Линклар

logo-print

Ўзбекистонда тармоқли маркетинг чекланади


Ўзбекистон ҳукумати янги қарорига мувофиқ, эндиликда тармоқли маркетинг билан шуғулланувчи муассасалар Ўзбекистонда ўз агентлари орқали биоактив қўшимчалар ва дори-дармонларни сотолмайдилар.

Ўзбекистон ҳукумати янги қарорига мувофиқ, эндиликда тармоқли маркетинг билан шуғулланувчи муассасалар Ўзбекистонда ўз агентлари орқали биоактив қўшимчалар ва дори-дармонларни сотолмайдилар.

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан жорий этилаётган янги тартиб-қоидаларга кўра, эндиликда тармоқли маркетинг билан шуғулланувчи ташкилот ва шахслар фаолияти қаттиқ назорат остига олинади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан шу йилнинг 1 февралида имзоланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, чакана савдо жабҳасига тармоқли маркетинг, тармоқли ташкилот ва сотувчи агент тушунчалари киритилган.

Қарор иловасига кўра, тармоқли маркетинг асосида мол сотувчилар бундан буён якка тадбиркор сифатида фаолият юритиб, улар молни улгуржи савдо корхонасига тенглаштирилган тармоқли ташкилотга оид турғун савдо шаҳобчаларидан олишлари керак бўлади. Бунда тармоқли ташкилот улгуржи савдо қилиш учун лизенцияга эга бўлиши шартлиги кўрсатиб қўйилган.

Сотувчи агентлар турғун савдо шаҳобчаларидан ташқарида уйга буюртма қабул қилиш, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ва кўчада савдо қилиш орқали потенциал харидорлар билан ишлашлари мумкин. Бироқ, қарор иловасида айтилишича, агентлар мол харид қилишга қизиқмайдиган истеъмолчиларга товарларни зўрлаб тиқиштирмасликлари, шунингдек, уларнинг биринчи талаби билан товарларни таклиф қилишни тўхтатишлари керак.

Сотувчи агентларга бундан буён мол сотиш чоғида харидор билан буюртма бланкасини расмийлаштириш мажбурияти юклатилади. Икки нусхада расмийлаштириладиган мазкур бланкада буюртма тартиб рақами, сотувчи агентнинг исм-шарифи, сотувчи агент ва тармоқли ташкилот ўртасида тузилган шартноманинг тартиб рақами ва санаси, сотиладиган товарнинг номи, нархи, миқдори ва умумий қиймати, шунингдек, қўшимча хизматлар кўрсатилса, кўрсатилажак қўшимча хизматлар қиймати, сотиб олинадиган товарга ҳақ тўлаш усули, буюртма қабул қилинган ва у бажариладиган сана, харидорнинг исм-шарифи ва имзоси кўрсатилиши шарт.

Қарор иловасига мувофиқ, сотувчи агент товарларни таклиф қилишда уларни ишлаб чиқарувчи корхона, товар ишлаб чиқарилган мамлакат, товарнинг сифат тавсифлари, бирор-бир чеклов бор-йўқлиги ва эҳтимолий қўшимча тўловлар тўғрисида потенциал харидорга тўлиқ маълумот беришга мажбур.

Сотувчи агентлар харидордан тўловларни фақат назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда қабул қилишгагина ҳақли.

Тармоқли ташкилотлар ва уларнинг сотувчи агентлари томонидан товарларни сотишдан олинган барча нақд пул тушумлари қонунда кўрсатилган тартибда банкка инкассация қилиниши керак.

Ҳужжатда тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали биоактив қўшимчалар, дори-дармонлар ва тиббиётга дохил буюмларни сотиш маън қилиниши айтилади.

Шунингдек, тармоқли ташкилотларга 18 ёшга етмаган шахсларни ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувларини сотувчи агент сифатида ишга жалб қилиш таъқиқланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Oriflame, Herbalife, Mary Kay, Vision, Faberlic, Avon каби ўндан зиёд ширкат тармоқли маркетинг билан шуғулланади.

Уч йилдан буён Herbalife товарларини сотиш билан шуғулланувчи тошкентлик Нигора опа ҳукуматнинг янги талабларини бажаришга тайёрлигигини айтади.

Суҳбатни тўлиқ ҳолатда қуйида тинглашингиз мумкин:




Ҳукуматнинг янги қарорида кўрсатилишича, сотувчи агентга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида якка тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солинади.

Қарорда “Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, шунингдек, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мақсади ва (ёки) натижаси “молиявий пирамидалар” яратиш, паст сифатли товарларни сотиш ва пировард натижада аҳоли ҳисобидан ноқонуний бойиш ҳисобланган “тармоқли маркетинг” шаклидаги фаолиятни ноқонуний амалга ошириш билан боғлиқ салбий оқибатлар тўғрисида аҳоли орасида, биринчи навбатда ёшлар орасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар комплекси тасдиқланиши” лозимлиги қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG