Линклар

Миср "қонунбузар" нодавлат ташкилотлари ходимлари рўйхатини эълон қилди


Миср расмийлари ноқонуний фаолият олиб борганликда айбланаётган нодавлат ташкилотлари ходимлари исмларини эълон қилди. Улар орасида АҚШнинг 19 ва Германиянинг икки фуқароси бор.

Америкаликлардан бири АҚШ Транспорт вазири Рэй ЛаҲуднинг ўғлидир. АҚШ фуқароларининг аксари Мисрни тарк этган, лекин Сэм ЛаҲуд ва яна тўрт киши у ерда қолмоқда.

ЛаҲуд маркази Вашингтонда жойлашган Халқаро Республикачилар Институтининг Қоҳирадаги идорасига раҳбарлик қилади.

Мисрда қолаётган икки немис эса Конрад Аденауэр жамғармасида ишлайди.

Қонунбузарликда айбланаётганлар орасида икки серб, икки ливанлик, бир норвегиялик, бир фаластинлик ва бир иорданиялик ҳам бор. Қолган 14 киши Миср фуқароларидир.

Қўшма Штатлар Миср расмийлари юзага келган вазиятни ҳал қилмаса, АҚШ ҳукумати 1,5 миллиард долларга тенг ёрдамни тўхтатиб қўйишидан огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG