Линклар

Бозордаги тадбиркорлар совуқ боис савдо юришмаётганидан нолиётган бўлса, фермер ва деҳқонлар қор ва совуқ туфайли ҳосилдорлик мўл бўлишидан хурсанд.

Тошкент бозорлари фақат 2-3 соат ишлаяпти

Чорсу бозорида савдо қилувчи Сабоҳат опага кўра, савдогарлар совуқ боис озгина савдо қилиб, уйига қайтишга мажбур бўлмоқдалар.

- Иложимиз йўқ энди. Бозорлар совуқ. Оëғимиздан зах ўтиб кетаяпти. Ёнимдаги бозорчи аёлларнинг бирининг почкаси, бирининг ошқозони, бирининг оëғи, совуқда турли касал орттириб олишган. Суяккача ўтиб кетаяпти совуқлар. Амаллаб, узоғи билан икки-уч соат савдо қилиб, 1000-2000 сўм фойда қиладими йўқми¸ уйига чопаяптида. Ундан ортиғига уже туриб бера олмаяпти. Аëл киши эмас¸ эркаклар ҳам туриб бера олмаяпти. Соат 12, 1дан кейин деярли ҳеч ким қолмаяпти. Кўпчилик расталарини ëпиб кетиб қолаяпти. Асосан эрталаб 10-11ларда. Ундан олдинроқ ҳам бориб бўлмайди. Ҳамма ëқ музлаб ëтган бўлади. 10-11да сал юришган бўлади иш. 1-2дан кейин бозорга бормаган ҳам маъқул, дейди савдогар аёл.

Савдогарлар бозордаги мева-сабзавотларни совуқдан сақлашга ҳаракат қилаяптилар, бироқ қаҳратон совуқ боис маҳсулотларнинг аксари музлаб қолаяпти.

5 феврал куни Тўйтепа бозоридан савдо қилган Жўра Муродовга кўра, зарур маҳсулотларни музлагани учун харид қила олмаган.

- Кеча бозорга чиққанман. Карамлар музлаб қолган экан. Ҳамма бозорларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари¸ масалан¸ карам, баданида сув йиғиб турадиган маҳсулотлар музлаб қолган. Карам, турп, сабзи харид қилмадим. Олма, анор маҳсулотлари ëпилган ҳолда турибди. Қўйлиқ, бошқа бозорларга ҳам ўтиб қарадим. Аввалги совуқда ҳам, кечаги совуқда ҳам ҳаммаси ëпиб ўтирибди. Маҳсулотларни устига эски кўрпа, кигиз ёпиб қўйишган. Туфласангиз туфлигингиз ерга тушгунча қотиб қолаяпти, дейди Жўра Муродов.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда совуқ “ёмон” олаяпти


Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказидан олинган маълумотга кўра, совуқ¸ айниқса¸ Қорқалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида кучлилигича қолмоқда ва бу ҳудудда ҳаво ҳарорати кечаси -16-21 даражагача тушган.

Хоразмнинг Гурлан туманида яшовчи Рўзмат акага кўра, кечаси -30 даража, кундузи -25 даражагача чиққан кунлар ҳам бўлаяпти.

- Гурлан бозорига чиқиб ҳеч нарса олмасдан қайтиб келдим. Музлаб ётибди ҳамма нарса. Бизда совуқ ёмон бўлаяпти, дейди Рўзмат ака.

Тўрткўл шаҳар бозорида озиқ-овқат дўкони бўлган савдогар йигит Норимоннинг айтишича, харидорлар жуда кам.

- Совуқда одамлар кам келаяпти. Аввалгининг ярмини савдо қилаяпмизда. Савдо йўқ ҳисоби. Дўконни очиб қўйиб ўтирибмиз фақат, дейди Норимон.

Қишлоқ йўллари музлаб қолганидан машиналар қатнови жуда кам.

Қишлоқ йўллари музлаб қолганидан машиналар қатнови жуда кам.

Шовотлик Шавкат ака Нексия машинасини сариққа бўятиб, таксичилик билан шуғулланиш учун лицензия олган эди.

Шавкат акага кўра, сўнгги бир ҳафтада йўллар музлаб қолгани учун кўчага деярли чиқмаяпти.

- Совуқ ҳам ёмон қилди. Олган лицензия ҳам бекор ётибди. Ўзи икки ҳафта аввал олган эдим. Қишлоқ жойларидаги йўлларда умуман юришнинг иложи йўқ. Кун қизган пайти, йўллар озгина эригандай бўлади. Шу пайти 1-2 соат чиқиб таксичилик қиламан. Бошқа вақти уйда ётибман, дейди Шавкат ака.

“Бу йил ҳосил мўл бўлади”


Бозорчи савдогарлар, тадбиркорлар совуқ боис зарар кўраётганини айтса, фермер ва деҳқонлар совуқ ва қор ҳосилдорлик учун фойдали эканини айтмоқдалар.

Жиззахлик тадбиркор Абулқосим Мамарасулов шундайлардан бири:

- Бизнинг биофабрикамиз бор. Пахтанинг зарарли ҳашоратларига қарши биологик равишда курашиш билан шуғулланамиз. Пахтанинг зарарли ҳашоратлари қиши билан далада қишлайди. Жиззах вилоятида 49 та биолаборатория бор. Бизлар хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Бу йилги совуқ жуда яхши бўлаяпти. Мана шу қишда анча зарарли ҳашоратлар ўлиб кетади, бизнинг меҳнатимиз енгиллашади¸ деб хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Шахсан мен ўзим хурсандман, дейди Абулқосим Мамарасулов.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов ҳам бу йил ҳосилдорлик мўл бўлишидан умидвор.

- Бу совуқнинг ҳам, қорнинг ҳам фермерга фойдаси катта. Зарардан кўра фойдаси катта. Чунки биринчидан¸ қор остида ҳосилимиз яхши бўлади. Хусусан буғдой ҳосилига яхши бўлади. Ердаги қурт-қумурсқалар ўлади. Қорнинг жуда катта фойдаси тегади буғдойга. Ҳозир буғдой қор остида ўсаяпти. Агар қор бўлмасдан қаттиқ совуқ бўлганда эди, бошқача таъсир қилиши мумкин эди. Қор остида ривожланиш жуда яхши бўлади. Буни жуда кўп йиллар давомида кузатиб келаяпмиз. Деҳқончиликнинг баракаси¸ асосан¸ қорда деб биламан, дейди бухоролик фермер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG