Линклар

Сешанба куни Денвер маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айбларини яна бир бор рад этди.

-Мени террорчи сифатида ушлашди, лекин Оллоҳ шоҳид мен ҳеч қачон бу ишни қилмаганман, - дея айтган Мухторов.

2007 йилда АҚШда бошпана топиб, Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасида яшаб келган 35 яшар Мухторов АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилот деб тан олган “Исломий Жиҳод Иттифоқи"га моддий ёрдам кўрсатишга уринишда айбламоқда.

Жамшид Мухторов ишини кўриб чиқаётган Колорадо штати Адлия бошқармаси вакили Жэфф Доршнернинг айтишича, қўлга киритилган далиллар ўзбек қочқинининг террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлганини кўрсатмоқда.

-Биз қўлга киритган далиллар Мухторовнинг Исломий жиҳод иттифоқига хайрихоҳ сифатида океаноша улар ёнига сафар қилиб, шу гуруҳ сафида жанг олиб боришга иштиёқи бўлганини кўрсатмоқда, - деди Доршнер.

Бироқ, Жамшид Мухторовнинг Қўшма Штатлар ҳудудида бирор ҳужумни режалаштирганига оид маълумот йўқ.

Мухторовнинг рафиқаси 7 феврал кунги маҳкама жараёнини кўзида милт-милт ёш билан кузатиб турди, дейди “Denver post” мухбири Фелиса Кардона.

Лекин, у эрига қўйилган айблов ҳусусида журналистларга гапиришни истамади.

Ўзбек қочқини устидан навбатдаги маҳкама келаси сешанба кунига белгиланди.

Жамшид Мухторов ўтган ой ўрталарида Чикагонинг О'Ҳари халқаро аэропортида Истанбулга кетаётган маҳал ҳибсга олинганди.

Ҳозирда у Энглевуд шаҳарчасидаги тергов изоляторида террорчиликка гумон қилинаётган шахс сифатида алоҳида камерада ҳибсда ушлаб турилибди.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар рафиқаси ва қизи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Айби исботлангани тақдирда Мухторов камида 15 йилга қамалиши мумкин.
XS
SM
MD
LG