Линклар

Тожикистонда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани ортидан мамлакат мактабларида ўқиш тўхтатилди.

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази маълумотларига кўра, сўнгги икки кун давомида республикада ҳаво ҳарорати – 14, баъзи жойларда ҳатто - 20 даражагача совиб кетди.

Ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли Тожикистон Таълим вазирлиги 6 феврал куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, республика барча мактабларида вақтинча таътил эълон қилишга мажбур бўлди.

- Ўқувчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вазирлигимиз 6 февралдан 10 февралгача таътил эълон қилди, - деди Таълим вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Сиддиқ Муборак.

Расмийнинг айтишича, 10 февралдан кейин ҳам ҳаво совуқлигича қолса, мактабларда таътил муддати узайтирилиши мумкин.

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази қалин қор ёғиши ва йўлларнинг музлаши, республикада совуқ ҳаво сўнгги бир ҳафта давомида сақланиб қолиши борасида олдинроқ огоҳлантирганди.

Тожикистонлик ўқувчилар бундан бир ҳафта аввал қишки каникулдан сўнг мактабларига қайтган эди.

- Ҳаво совуқ, транспорт йўқ. Мактабга боргунча киприкларимиз музлаб қолаяпти совуқдан. Ерлар музлаган, юриш қийин, ҳамма йиқилаяпти, - дейди Душанбе шаҳридаги 81-ўрта мактаб ўқувчиси Рушана Насимова.

Тожикистон аҳолисининг аксарият қисми йилнинг олти ойи давомида электр таъминотидан узилиб қолади. Электрдаги узилишлар ва шаҳардаги иситиш тизимларининг умуман ишламаслиги сабабли республика чекка қишлоқлари қатори пойтахт яқинидаги мактабларнинг айримларида ҳам бобомерос печка ёқилади. Ўтинни эса ўқувчилар уйларидан ташиши айтилади.

- Ҳар кун уйдан тезак, ўтин берамиз. Болалар сумка билан бирга яна целофанга ўзи учун ўтин, тезак олиб боради. Мактабларнинг ўзида ҳам кўмир, ўтин бор бўлса керак, лекин еткиза олмаяпти шекилли, биздан ёрдам сўрашади, - дейди исми сир қолишини сўраган душанбелик онахон.

Мустақил таҳлилчиларнинг айтишича, давлат раҳбари маҳаллий ҳокимият масъулларига қишга жиддий тайёргарлик кўриш борасида топшириқ бераётгани қарамай, ҳар йили айни қиш қаҳратонида аҳолига транспорт, коммунал ва бошқа шу каби хизмат кўрсатиш ёмонлигича қолмоқда.

- Қишга тайёргарлик август, сентябр ойларида кўрилиши лозим эди. Бугун Таълим вазирлигининг ночорликдан қабул қилган қарори ўқувчиларнинг саводхонлигига салбий таъсир кўрсатади. Яъни педагогик, психологик ва биологик жиҳатдан салбий таъсир кўрсатади. Болаларни сарсон қилиб қўяди, - дейди мустақил таҳлилчи Мўминов.

Тожикистонда айни шундай совуқ ҳаво 2008 йил қишида ҳам қайдга олинганди.

Сўнгги 25 йил ичида кузатилган ўша қаҳратонда республика туғруқхоналарида юзга яқин чақолоқ музлаб ўлгани хабар қилинганди. Ўшанда ҳам Тожикистонда таълим муассасаларида ўқиш жараёни вақтинча тўхтатилган эди.
XS
SM
MD
LG