Линклар

logo-print

Баҳс иштирокчилари Авлиё Валентин - севишганлар кунининг Ўзбекистонда ҳам байрам қилиниши шартлиги ва шарт эмаслиги ҳақида тортишади.

Ўзбекистонда 14 феврал - “Севишганлар куни”га бағишланган концертлар бекор қилиниб¸ ўрнига мумтоз шоир Бобур таваллуд кунига аталган шеърият кечалари ўтказиладиган бўлди.

Ҳар йили бу кунда "Истиқлол" саройида катта томоша берадиган эстрада хонандаси Райҳоннинг концерти ҳам бошқа кунга қолдирилди.

Ўзбекистонлик ёшлар одатда ҳар йили 14 февралда бир-бирларини бу кун билан табриклайди, совға-саломлар улашади.

Бироқ бу куннинг ўзбекларга хос эмаслигини айтиб, "Севишганлар куни" насронийлардан қолган байрам эканлигини таъкидловчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Бугунги "Баҳс майдони"да блоггер Бухоро қизи ва марғилонлик Зикриллохон "Ўзбекистонда "Севишганлар куни" байрам қилиниши керакми ёки йўқ", мавзусида баҳслашади:

Бухоро қизи: Мен севишганлар куни нишонланиши керак, деб ўйлайман. Мен буни диний байрам деб ҳисобламайман....

Зикриллохон: Бу ўзбекчиликка тўғри келмайди. Қиз билан бола севишиб, кўришиб, бир-бирига совға бериши бу умуман бўлмаган иш....

Бухоро қизи: Нега энди, Ўзбекистонда ҳозир ёшлар асосан севишиб турмуш қуришяпти. буни тўйларда ҳам кўряпман. Ҳозир ота-онаси топган қизга уйланадиган йигитлар жуда саноқли қолган. Севишганлар қадимда ҳам бўлган ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади...

Зикриллохон: Ҳой, Бухоро қизи, сиз буни оқибатини биласизми, тўйдан уч ой олдин севишиб юрганларни оқибатини биласизми?

Бухоро қизи: Сиз нимани назарда тутяпсиз, севишиб юргани дегани, бу зино қилгани дегани эмасу...

Зикриллохон: Мен сизга яқинда Фарғонада бўлган бир воқеани айтиб бераман. Бизда бир йигит билан бир қиз тўйдан олдин сиз айтгандай севишиб юрди. Бироқ тўйдан олдин у қиз ҳомиладор бўлиб қолди. Йигит эса бу бола мендан эмас деб туриб олди...

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:



Авлиё Валентин куни ҳар йили насроний оламида нишонланадиган кун. 269 йилнинг 14 февралида Рим императори Клавдий II руҳоний Валентинни севишган ёшларни яширин никоҳлаб қўйгани учун қатл эттиради.

Буюк Британия ва Франциянинг ўрта асрдаги тарихида Авлиё Валентин ҳақида афсоанлар пайдо бўла бошлади. Шундай афсоналардан бирида айтилишича, Рим императори Клавдий II жангда яхши жанг қилади, деган фикрда аскарларининг уйланишини таъқиқлаган. Руҳоний Валентин эса шундай ошиқ-маъшуқларни яширин тарзда никоҳлаб қўйган. Бу ишлардан воқиф бўлган император уни ўлимга ҳукм қилиб, зиндонга ташлаган.

Афсоналарда айтилишича, руҳоний Валентин қамоқхона бошлиғининг қизини севиб қолган ва ўлими олдидан у қизга "валентинка"- мактуб ёзган.

Насроний динидаги ёшлар ўша кундан бошлаб, руҳонийни Авлиё валентин деб атаб, у қатл этилган кунни севишганлар куни сифатида нишонлаб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG