Линклар

Ўзбекистон янги тарихини энди бошқалар ëзади

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейинги тарих ҳақидаги қўлланма асарлар муаллифи яна президент Ислом Каримовнинг ўзи.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейинги тарих ҳақидаги қўлланма асарлар муаллифи яна президент Ислом Каримовнинг ўзи.

Ўзбекистон президенти қабул қилган қарорга биноан Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Янги тарих маркази тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши тузиладиган бўлди.


Янги тузилма, ҳужжатга биноан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида фаолият юритади.

Президент қарорида айтилишича, Энг янги тарих бўйича жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси “Ўзбекистоннинг энг янги тарихини дунё тамаддуни тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк тарихий ва маданий меросга эга ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир томонлама ёндошув ва қотиб қолган қарашлардан холи тарзда тарихийлик ва объективлик принципларига асосланиб тизимли ўрганишни ташкил қилишдир”.

Янги тузилмага юклатилган вазифани Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Янги тарих маркази бажара олмай қолдими?

Балки Марказ ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариб бўлгандир?

Бу саволларни ҳали фаолиятини тўхтатиб улгурмаган Марказ раҳбариятига бермоқчи бўлдик.

Марказнинг масъул вакили жавобни қисқа қилди:

- Қарор чиққан. Шунга сайтларда ҳам бор. Аниқ ҳаммаси тушунтириб берилган, деди марказнинг масъул вакили.

Янги тарих маркази тугатилиб, Энг янги тарих бўйича жамоатчилик кенгашининг тузилиши сабаблари тўғрисида тарих фанлари доктори Рустам Шамсиддиновдан сўрадик.

У киши Янги тарих маркази шу пайтгача олиб борган фаолият тўғрисида гапирар экан, жумладан, бундай деди:

- Бу ерда монографик тадқиқотлар, бошқа нарсалар қилиш билан банд бўлган. Улар ҳали Ўзбекистон тарихидан дарслик ëзмаган. Асосан уларнинг нимаси мустақилликдан кейинги Ўзбекистон тарихини ëзиш билан банд бўлган. Лекин Ўзбекистоннинг янги тарихий маркази дастлабки вақтларда жуда сермазмун, кенг қамровли фаолият кўрсатган. Кейинги вақтларда менинг наздимда у ўзининг номига, ўзининг функционал вазифасидан анча четлашиб қолди. Шу боис президент фармони жуда тўғри бўлган бўлиши керак, дейди тарих фанлари доктори Рустам Шамсиддинов.

Тарих фанлари доктори Рустам Шамсиддиновдан янги тузилма тўғрисида ҳам сўрадик.

- Бу кенгаш ниҳоятда тўғри тузилган. Ҳозиргача олий таълим тизимида Ўзбекистон тарихидан ўқитиладиган фанлар бўйича дарслик қўлланмаларни ëзишга ҳар хил муаллифлар академия тизимида ишлаëтган, умуман олий таълимдан сал йироқлашган олий таълимга у қадар профессионал тайëргарлиги бўлмаган одамлар дарслик қўлланмалари ëзиб юриш билан банд бўлган эди. Масалан шу пайтгача тарих факултети ўқув дастурига мувофиқ дарслик деярли йўқ даражада. Бор, биз энди ëзганмиз. Масалан 2010 йилда Ватан тарихи деган уч жилдлик китоб чиқардик. У ўқув қўлланма сифатида тарих факултетлари учун. Олий таълим вазирлигида шундай кенгашнинг ташкил этилиши олий таълимда ишлаëтган, шу фанни яхши билган, ўқитиш жараëнида бу нарсанинг камчиликларини, кемтик томонларини биладиган одамлар бўлиб қолса, ўша талабаларнинг эҳтиëж нимасидан келиб чиқиб, менимча, яхши ўқув қўлланмалар, дарсликлар ëзиш мумкин, деди Рустам Шамсиддинов.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши зиммасига тарих фанлари доктори айтаётган вазифалардан ташқари, президент қарорига кўра яна бир вазифа – Ўзбекистон тарихи бўйича чет элларда чиқадиган адабиётларни мониторинг қилиш вазифаси ҳам юклатилган.

Ҳар ҳолда президент қарорида мана бу сатрлар бор: янги тузилма “замонавий хорижий илмий ва ўқув адабиётларида Ўзбекистон тарихини сохталаштириш ва бузиб кўрсатиш фактларини аниқлаш” билан шуғулланиши керак.

Президент қароридаги яна бир гап ҳам эътиборга молик.

Унда айтилишича, Энг янги тарих бўйича жамоатчилик кенгаши “Ўзбекистоннинг тарихи ҳамда бугуни, унинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиёти тўғрисида халқаро жамоатчиликка объектив информация етказиш билан шуғулланиши керак”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG