Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:42

Олий суд Явлинский шикоятини қондирмади


Россия Олий суди Марказий сайлов комиссиясининг мухолифатчи Григорий Явлинскийни президентликка номзод сифатида рўйхатга олмаслик қарорини маъқуллади.


Россия Олий суди “Яблоко” партияси етакчиси Григорий Явлинскийнинг Марказий сайлов комиссияси қарори устидан берган шикоят аризаси қондирилмади – Явлинский Россия президенти сайловларида иштирок этишдан четлаштирилиши қонуний деб топилди.

Гап шундаки, Чуров бошчилигидаги сайлов комиссияси 4 мартга белгиланган Россия президенти сайловида қатнашиш учун Явлинский тарафдорлари тақдим этган имзоларнинг кўпчилиги яроқсиз бўлгани важидан уни рўйхатга олишдан бош тортган эди.

Олти соат давом этган суд маҳкамасида “Яблоко” партияси вакиллари Марказий сайлов комиссияси ноқонуний деб топган 137 минг имзони ҳақиқий эканлигини исботлашга уринди. Марказий сайлов идораси расмийси Дмитрий Воронин имзоларни текшириш жараёнида қўмитага тақдим этилган 137 минг имзо оригиналда эмас, балки фотонусха шаклида бўлганини маълум қилди.

- Бизнинг позициямиз суд жараёнида давомида овоза қилинди ва шундан иборатки, тақдим этилган маълумотларни биз ҳақиқий деб топмадик. Қонунда аниқ кўрсатилган: имзолар сайлов комиссиясига асл нусха топширилиши зарур, дея изоҳлади Дмитрий Воронин.

Явлинский вакиллари судда имзолар барча қоидаларга риоя қилинган ҳолда йиғилганини маълум қилишди. Уларга кўра, Россиянинг узоқ минтақаларидан вақт тежаш мақсадида айрим имзо варақаларининг ксерокопияси жўнатилган.

“Бироқ 12 кун давомида биз шу нусхаларнинг оригиналини кўрмадик”, дея эътироз билдирди Марказий сайлов комиссиясининг суддаги вакили Дмитрий Воронин.

Григорий Явлинский манфаатларини Олий судда ҳимоя қилган Борис Моисеев бунга жавобан шундан деди.

- Қисман асл нусхалар тақдимотдан кейинроқ бизга етиб келди. Вақтида етиб келганларини биз фотокопиялар ўрнига алмаштирдик, айрим ҳужжатлар, масалан Хабаровск ўлкасидан, 19 январ куни жўнатилган, мен уларни ҳозирча кўрганим йўқ, деди адвокат Борис Моисеев.

Томонлар мулоҳазаларини тинглаган ҳакам Николай Толчеев бу масала юзасидан Олий суд қарорини эълон қилди.

- Россия Марказий сайлов комиссияси қонунан 137 429 сайловчи имзосини, жами ноқонуний деб 153 938 та сайловчи имзосини ҳақиқий эмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Бу жами йиғилган имзоларнинг 25,6 фоизини ташкил этди, деди Россия президентлигига сайловлардан Григорий Явлинский четлаштирилишини қонуний деб топган судья Толчеев.

Явлинский чоршанба кунги қарор юзасидан Олий Суд Президиумига беш кун ичида шикоят қилиши мумкин ва “яблоко”чилар бу ҳуқуқларидан фойдаланиш ниятини билдирди.

Адвокат Борис Моисеев суднинг қароридан мутлақо норози эканини гапиради.

- Қарор сиёсий тусга эга. Мақсад - номзод Явлинскийни президент сайловларига яқинлаштирмаслик, деди Моисеев.

Россия президентлигига даъвогарлар 18 январгача уни қўллаб-қувватловчи камида 2 миллион сайловчининг имзосини олиб келиб топширишлари зарур эди. Белгиланган муддатнинг охирги кунида ўз овозларини Марказий сайлов комиссиясига бизнесмен Михаил Прохоров, “Яблоко” асосчиларидан бири Григорий Явлинский ва Иркутск губернатори Дмитрий Мезенцевлар топширган.

4 март кунги сайловда қатнашиш учун ҳозирда беш номзод – амалдаги Бош вазир Владимир Путин, "Справедливая Россия" етакчиси Сергей Миронов, Коммунистлар етакчиси Геннадий Зюганов, Либерал-демократлар раҳбари Владимир Жириновский ва миллиардер Михаил Прохоровлар рўйхатга олинди.

Айни пайтда, Россияда мухолиф кучлар 4 декабр сайловларини нолегитим, деб эълон қилди ва МСК раиси Владимир Чуров истеъфосини талаб қилишни давом этмоқда. "Другая Россия" ҳаракати намояндалари Марказий сайлов комиссияси биноси олдида ҳар ҳафта норозилик намойиши уюштиришни давом эттиришини эълон қилди. 7 феврал куни бўлиб ўтган пикетда 16 нафар мухолифатчи полиция томонидан ҳибсга олинди.

Григорий Явлинский 1996 ва 2000 йилда Россия президенти сайловларида иштирок этган.
XS
SM
MD
LG