Линклар

Ўзбеклар ветеранни тунаганликда айбланмоқда


Калтакланган чол Россияда камайиб бораëтган уруш қаҳрамонларидан.

Калтакланган чол Россияда камайиб бораëтган уруш қаҳрамонларидан.

Икки Ўзбекистон фуқароси Калининград шаҳрида 92 ёшли 2-жаҳон уруши ветеранини калтаклаб¸ қимматбаҳо буюмларини олиб чиқиб кетганликда айбланмоқда.


Россиянинг Калининград шаҳрида уруш қаҳрамони, 92 ёшли Николай Мельниковни калтаклаб пенсияси, жанговар медаллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларини ўмариб кетган икки шахс қидирувга берилди.

Россия марказий телеканалларига берган интервьюсида ветеран Николай Мельников воқеа тафсилотларини гапириб, жиноятчилар тунда, ўзи ухлаб ётганида кириб келгани ва пневматик милтиқ билан таҳдид қилганини айтди.

- У менга милтиқни тақаб, пул талаб қилди. Шундан кейин яшикларни очиб ичидаги нарсаларни титишни бошлади. “Юзимга қарама, қарама!”, дея бақирди. Ҳеч нарса топа олмасдан юзимга урмоқчи бўлди, лекин оёғи билан кўкрагимга тегди, дейди кўкариб кетган кўкрагини кўрсатар экан қария.

Қийноқларга дош бера олмаган Николай Мельников, ўзининг айтишича¸ тумбочкада яширинган 8000 рубл ойлик пенсияси яширилган жойни босқинчиларга кўрсатади. Ҳикоя давомига кўра¸ Мельников рафиқасининг тилла узуги ва исирғаси, “Ленинград ҳимояси учун” медали, 9 майда ўзига совға қилинган қўл соати, мобил телефонини олган талончилар истеъфодаги полковникни бошига гайка ключи билан уриб жиноят жойидан ғойиб бўлишади.

“Яхшиямки улар шкафда осилиб турган кителимни кўришмади: кителда менинг барча медал-орденларим тақилган”, дея эслайди урушнинг биринчи йилларидаёқ контузия олган Николай Мельников.

Ўзи базўр юрган чолни эртасига унинг ўғли калтакланган аҳволда топиб¸ уни шифохонага жўнатади.

Қарияга кўра, ўзини тунаган қароқчилар рус тилида сўзлашмаган, бўйи пастроқ бўлган қароқчилар кўринишидан марказий осиёлик бўлган.

“Мельников кўрсатмалари билан полиция икки кун ўтиб нафақахўрга қўшни уйлардан бирида фаррошлик қилиб юрган меҳнат муҳожирини ҳибсга олди”, дейди Калининград вилояти Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Эдуард Мишурин.

- Бу 1981 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди ва унинг жиноятни содир этганлик айби исботланди: тинтув давомида ундан соат ва медал топилди ва мусодара қилинди, дейди Озодликка Эдуард Мишурин.

Полициячилар ўғрилар ветераннинг пенсиясини аллақачон жўнатма орқали Ўзбекистонга юборганини тахмин қилмоқда.

Калининградда катта шов-шувларга сабаб бўлган бу жиноятни содир этганликда гумонланган яна бир Ўзбекистон фуқароси қидирувга берилган. Россияда қонуний қайдда турмаган бу шахснинг ветерандан олинган қолган буюмлар ва милтиқ билан ғойиб бўлгани айтилмоқда.

Калининград вилояти Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Улуғ Ватан уруши қаҳрамонини дўппослаган бу шахслар Россия Жиноят Кодекси бўйича 7 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG