Линклар

Тожик жамиятида оилавий зўравонлик масаласи қанчалик долзарб бўлмасин, мамлакатда бу иллатга қарши қонун ҳалигача қабул қилингани йўқ.

Тожикистондаги аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлаётган нодавлат ташкилотлар маълумотларига кўра, бу мамлакатда аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик 2011 йилда аввалги йилларга нисбатан 50 фоизга ошган.

Шунга қарамай, Тожикистонда минтақанинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда ҳалигача оилавий зўравонликка қарши қонун қабул қилингани йўқ.

Тожикистонда зўравонлик асосан оилада кузатилади. Жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари мавжудлиги жамоатчиликка сир эмас, чунки бу мавзу тожик матбуотида ёритиб келинади. Аммо республика ҳуқуқ-тартибот органлари бу масалага “оилавий муаммо”, деб қарашади.

Оилавий зўравонлик қурбонига айланган ўнлаб тожикистонлик хотин- қизлар орасида Моҳирахон Ғойибова ҳам бор. Беш боланинг онаси Моҳирахон рашк туфайли эри турли баҳоналар билан уни ҳатто болалари олдида ҳам дўппослашини айтди.

- Ҳеч қаёққа қўймайди. Қўшнининг эридан ҳам рашк қилади. Бир баҳона билан уради. Арматур бор-ку, арматур, ўша билан урди қўлимга. Ана шу урганидан кейин қўлим қийшайиб қолди, - дейди Панж туманида яшовчи 46 ёшли Моҳирахон.

Суҳбатдошимиз бундай калтакларни кўп еганини, аммо маҳалла-куйнинг гап-сўзидан чўчиб, бирор идорага эридан шикоят қилмаганини айтади. Бошқа томондан Моҳирахон ҳуқуқ-тартибот идоралари хотинини урган эркакларга нисбатан жўялироқ чора кўришига ишонмайди.

Мамлакатда оилавий зўравонлик ҳолатларининг авж олиши тожикистонлик аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари 2003 йилда “Оилавий зўровонликка қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва парламент муҳокамасига тақдим қилди.

- Бироқ, - дейди фуқаролик жамияти фаолларидан бири Гулчеҳра Мирзоева Озодлик билан ўзаро суҳбатда, - орадан тўққиз йил ўтган бўлса ҳамки, қонун қабул қилингани йўқ.

Январ ойи ўрталарида кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раиси Сумангул Тоғаева мазкур лойиҳа яқин кунларда парламентда муҳокама қилинажагини билдирган эди.

- Шундай қонун лойиҳаси ҳақиқатан муҳокама учун тақдим қилинган эди. Лойиҳа давлатнинг тегишли идора ва вазирликлари томонидан ўрганилди ва хулосалар жамланди. Яқин кунларда бу лойиҳа парламент қуйи палатаси вакиллари муҳокамасидан ўтиши кўзланган, - дея билдирганди Тоғаева хоним.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, тожик оилаларида аёлларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари камайишига ҳали анча бор.

Олий маълумотли аёллар анжумани раиси Гулжаҳон Бобосодиқова фикрича, жамиятда шундай бир қонуннинг қабул қилиниши учун молиявий имконият йўқ.

- Бу қонун қабул қилинса, унинг асосида аёлларга вақтинча яшаш марказлари, яъни бошпана ташкил қилиниши керак. Адлия, Соғлиқни сақлаш ва бошқа шу каби вазирликларда зўравонликка учраган аёллар билан ишлаш бўлимлари тузилиб, мутахассисларга маълум миқдорда иш ҳаққи берилиши лозим. Бунинг ҳаммаси учун маблағ зарур. Менимча, шунинг учун ҳам бу қонун ҳозиргача бизда қабул қилингани йўқ, - дейди Гулжаҳон Бобосодиқова.

Жамиятшунос Аслия Ҳақназарова Тожикистонда оилавий зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинмаётганини жамиятда ана шундай қонунга талаб йўқлигида, деб билади.

- Чунки бизнинг аёлларимиз бу нарсага ўрганган. Бу нарса бизнинг аёлларимиз учун оддий бир ҳол. Яъни эркак киши оилада бошлиқ бўлиши, эркак кишининг гапига қулоқ солишлик ёки у дўқ-пўписа қилганда, ҳатто қўл кўтарганда ҳам ундан хафа бўлмаслик оддий бир ҳолат. Шу нуқтаи назардан ҳам ҳеч ким ана шундай қонун бўлишини талаб қилмайди, - дейди жамиятшунос Аслия Ҳақназарова.

Тожикистонлик ҳуқуқшунослар мамлакатда қонунлар қабул қилингани билан уларнинг ҳаммаси ҳам ишламаётганини таъкидлаб келадилар. Ҳуқуқшунослар фикрича, тожик жамиятида оиладаги зўровонликка барҳам бериш учун энг аввало аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, маҳаллаларда аёлга, онага нисбатан муносабатни ўзгартириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG