Линклар

Тожик расмийлари қамоқхоналарни зиёрат этади

  • Гулнора Равшан

Душанбе марказий қамоқхонаси аристонлари.

Душанбе марказий қамоқхонаси аристонлари.

Тожикистон ҳукумат комиссияси мамлакат қамоқхоналарининг ижтимоий ва иқтисодий вазияти ҳамда маҳбусларнинг қийноқлар қўлланилаётганига оид шикоятлари билан яқиндан танишишга киришди.

Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси масъуллари хабар берди.

- Президент ижроия девони, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Омбудсмен ва яна давлатнинг бир нечта тегишли идоралари вакилларидан иборат бу комиссия жазони ўташ муассасаларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганади. Мазкур комиссия хулосасидан келиб чиққан ҳолда қамоқхоналар бюджети қайта кўриб чиқилади, дея билдирар экан республика қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси вакиласи Парвин Ализода мазкур комиссия халқаро ташкилотлар тавсияси асосида ташкил этилганига оид олдинроқ тарқалган маълумотларни инкор қилди.

Ализода хоним мамлакат қамоқхоналаридаги бугунги вазиятни ижобий баҳолади.

Парвин Ализода ҳукумат комиссияси халқаро ташкилотларга аввалроқ шикоят аризалари йўллаган маҳбуслар билан ҳам мулоқот қилишини очиқлади.

Ҳукумат комиссияси ўз ишини 8 феврал куни эрталаб Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонадан бошлагани айтилди. Бу қамоқхонада, тасдиқланган маълумотларга кўра, кўпроқ мухолифат собиқ аъзолари ва Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб қамалган маҳбуслар сақланади. Садриддин Тошев улардан биридир.

Оқловчиси Бузургмеҳр Тошевнинг Озодликка маълум қилишича, Тошев 2011 йил эълон қилинган “Авф тўғрисида”ги қонун асосида озодликка чиқиши керак эди. Аммо, оқловчининг айтишича, Садриддин Тошев ишидаги айрим чигалликлар боис у ҳамон қамоқхонада қолмоқда.

Ўтган йил сўнгида Садриддин Тошев оқловчиси орқали БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ариза ёзган эди.

Тожикистон қамоқхоналаридаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни мунтазам кузатиб бораётган бир қатор халқаро ташкилотлар қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилаётганидан ташвиш билдириб келади.

Жумладан, Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган йил сентябрида эълон қилган ҳисоботида, хусусан, диний экстримизм ва терроризмда айбланиб қамалаётган маҳбуслар дастлабки тергов жараёни ва жазони ўташ муассасаларида қийноққа солинаётганидан бонг урган эди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Комёб Жалилов мулоҳазасича, ҳукумат комиссияси халқаро ташкилотлар томонидан баён қилинаётган ана шу маълумотларни ҳам ўрганиши эътимолдан йироқмас.

- Аввалги йиллар ҳам маҳбусларнинг шикоятлари, эътирозлари жамиятга эшиттирилган. Лекин шу кунгача маҳбуслар ҳолини хабар оладиган комиссия тузилмаганди. Бугун ҳукумат ўз гуруҳини қамоқхоналарга юборар экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ҳам эътибордан соқит қилмаслигига ишонаман, - дейди Стратегик тадқиқотлар таҳлилчиси Жалилов.

Ўтган йили ёзида Тожикистон расмийлари қамоқхоналарда қийноқ қўлланиши ва маҳкумлар шароитининг халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига оид гумонларга ўрин қолдирмаслик мақсадида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига мамлакат қамоқхоналарига кириш учун расман рухсат берган эди.

Ўшанда ҳам таҳлилчилар Қизил Хоч қўмитаси вакилларининг қамоқхоналарга кириб бориши маҳкумлар аҳволини бир қадар бўлса-да, яхшиланишига таъсир қилиши мумкинлигини башорат қилганди.

Бироқ ўтган шу вақт ичида Қизил Хоч қўмитаси вакиллари қандай натижаларга эришгани ҳозирча тожик жамияти учун қоронғулигича қолмоқда.

Республика жазони ўташ муассасалари ҳукумат гуруҳи томонидан ўрганилаётган айни кезда Озодлик радиосининг Душанбедаги бюроси Қўрғонтепа шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган бир гуруҳ маҳбуслардан СМС шикоят олди.

Маҳбуслар қамоқхонадаги чидаб бўлмас совуқ, маҳбусларга берилаётган озиқ-овқатларнинг сифатсизлиги ва қамоқхона ходимларининг ўзларига нисбатан ёмон муносабати ҳақида ёзган.

“Бу қамоқхонада биз ё совуқдан ёки муҳлати ўтган консерваларни истеъмол қилишдан ўламиз”, деб ёзади Қўрғонтепа шаҳридаги қамоқхона маҳбуслари.
XS
SM
MD
LG