Линклар

Шимолий таъминот учун АҚШ 500 миллион доллар тўламоқда


АҚШ учун энг тез ва арзон бўлган Покистон йўли ҳозирда ëпилганича қолмоқда.

АҚШ учун энг тез ва арзон бўлган Покистон йўли ҳозирда ëпилганича қолмоқда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги ҳарбийлари учун зарур таъминот молларини ўз ҳудуди орқали ўтказишга рухсат бергани учун Марказий Осиë ҳукуматларига йилига 500 миллион доллар тўламоқда.



Бу ҳақда EurasiaNet.org нашрига маълумот берган Пентагон расмийси¸ айни пайтда минтқадаги қайси ҳукуматнинг Шимолий таъминот тармоғидаги ўз иштироки учун қанча олаëтганини очиқламади.

Шимолий таъминот тармоғидан ўтаëтган ҳар бир контейнер юк учун тўланадиган тижорий транзит нархидан ташқари¸ Марказий Осиë давлатлари ўз темир йўл инфраструктурасини такомиллаштириш учун¸ деган асосда АҚШдан қўшимча транзит ҳақи ҳам талаб қилди ва умумий йиллик ҳақ Вашингтон учун йилига ярим миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда¸ деб хабар берган бу нашрга Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Bill Speaks.

“Биз бу сумманинг алоҳида давлатга қандай бўлинишини ошкор қилмаймиз. Аммо Шимолий таъминот тармоғидан Марказий Осиë ҳукуматлари йилига 500 миллион долларлик транзит ҳақи олаëтганини айта оламиз”¸ деган Пентагон матбуот котиби.

Покистон орқали ўтувчи Жанубий таъминот тармоғига муқобил бўлган Шимолий таъминот тармоғи Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Бу йўналиш орқали асосан Афғонистондаги АҚШ ва НАТО ҳарбийларига ноҳарбий таъминот моллари етказиб берилаëтгани айтилади.

Бу йўналишга қўшилган ҳукуматлар транзит ҳақи олаëтган бир пайтда¸ ўнлаб тижорий пудратчилар ҳам юк ташиш жараëнига аралашган ва бундан юзлаб миллион доллар фойда қилмоқда.

EurasiaNet.org нашри ўтказган текширув натижасида¸ Ўзбекистондан ўтадиган АҚШ ва НАТО юклари транзити билан асосан Каримовлар оиласи¸ хусусан Гулнора Каримовга алоқадор ширкатлар шуғулланаëтгани аниқланган эди.

Покистон ва АҚШ ўртасидаги сиëсий кескинлик кучайиб кетгани ортидан Исломобод Жанубий таъминот тармоғини ëпиб қўйди ва ҳозирда Шимолий таъминот тармоғи Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари учун қуруқлик орқали ўтувчи ягона таъминот йўли бўлиб қолмоқда ва баъзи манбаларга кўра¸ умумий таъминот юкларининг 90 фоизига қадар ҳозирда Шимолий таъминот тармоғи орқали ўтмоқда.

Латвия портларидан йўлга чиқадиган поездларнинг охирда барибир Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга кириши инобатга олинса¸ АҚШ тўлаëтган ярим миллиард долларлик транзит ҳақидан энг катта улушнинг Ўзбекистонга тегаëтгани англашилади.

“Шимолий таъминот тармоғи орқали ўтаëтган ҳар бир дона контейнер нархи тахминан 17,500 долларни ташкил этса¸ бу нарх Покистон орқали 7,200 доллардир. Айни пайтда¸ Шимолий таъминот тармоғи орқали ўтаëтган юклар нархи ҳам бир оз пасайди. 2009 йилда бир контейнер бу йўналиш орқали бизга 21 000 долларга тушаëтган эди”¸ дейди АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби EurasiaNet.org нашрига.

АҚШ ҳарбийларига яқин ахборот манбалари¸ Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ва НАТО ҳарбий техникасининг ўз ҳудуди орқали олиб чиқилишига ҳам рухсат бергани ва келишув шартларидан бирига кўра¸ бунинг эвазига Америка ҳарбий техникасининг бир қисми мамлакатда қолажаги ҳақида хабар тарқатган эди.

Аммо кўп ўтмай олиб ташланган бу маълумот ортидан Россия нашрлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондан чиқиб кетиши режаланган АҚШ етакчилигидаги НАТО ҳарбийлари ва ҳарбий техникасининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтишига рухсат берилмаганини ëзди. Ўз ҳудудидан ўтувчи катта миқдордаги қурол-аслаҳани назорат қилиш имконидан маҳрум Ўзбекистон ҳукуматини¸ "КоммерсантЪ" нашрига кўра¸ НАТО юклари орасида бўлиш эҳтимоли мавжуд наркотиклар¸ шунингдек қурол-яроғ бир қисмининг мамлакат ҳудудида қолиши чўчитган.

Ўзбекистон раддиясидан сўнг НАТО юкларини Афғонистондан учқичларда Россия ҳудудига олиб келиш¸ ундан эса темир йўл орқали Европага юбориш режаси тузилган.

Пентагон матбуот котибига кўра¸ ҳозирда АҚШ ва НАТО ҳарбий юклари транзити учун энг арзон йўналиш бўлган Покистон йўли очилиши устида Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги сиëсий музокаралар давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG