Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:36

Матбуот таъмагирликда айбланмоқда


Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини текширишга киришган бир пайтда нодавлат нашрлари махсус кўрсатув нишонига айланди.


Норасмий манбалардан олинган маълумотларга қараганда, 3 феврал куни Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат тафтишчилар гуруҳи Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини текширишни бошлаган.

Бироқ мақоламиз сарлавҳасини савол аломати билан ёпишга бизни Агентлик матбуот хизматининг ўзини таништирмаган вакилининг мана бу гапи мажбур қилди:

- Менда бундай маълумот йўқ.

Агентликда текширув ёки гўёки текширув бошланиши арафасида - 29-30 январ кунлари Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлар”каналида “Уйғоқлик ва сергаклик – давр талаби” ҳужжатли фильми намойиш қилинган эди ва баъзи сайтлар бу икки воқеани бир-бирига боғлай бошлади. Шунинг учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати вакилидан сўрадик:

Озодлик: Баъзи сайтлар бу текширишни ëки гўëки текширишни Ëшлар каналида намойиш қилинган “Уйғпоқлик ва сергаклик давр талаби” деган филм билан боғлашаяпти.

- 10 минутдан кейин гаплашсак бўладими?

Озодлик: Майли 10 минутдан кейин телефон қиламан.

Матбуот хизмати вакилининг 10 дақиқадан кейин ҳам гаплашишга имкони бўлмади.

Фильм нима ҳақда эди?

Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлар”каналида 29-30 январь кунлари намойиш қилинган “Уйғоқлик ва сергаклик – давр талаби” ҳужжатли фильмида, ўзбекистонлик мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича,

- Журналистларнинг таъмагирлиги, порахўрлиги масаласига қаратилган. Мана шу ҳолатлар танқид остига олинган, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Фильмда бир қатор нодавлат нашрлар, хусусан, “Сўғдиёна”, “Ҳордиқ”, “Етти мўъжиза”, “Дилбарим”, “Диёр”, “Кўнгил кўчаси”, “Аёл қалби”, “Новости Узбекистана” каби газеталарда ўзбек халқи маънавиятига жиддий путур етказувчи, зўравонлик, ҳаёсизлик тарғиб этилган материаллар чоп қилингани айтилади.

“Ҳордиқ” газетаси эса, нурсафардия деб номланган норасмий диний оқим ғояларини тарғиб қилишда айбланади”.

Newsuz.com га кўра, фильмда, шунингдек, Ўзбекистон президентининг фан-таълим, маданият ва ахборот масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Фахриддин Муҳиддиновнинг 2009 йил охирида ишдан олиниши сабаби ҳам айтилган.

Ёзилишича, Муҳиддинов Тошкент вилоятидаги бозорлардан бири маъмурияти берган пора эвазига “Ҳуррият” газетасида ўша бозор тўғрисида мақола бостирган.

Биз фильм юзасидан фикр билдиришини сўраб, унда танқид қилинган нашрларнинг баъзилари билан боғланишга уриндик.

“Ҳуррият” газетаси телефони қулоғини ўзини таништирмаган журналист йигит кўтарди.

- Мен яқинда келганман ишга. Бошқалардан сўраб кўрсангиз билади бошқа рақамларни териб.

Озодлик: Сиз ўзингиз филмни кўрдингизми?

- Кўрдим.

Озодлик: Газетанинг эмас шахсан сизнинг ўзингизнинг муносабатингиз қандай?

- Мен билмадим тўғриси. Бўлиб ўтган воқеалар асосли бўлгани учун нима қилингандир.

Озодлик: Ўзи умуман ўзбек журналистлари орасида шунақа таъмагирлик, порахўрлик ҳолатлари борми йўқми?

- Шахсан гувоҳи бўлмаганман, дейди “Ҳуррият” газетаси телефони қулоғини ўзини таништирмаган журналист йигит.

“Ҳуррият”нинг бош муҳаррири Ўктам Мирзаёров, котибасининг айтишича, кун бўйи верстка билан банд бўлди.

“Сўғдиёна” нашри ходимаси саволимизга жавобан “Бизларни танқид қилишгани, бизларни “Дастурхоним сирлари” деган саҳифамиз учун танқид қилишган тўғрими? Ҳозир сизга нима учун керак бизнинг фикримиз?” деб савол билан жавоб берди ва шундан сўнг суҳбат “тиқилиб қолди”, мулоқотимиз бесамар бўлди.

