Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:29

Чирчиқда этник низо олди олинган


Чирчиқдаги тинчлик монументи.
Чирчиқдаги тинчлик монументи.

Аҳолининг ярмига яқинини этник қозоқлар ташкил этувчи Чирчиқдаги ўзбек ва қозоқ ëшлари ўртасидаги жанжалга мобил телефонлари орқали тарқалган қўшиқ баҳона бўлган.



Ўзбекистон махсус хизматларига яқин Uzmetronom.com Интернет газетасининг хабар беришича, Чирчиқда ўтган ой Интернет ва мобил телефонлари орқали қозоқларни таҳқирловчи қўшиқ тарқатила бошланган.

Озодлик ҳозирча на бу қўшиқ аудиоси ва на матнини қўлга киритди.

Бу қўшиқ тарқалиши ортидан икки ҳафта олдин шаҳарнинг баъзи жойларида бир неча ўнлаб ëшлар иштирокида муштлашувлар содир бўлган.

"Чирчиқда ҳар томондан 200 киши иштирокида йирик миллатлараро тўқнашуви кутилаётган эди. Аммо шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари таҳқиромуз қўшиқ муаллифлари ҳамда можаро ташаббускорлари шахсини аниқлагач, миллатлараро низоларни қўзғатиш ҳолати бўйича бир неча жиноий ишлар қўзғатилди, тергов олиб борилмоқда, айни пайтда шаҳарда вазият тинч", дея қайд этади Uzmetronom.com.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасига кўра, бу ерда гап икки ҳафта олдин Чирчиқда рўй маиший низо ҳақида бормоқда.

- Бу ерда алоҳида ташвишга сабаб бўладиган бир муаммо йўқ. Ёшлар ўртасида ўзаро тушунмовчилик бўлган афтидан. Орадан ярим ой ўтди, ҳозир вазият жойига тушди, маҳаллий ҳокимият идоралари тарафидан вақтида чора кўрилди, ҳозир вазият тинчиган. Бу ерда зиддият маиший негизда келиб чиққан, қолаверса жанжал иштирокчиларининг бари бир шаҳарда яшайдиган, бирга ўқийдиган Ўзбекистон фуқаролари бўлишган. Буни этник низо дейишга ҳея бир асос йўқ, деди ўз исмини айтмаган қозоқ дипломати.

Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси вакиллари эса низо келиб чиққанини мутлақо рад этишди.

- Энди кўпмиллатчилик тўғри бу ерда, кўпмиллатчилик халқмизу, лекин ҳаммаси тинчлик тотувликда, дўстона муносабатлар билан яшаб келяпмиз. Бунақа низо келиб чиққанини эшитмадик, Худо хоҳласа бўлмаса ҳам керак. Айтилаётганидек катта низо келиб чиққан бўлса¸ биз бундан хабар топган бўлар эдик, деди Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган вакили.

Пойтахт Тошкентдан 30 чақирим узоқликда жойлашган Чирчиқда 150 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 40 фоизини этник қозоқлар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG