Линклар

"Единая Россия" пул ваъдасини инкор этмоқда


Путин "тарафдорлари" Поклонная горада.

Путин "тарафдорлари" Поклонная горада.

"Единая Россия" партияси 4 феврал куни Владимир Путин тарафдорларининг Поклонная горадаги намойишига одамлар маъмурий босим ва пул ваъдаси билан чиқарилганини инкор қилмоқда.

Аммо Озодликка боғланаëтган россияликлар бунинг тескарисини айтмоқдалар.

7 феврал куни Озодликнинг Москва бюросига сим қоққан одам¸ ўзини “оммавий саҳналардаги актëрлар бўйича бригадир” Сергей Морозов деб таништирди.

У ўзи “Единая Россия” буюртмаси бўйича тўплаган одамлар 500 рубл учун Поклонная горага келгани¸ аммо улар ваъда қилинган пулни ола олмаганларини билдирди.

– 2 феврал куни менга “Единая Россия”да ишлайдиган Женя заказ берди. Мен 250 та одам олиб келишим керак эди. Ҳар бир қатнашчига 500 рублдан¸ бунинг устига бригадирлик хизмати. Митинг тугагач¸ фақат 85 одамга пул беришди¸ 160 одам хизмати учун ҳақ ололмади. Бу “Единая Россия” хатоси. Ўртада воситачилар кўпайиб кетган. Билишимча¸ аслида ҳар бир қатнашчига 1500 рублдан ваъда қилинган. Аммо меникиларга 500 рубл тўлашди. Афтидан “Единая Россия” ўз сайловчиларга ноҳалол муносабат қилмоқда¸ дейди 250 одамни пул ваъда қилиб Путин тарафдорлари митингига олиб чиққан Сергей Морозов.

Унга кўра¸ митинг тугагач “Единая Россия”даги буюртмачиларга чиқишнинг иложи бўлмаган. Ҳозирда партия бундай воқеа бўлганини қатъиян рад қилмоқда¸ Сергейга ўхшаган бригадирларда эса¸ ўз даъволарини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат-далиллари йўқ.

– Ҳаммаси сўзда келишилган¸ табиийки¸ ҳеч қандай ëзма шартнома йўқ. Биз Москва прокуратурасига мурожаат қилдик¸ аммо улар ëзма далил йўқлиги боис¸ аризамизни кўриб чиқишни рад қилишди¸ деб қўшимча қилади Сергей Морозов.



“Единая Россия” партиясидагилар одамларни пул эвазига Путинни қўллаш учун уюштирилган митингга олиб чиқиш ҳолларини қатъиян рад этишда давом этмоқда.

Партиянинг Москва бўлими матбуот хизмати раиси Наталья Бурцева гапиради:

– Буларнинг ҳаммаси фитна. На партия ва на партиянинг қандайдир тизимлари на оғзаки ва на ëзма равишда бировни мажбуран митингга келиш ҳақида келишув тузгани йўқ . Бор гап¸ митинг бўлишини билганимиз учун унда қатнашишни хоҳлаганларни таклиф қилдик. Истаганлар келди¸ бўлгани шу. Қолган гапнинг бари миш-миш ва тўқима. Ҳар гал сайловолди кампанияси даврида бундай воқеалар бўлади ва биз бундай нарсаларга тайëрмиз. Расман сизга ҳеч кимни митингга чиқишга мажбурламаганимиз ва одамларнинг Поклонная горага ўз ихтиëри билан келганини айтишим мумкин¸ деди Озодлик мухбири билан суҳбатда “Единая Россия” партиясининг Москва бўлими матбуот котиби Бурцева.

Айни пайтда¸ Москвадаги ўқитувчилар учун очилган ишонч телефонларини ўрганиб чиққан Жамоатчилик палатаси 200 га яқин ўқитувчидан Поклонная горадаги путинчилар митингига чиқиш учун босим ўтказилганига оид шикоят тушганини билдирди.

Қайсидир ўқитувчига митингга чиқмаса ишдан ҳайдалишидан таҳдид қилинган бўлса¸ бошқаларига митингга чиққани учун дам олиш куни ëзилиши ҳақида ваъда берилган.

Айни пайтда¸ Жамоатчилик палатасига кўра¸ бюджет ташкилотларида ишловчи бошқа ходимлардан ҳам айни шу мазмундаги шикоятлар тушган.

МосЭнерго ширкати ходимаси Елена ҳам ўзининг 4 феврал куни Поклонная горага маъмурий босим остида чиққанини айтади.

– Бизга фалон куни фалон соатда фалон жойга тўпландида қатнашиш учун келиш ҳақида буйруқ берилди. Айтилган пайт айтилган жойга келдик ва бизни рўйхатга олишди. Сўнгга бизни автобусларга солиб¸ митингга олиб боришди. Ҳеч қандай таҳдид бўлмади¸ аммо келишнинг мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Митингга келганлик учун икки кун дам олиш берилиши ҳақида норасмий ваъдалар бўлди¸ дейди Озодлик мухбирига Елена.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра¸ 4 феврал куни Путин тарафдорларининг Поклонная горада ўтказган намойишида 140 минг одам иштирок этган.
XS
SM
MD
LG