Линклар

Россияда “Муҳташам юз йил” сериали тўхтатилди


"Муҳташам юз йил" сериалидан саҳна.

"Муҳташам юз йил" сериалидан саҳна.

Ўзбек уй бекалари ҳам икки ҳафтадан бери томоша қилаëтган турк султони ҳарамининг икир-чикирларига оид сериалнинг тўхтаб қолгани эътирозларга сабаб бўлди.


Турк султони Сулаймон ҳақидаги сериални ўзбек томошабинлари Россиянинг «Домашний» канали орқали томоша қилишаëтган эди.
Turkey - screen shot from the website of Turkish film "Magnificent century", undated

Turkey - screen shot from the website of Turkish film "Magnificent century", undated



Филм давомининг дастур жадвалидан олиб қўйилишидан Озодлик билан суҳбатлашган ўзбек томошабинлари чуқур ташвиш билдиришди.

Филмнинг 12 сериясини ошиғич ҳавас билан кўрган Тошкентлик уй бекаси Инобат опа ана шундай мухлислардан бири:

- Жуда ўрганиб қолувдик. Ҳар куни сабрсизлик билан кутардик. Бу шунчаки кўнгилочар кино эмас¸ балки бизнинг тарих борасидаги тушунчаларимизни бойитадиган филм. Энди бу филмнинг давомини Интернет ëки бошқа воситалардан қидиришга тўғри келади. Чунки жуда ўрганиб қолдикки¸ нари¸ бериси йўқ¸ дейди тошкентлик Инобат опа.

Дунëнинг 60 мамлакатида бирданига намойиши бошланган 100 қисмлик “Муҳташам юз йил” тарихий сериали борасида зиддиятли фикрлар урчиган.

Султон Сулаймон

Султон Сулаймон

Филм намойишини тақиқлаган Россия мулозимлари назарида “сериал Усмонли султонлигини улуғлаб¸ Россиянинг тарихий ролини атайлаб камситган”.

Бу маълумотни келтирган "Хабертюрк" агентлиги ўз манбаларига таяниб сайлов арафасида Россияда Турк султонлиги улуғланган 100 қисмлик филм намойиши сиëсий об-ҳавога уйғун бўлмагани учун«Домашний» ТВ раҳбарияти намойишни тўхтатишга қарор қилганини таъкидлаган.

Айни пайтда «Домашний» ТВ сериал давомининг май ойида намойиш қилиниш эҳтимоли борлигини билдирган.

Марғилондан бориб Россияда ишлаëтган 35 яшар меҳнат муҳожири бу филмнинг ашаддий мухлисига айланганини айтади.

- Бу кинони тўхтаб қолгани жуда ëмон бўлди. Ўзи жуда ҳам ўрганиб қолган эканмиз. Фақат мен эмас¸ кўпчилик шундай фикрда¸ дейди Россиядаги сериал мухлиси.

Турк султони Сулаймон ва унинг украиналик соҳибжамол Роксоланага оташин муҳаббати ҳақидаги бу сериал Туркияда ҳам катта эътирозларга сабаб бўлди.

Туркия телерадиоэшиттиришлар олий кенгашига мамлакатдаги турли жамоат ташкилотлари¸ тарихчи ва оддий фуқаролардан бир миллионга яқин шикоят мактуби келгани ва уларда тарихий фактларнинг бузилганига эътироз билдирилгани айтилди.

Олий кенгаш бошлиғи Довут Дурсун бу юзадан матбуот анжумани ўтказиб¸ “Бадиий асардан тарихий аниқлик қидириш тўғри эмас” деб билдирди.

Сериал атрофидаги зиддият боис Туркиянинг Бурса шаҳрида “Янги медиа тизимида ҳуқуқ ва маъсулият” деган мавзуда симпозиум ташкил қилинди.

Симпозиумда сериал муаллифлари тарихчилар эътирозларига жавоб берар экан¸ “бу бир филмдир¸ ҳужжатли кино эмас”¸ деб таъкидлашди.

“Муҳташам аср” филми орасидаги баҳсга Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам қўшилди.

Эрдўғон филм ижодкорларини “Туркия тарихини ëшларга салбий тарзда тарғиб қилаëтганликда” айблади.

Филм Турк султони Сулаймон давридаги реал воқеаларга асосланган.

Сериалда Усмонли империясида энг кўп султонлик қилган Сулаймон I ҳаëти билан боғлиқ воқеалар тасвирланган.

1520 йилда султон Сулаймон Украинадан келтирилган канизак Роксоланага уйланади.

Пировардида исломни қабул қилиб Хуррам Хотун номини олган Роксолана султонликда ўз гизли иқтидорини ўрнатиб мамлакат бошқарувига фаол аралашди.

Сериал дунëнинг 60 тилида турли номларда тақдим қилинди. Филм Словакияда “Sultan”¸ Чехияда эса "Velké století" номи билан кўрсатилмоқда.

TIMS Productions ширкати продюссери Темур Совчи раҳбарлигида яратилган бу филм Лотин Америкаси¸ Франция¸ Италия¸ Германия телеканалларида мунтазам намойиш қилинмоқда.

Айни кунларда Туркияда сериалнинг 46-қисми намойиш этилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG