Айни пайтда Жиззах вилоят ҳокимлиги расмий сайтида Кенжа Жўраев ҳануз ҳоким ўринбосари сифатида қайд қилинган.

Кенжа Жўраевнинг ҳибсга олиниш жараёнини ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимовга кўра, ҳозирда Жўраевнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ иккита тахмин илгари сурилаяпти.

- Кенжа Жўраевни 2008-2009 йилларда янги қурилган коттежлар бўйича қўлга олишган¸ дейишаяпти. Вилоятларга нечта коттеж бекитилган бўлса, қурилиш бўйича муовин уни бошқарадида. Ундан ташқари¸ Кенжа Ҳамроқулович тендер комиссиясининг ҳам раиси эди. Жиззах тумани маркази Учтепа даҳасида 20 та янги коттеж қурилди. Мана шу коттежларнинг ëнидан яна қўшимча иккита коттеж қурилган. Бу лойиҳага киритилмаган коттеж бўлганда. Бу коттеж ўзларининг маблағи ҳисобидан қурилган. Кейин буни сотмоқчи бўлишган. Ундан кейин анча жанжал бўлиб кетган, бошқа бўлган. Қурилган иккита янги коттежни бузиб ташлашган. Уни ҳибсга олинганини шу билан боғлашаяпти. Кейин яна битта версия бор. Яқинда шаҳар Архитектура бўлимининг бошлиғи пора билан қўлга олинди. “Ўшанинг кўрсатмаси ҳам берилган. Кўрсатмага асосан ҳибсга олинган” деган иккинчи маълумот ҳам кетаяпти, дейди Маъмуржон Азимов.

Кейинги пайтда Жиззахда юқори лавозимли шахсларнинг айнан коррупцияга оид жиноятлар учун қамалиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг кузида Жиззахда уч катта мулозим -Жиззах вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг раиси М. Шукуруллаев, Зарбдор туман Жиноят ишлари бўйича суди раиси Ўткир Абдуллаев, Ўзпахтасаноат ширкатининг Жиззах вилояти бошқармаси раҳбари Собир Турдиқулов жавобгарликка тортилган эди.

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Қ. Амиров ва бош мутахассис А. Холжигитов ҳам пора талаб қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

2011 йилнинг апрелида Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг транспорт бўлими бошлиғи Ширин Абдураҳмонов ва солиқ инспектори Дилшод Маҳкамовлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси¸ яъни пора олганликда айбдор¸ деб топилиб, узоқ муддатларга қамалган эди.

Transparency International халқаро ташкилотининг 2011 йилги Коррупция даражасига оид ҳисоботида Ўзбекистон 182 давлат ичида 178 ўринга қўйилди.

Ҳисобот муаллифлари кейинги бир йил ичида коррупция муаммоси, айниқса, сиёсат ва жамоат секторларида чуқур илдиз отишда давом этганини айтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG