Линклар

logo-print

Икки кунлик ташриф билан Германияга борган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев канцлер Ангела Меркел билан музокаралар олиб бормоқда.

Музокаралар натижасида Қозоғистон ва Германия ҳукуматлари ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш ҳақида қиймати икки миллиард АҚШ долларидан кўпроқ бўлган шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

7 феврал куни Берлин марказидаги ҳукумат биноси олдига Назарбоев кортежи етиб келган пайтда германиялик фаоллар Манғистау вилоятидаги қонли воқеаларнинг адолатли текширилиши ва мухолифатга нисбатан тазйиқ-таъқибларни бас қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши уюштирдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 16-17 декабр кунлари Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида, асосан, Жанаўзен шаҳрида оммавий тартибсизликлар рўй берганди ва ўша воқеалар сабабли камида 17 киши ҳалок бўлганди. Бу воқеага алоқадор кўрилган маҳаллий фаоллар ва мухолифатчилар шу кунда ҳам тергов қилинмоқда. Шунингдек, бу воқеалар чоғида хизмат ваколатларидан четга чиққан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва расмийлар ҳам терговга жалб қилинган.

Қозоғистон президенти Жанаўзен воқеаларидан сўнг илк бор хорижга сафар қилмоқда. Берлиндаги ҳукумат биноси олдида уни фақат қозоқ расмийларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлган германиялик фаолларгина эмас, балки Назарбоев сиёсатини ёқловчи бир гуруҳ кишилар ҳам олқишлар билан кутиб олди.

Бугун германиялик тадбиркорлар билан учрашган президент Назарбоев иқтисодий интеграция масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан, у йиғилганларни Қозоғистон аъзо бўлган Божхона иттифоқи Совет Иттифоқини тиклашга уриниш эмаслигига астойдил ишонтирмоқчи бўлди.

- Биз журналистларнинг “яна Совет Иттифоқини қуришга ҳаракат қилаяптилар, ҳаммани битта қанот остига тўплаяптилар” деб ёзаётганларини эшитиб турибмиз. Буларнинг ҳаммаси асоссиз қўрқув ҳосиласи. Совет Иттифоқини қайта тиклаш ҳақида ҳозир фақат ақлдан озган кишигина гапириши мумкин, бунинг учун коммунистик партияни, госпланни ва бошқа атрибутларни тиклаш керак. Бунинг эса имкони йўқ. Аммо божхона чегараларини олиб ташлаганимиздан кейинги иқтисодий интеграция ҳаммамиз учун фойдалидир, - деди Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти Берлинда бўлиб турган пайтда ҳозир ҳибсда сақланаётган мухолифатчи Владимир Козлов ва “Взгляд” газетаси муҳаррири Игор Винявскийнинг рафиқалари ҳам Германияга келдилар.

Алия Турусбекова ва Лана Винявская кеча Бундестаг депутатларига турмуш ўртоқларининг жаҳон ҳамжамиятига мурожаатномасини топширдилар. Мазкур мурожаатномада ҳибсга олинган мухолифатчилар Қозоғистондаги сиёсий қатағонлар ҳақида билдирадилар ва Европа давлатлари ҳукуматларининг Нурсултон Назарбоев билан ҳамкорлик қилаётганларини қоралайдилар.

“Балки Назарбоев билан ўйнашишни бас қилиш вақти келгандир? У фақат ултиматумнинг ўткир тилинигина тушунади. У ва унинг ён-атрофидаги кишиларга қарши санкциялар жорий этинг, у ва атрофидагиларга Европа Иттифоқига кириш эшикларини ёпиб қўйинг. Бунинг эвазига ундан сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини ҳамда Жанаўзендаги воқеаларнинг мустақил ташкилотлар ва мустақил матбуот томонидан текширилишини талаб қилинг”, дейилади Игор Винявский баёнотида.

Рўйхатга олинмаган “Алға” мухолифат партияси лидери Владимир Козлов ва “Взгляд” газетаси муҳаррири Игор Винявский Жанаўзендаги воқеаларга алоқадорликда гумонланиб шу йилнинг 23 январ куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG