Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

Қишки спорт билан шуғулланaяпсизми?


Бу йил қаттиқ келган қиш туфайли Ўзбекистонда ҳам қишки спорт билан шуғулланиш имконлари кенгайди. Ўзбекистонликлар бу имкондан қандай фойдаланмоқдалар?


Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу йил қиш қаттиқ келди. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво сақланиб турибди. Баъзи вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йўллар музлаб қолгани транспорт қатновига халал берди.

Айни пайтда, январ ойи ўртасида Тошкентдаги Фурқат паркида болалар учун “Айс-авеню” номли янги яхмалак очилди.

Чимён оромгоҳида эса одамлар ва туристлар қишки спорт турлари, жумладан, конки, чанғи ва чана учиб хордиқ чиқармоқда.

"Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “Қишки спорт билан шуғулланаяпсизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Баҳодир - қаршилик савдогар

- Ака, қишки спорт билан шуғулланишга вақт йўқ. Олдин бўларди ҳозир йўқ. Ҳозир шароит унчалимас. Энди киссада пул бўлса, шундай ишлар билан шуғулланасиз. Киссада пул бўлмасачи? Топганимизни фақат рўзғорга ишлатамиз. Спортга яна вақт ажратиш керак. Имконият йўқ. Хоҳиш бўлган билан¸ имконият бўлмаса бўлмайди. Кўриб турибсизки¸ ҳозир ҳаёт олгиндидек эмас. Фақат спортти кетидан нон еса, спорт билан шуғулланса бўлади. Биза спортти кетидан нон емаймиз.


Назокат - Фарғона Ички ишлар бошқармаси ходими

- Вой, совуқда-я. Эй йўқ. Унга (қишки спорт билан шуғулланишга) вақтимиз йўқ. Кўряпсизку, ҳозир ҳам ишдамиз. Қорга қараб ҳам завқланиб қўяверамизда. Фарғонада қишки спорт билан шуғулланадиган жой йўқ. Туманларда бор. Шаҳарри ўзида йўқ.


Абдужалил – Тошкентдаги дорихона ходими

- Мен конки учаман. Бир ой олдин қор энди бошланганида Чимёнга тўрт киши чиқиб келган эдик. Уч кун бўлдик. Салафанда сирпанчиқ учдик. Қуёш чиқишини кўрамиз¸ деб эрталаб вохли туриб тоққа чиқиб кетдик соат тўрлада. Роса совуқ бўлди. Кечқурун вохлироқ ётдик соат саккизларга яқин. Ўшатдаги одамлар билан бирга олов ёқиб исиниб гитарада ашула айтиб ўтирдик. Яқинда яна тоққа чиқамиз. Ўшанда айтиб берамиз. Бу гал унча яхши бўлмади.


Жасур – жиззахлик талаба

- Қишки спорт тури, биззики, молни тагини тозалаш, қўйни тагини тозалаш, қўйга ем бериш. Қўйлани айлантириб келамиз. Газ пасайиб кетди. Свет ҳам дабдала бўлиб кетди. Қўзиларни совуқ қотмасин¸ деб уйларга олиб кириб қўйяпмиз. Шуда бизга қишки спорт. Кичкина болла оёғига чанғи тақиб юради. Катта болларга қизиқ эмас. Бизда қишки спорт тури йўқку ўзи.


Саҳоб – Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ходими

- Қишки спорт билан? Йўқ, ҳеч қачон шуғулланмаганман. Менга кўпроқ футбол ёқади. Шу каби ёзги спорт турларини яхши кўраман. Шунинг учун қишки спорт билан шуғулланмаганман. Кичкиналигимда чана ҳам учганман, болалар билан қорбўронлар ҳам ўйнаганман. Ҳозир йўқ. Иштиёқ ўлгани йўқ. Гап бунда эмас. Одам озгина вақт ажратиши керак унга. Ҳамма ўз ишларини олдиндан режалайди. Мен ҳам олдиндан ишларимни режалайман.


Анвар - сурхондарёлик фермер

- Тоғли районда яшасам экан мен қишки спорт билан билан шуғуллансам. Жарқўрғонда бир ой қор бўлади 11 ой бўлмайди. Қор эрийди кетади. Чанғи панғи менга нимага керак? Дам олиб нима қиламан. Уйда ишимиззи қилиб юрибмиз, Худога шукур, деб. Бу йил бизда чанғи учадиган қор ҳам ёғмади. Мени ўзимми ҳаракатларим ҳам етади. Мен молимга қарасам ҳам етади. 15та молим бор. Шуларга қараб Худо десам бўлди. Менга спорт керак эмас. Бошқа пайтда спорт қилдим. Ҳарбий ҳизматларга ҳам бориб келдим. Спортини ҳам қилдим.


Ўз исмини айтишни хоҳламаган Молия вазирлиги ходими

- Афсуски мен қишки спорт билан шуғулланмайман. Қабулхонага қўнғироқ қилинг. Улар саволингизга жавоб берадиган одамни топиб беришади. Мен ҳозир шошаётган эдим. Узр.


Шохруҳ – самарқанддаги “BISSE”дўкони ходими

- Қишки спорт? Йўқ шуғулланмайман. Унга вақт йўқ. Биз ишдамиз-да. Тошкентда бўлиши керак. Тоғда бўлиши керак бундай жой. Бизани тоғимизда, Ургутда бундай жойлар борлигини билмайман-да.

Босит – қорақалпоғистонлик ўқитувчи

- Қишки спорт? Йўқ, шуғулланмайман. Қизиқмайман. Унга вақтим йўқ. Илгари мактабда ўқиб юрган пайтларимда қор ўйинлари ўйнардим. Энди қизиқиш йўқ. Совуқда одам юргиси келмайди умуман. Кўчага чиққиси келмайди.
XS
SM
MD
LG