Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:01

Диккенс туғилган кундаги мутолаа


45 ëшли ўзбек ëзувчиси Исажон Султон ëзган ҳикоя Чикагодаги адабиëт совринига лойиқ топилди.

Кўлмакдаги тилла балиқ

Ўзбек ëзувчиси Исажон Султонинг АҚШда адабий мукофот олган "Қисмат" ҳикоясини сешанба куни иш орасида ўқиб чиқдим.

Бу китобни ўқиëтиб, янгиликлар лентасида ëзувчи Чарлз Диккенс туғилганига 200 йил тўлганини кўриб қолдим.

Диккенс асарлари викториян даврида миллат тафаккури учун хитоб бўлган эди.

Диккенс китобини ўқиган инглизлар тобутсозлар зулмидан зада бўлган болаларга ичи ачиб¸ чандон мутаассир бўлган эди.

Ўзбек ëзувчиси Исажон Султоннинг "Қисмат" ҳикоясига қайтсак.

Аввалига зерикарли ва анъанавий туюлган бу ҳикоя¸ бутун бир ўзбек миллатининг қисмати борасида ишоратдай туюлди.

Бу ҳикоя бир қашшоқ ўзбек оиласининг сўнгги 90 йил ичидаги тақдир занжирларидан иборат.

Ҳикоя қаҳрамонларидан бири ўлиб кетган ота. У отасини намоз ўқигани учун ҳаммани кўз олдида тутиб олиб урган.

Отасини уриб кўзини кўр қилгани учун қарғиш олган¸ эккани унмайдиган бахил ва бағритош золим.

Ҳикоянинг яна бир қаҳрамони кўзи кўр бева аëл.

Умри бўйи эридан калтак еб, хор- зор бўлган бир муштипар.

Кичик ўғил. Зовурда тилла балиқ кўриб суюнган бир орзуманд.

Ўртанча ўғил¸ отасининг руҳи балиқ ичига кириб келганига ишонган соддадил.

Катта ўғил. Отасидан калтак еб зада бўлган ва отасини балиқ каби дўзахда қовурулишини истаган жабрдийда қасоскор.

Ҳикоядаги тилла балиқ эса бир вақтнинг ўзида армонга айланган орзу¸ зулмга қарши қасос ва кўз очилиши учун дармон дори образида намоён бўлади.

Бу ҳикоя Айтматовнинг "Оқ кема" қиссасига ҳам¸ АҚШ ëзувчиси О’ Генри ҳикояларига ҳам менгзайди.

Ҳикоянинг постмодерн ëзилиш услуби эса турк ëзувчиси Ўрхон Помуқнинг “Менинг исмим қирмизи” романидаги ëзилиш услубини эсга солади.

Мутолаа пайтида ҳикоянинг услубидан кўра ички руҳи кучлироқ кўринди.

Ҳикоя бугунги ўзбек адабиëти учун янгилик бўлган аксил тоталитаризм руҳига йўғрилганини кўрамиз.

Отасини калтаклаб кўр қилган¸ хотини ва болаларини хўрлаб, қашшоқликка мубтало қилган ота ҳикоядаги бир балиқ образига кириб, қозонда обдон қовурилади.

Золим мазлумнинг ошқозонидан ўрин олади.

Янги Зеландия аборигенлари ўз душманларини ўлдириб, гўштини ейишгани каби бир манзара.

Мазлумнинг золимдан қасос қолиши каби абадий орзу бу ҳикояда ижобат бўлади.

Ҳикоядаги ўғил монологи¸ Ойбекнинг "Қутлуғ қон"романида қотилдан қасос олган Ëрмат монологига ўхшайди.

"…Ана энди қозонда жизиллаб куйяпсан, ота. Дўзахда шунақа куйишингни орзу қилган эдим. Худои таоло шунга белги қилиб сени жўнатди, жўнатгандаям оловда қовуриладиган қилиб жўнатди.

Энамни урганларингда қўлингга ёпишганларим эсингдами? Мана сенга! Жизилла, жизиллайвер!

Ичиб келиб, ҳаммани тумтарақай қилганларингда-чи? Менга кетмон отганингда елкамни ўпириб юборувдинг, изи ҳалиям бор, ҳалиям қони силқиб турипти, елкамда эмас, ичкарида, юрагимда!.."

Ҳикоя қаҳрамони мурод мақсадига етади.

Мурод мақсадга етишиш учун эса кўлмакдаги тилла балиқни қовуриш лозим.

Бундан олдин эса золим шуурида ўзгариш юз беришини кутиш керак.

Ҳикояда ўзгариш бирдан юз бериши айтилади.

"Ўзгариш тўсатдан рўй берди. Осмон ёрилди... йўқ, аввал шамол эсди, попилтириқлар ҳамма ёқни тутди, кейин қамишлар синди, илдизидан суўурилиб учиб кета бошлади....."

Пировардида барчани даҳшатга солган золим тилсиз махлуққа айланади.
XS
SM
MD
LG