Иллат кўлами каттами?

Кузатувчилар фикрича, фильм муаллифлари маҳаллий журналистлар орасида таъмагирлик ва порахўрлик мавжудлиги тўғрисида гапирар эканлар, йўқ ҳодиса тўғрисида гапирмаганлар.

Журналист Абдураҳмон Ташанов бу ҳодисанинг илдизлари тўғрисида гапирар экан, жумладан бундай деди:

- Нашрлар, айниқса ижтимоий-сиëсий нашрларнинг Ўзбекистонда ўқувчиси йўқ. Шунинг учун маҳсулот сифатида унинг қиймати йўқ. Қиймати бўлмагандан кейин албатта журналист чўнтагига гонорар ëки маош даражасида бирор нарса кирмайди. Таъмагирлик келтириб чиқарувчи энг катта омилларидан биттаси бу ўша журналистларнинг камхаржлиги. Чунки олинаëтган пора миқдорларига эътибор берсангиз, арзимаган пуллар. 200 минг сўм сўрагани, 50 минг сўм сўрагани шунақа кичкина бўлган фактлар. Бунинг ҳаммасини йиғиштириб келадиган бўлсангиз, битта ҳоким ëки прокурор олаëтган порачалик қиймати йўқ, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналист Малоҳат Эшонқуловадан ҳам Абдураҳмонникига ўхшаш фикрни эшитдик. Унинг айтишича, таъмагирлик ва порахўрлик танқидий фильм намойиш қилган телевидениенинг ўзида ҳам “гуллаб-яшнаган”.

Ўзбекистон ТВсининг собиқ журналистидан ТВ журналистларининг шу кундаги маошлари тўғрисида сўрадик.

- Ҳозиргача мулоқотда бўлиб турган ҳамкасбларим кейинги олган ойлик маошлари 250-280 минг сўмни ташкил қилади. Яқинда бир дугонам менга қўнғироқ қилиб шунақа хурсанд бўлиб гапирдики, “Сизларнинг шов-шувларингиздан кейин ойлигимиз маълум миқдорда кўпайди” деди. “Қанчага кўпайди?” десам, “Декабр ойида мен 300 минг сўм маош олдим” деди. 300 минг сўм маош олса, дўпписини осмонга отаяпти. Оклади ва гонорари билан ҳисоблаганда 300 минг сўм, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Бироқ, деб қўшимча қилди, Малоҳат Эшонқулова

- Менинг бу гапларимга қарши улар ҳужжатлар дастак қилишлари мумкин. Масалан¸ Эшмат бир ярим миллион олади, Тошмат 1 миллион 800 минг олади деб кўрсатиш имкониятига эга. Бор шунақалар. Улар кимлар? Улар узоғи билан 40-50 нафарни ташкил қиладиган, раҳбарият атрофига тўпланган бир гуруҳ ўзининг одамлари, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Фильмдан мақсад нима?

Нима учун “Ёшлар”да намойиш қилинган фильмдан сўнг Ўзбекистон Матбуот ва aхборот агентлигида текширув бошлангани тўғрисида хабар пайдо бўлди?

Гап шундаки, aгентлик унинг низомида белгилаб қўйилганидек, “оммавий ахборот воситалари, ахборотлар алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги вазифаларни ҳал этиш учун ваколат берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади”.

Бас, шундай экан, боғлиқлик бўлиши табиий кўринади.

Абдураҳмон Ташанов бундай деди:

- Кўрсатув мазмуни матбуот ва ахборот агентлиги раҳбариятининг лоқайдлиги, совуққонлиги ҳақида эди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Малоҳат Эшонқулованинг мана бу гапидан aгентлик раҳбари Бобур Алимовни ишдан олишга ҳаракат бошланибди-да, деган фикрга келиш мумкин.

- Кимгадир кимннингдир ўрни керак бўлиб қолдиëв айни чоғда, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Лекин, дейди Ташанов,

- Менинг нуқтаи назаримда фақат Бобур Алимов шахсига қаратилган ҳужум эмас. Яъни бу журналистларга, матбуотни ислоҳ қилишга, янаям ҳозирги ҳукуматга тобе қилишга бўлган ҳаракатлар комплекси деб ўйлайман, деди журналист Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG