Линклар

Ўзбекистонда Навоий таваллуд куни нишонланди

  • Садриддин Ашур

Алишер Навоий.

Алишер Навоий.

Навоий таваллудининг 571 йиллиги муносабати билан олий ўқув юртларида навоийхонлик кечалари ўтказилди, истироҳат боғларида тадбирлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳиндол Мадраимовнинг айтишича, ҳазрат Алишер Навоийнинг таваллуд куни республика бўйлаб кенг нишонланмоқда:

- Тошкентдаги катта театрларда Алишер Навоий ижодига бағишланган кечалар бўлиб ўтади. Бу кечаларда навоийшунос олимлар, шеърият ихлосмандалари қатнашадилар. Менга энг ёққан томони пойтахтдаги олий ўқув юртларида феврал ва март ойларида классик қўшиқчимиз Муножот Йўлчиева ҳазрат Навоий ижодига бағишлаб концерлар ўтказади. Бугун Тошкентдаги истироҳат боғларида ҳам бир қанча тадбирлар ташкил қилинган, дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳиндол Мадраимов.



ЎзА тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан мазкур санага бағишлаб 20 январдан 20 февралгача умумий ўрта таълим мактабларида "Буюк аждодларни ёд этиб..." мавзуида адабиёт байрамлари ўтказилади.

Филология фанлари доктори, навоийшунос олима Суйима Ғаниеванинг айтишича, Ўзбекистонда 1957 йилда буён Навоий ижодига бағишланган илмий конференция ўтказиб келинади. Олима ана шу конференцияларнинг ҳаммасини ёзиб келганини айтар экан, Навоий ижоди ҳақида тадқиқот олиб борган ўзбекистонлик ва хорижий олимларнинг илмий изланишлари бу йил алоҳида бир китоб ҳолида нашр этилганини таъкидлайди:

- Ўтган йил Навоий ҳазратларининг 570 йиллигига бағишлаб янги 10 томлик китоб нашр қилинди. Бир гуруҳ олимлар Навоийнинг қўлёзмаларни яна қайтадан қиёс қилиб, изоҳларни янада чуқурлаштириб қаттиқ меҳнат қилдилар. Бу китоб Навоий қалами остидан чиққандай тайёрланди, дейди навоийшунос олима.

Суйима Ғаниева китоб ададининг бор-йўғи минг дона эканлигидан таассуфда эканлигини айтади.

Яна бир навоийшунос олим, филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабековнинг айтишича, Навоийнинг минг ададда нашр этилган 10 томлик асарлари ҳатто мамлакатдаги мактабларга ҳам етмайди. Олим фикрича, сўнгги 20 йил ичида Навоий ижодига эътиборни йўқ деб бўлмайди:

- Менинг назаримда Навоий ижодига эътибор ёмон эмас, бироқ бунинг ҳаммаси оғизда бўлаётганга ўхшайди. Чунки, Навоий бошқа халқларда бўлганда унга бўлган муносабат жуда бошқача бўлган бўларди, деб ўйлайман. Навоийнинг байрами мен Навоийни биламан, ўқиганман деган одамларнинг байрами эса, балки бутун миллатнинг байрами бўлиши керак. Бироқ, ҳозир мактаб ўқувчиларининг аксарияти Навоийдан тўрт қатор шеър ҳам айтиб беролмайди. Навоий китобини минг нусхада чиқариш, бу уят. Уни юзминглаб нусхада чиқариш керак,- дейди Бахтиёр Исабеков.

Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги қабри

Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги қабри

Ўзбекистонда Навоий туғилган кун байрам қилинаётган бир пайтда, унинг Ҳиротдаги қабри қаровсиз ҳолда ётибди.


Шоир қабрида мақбара бунёд этиш ҳақида Ўзбекистон ҳукумати қарор қабул қилгандан сўнг, бу ишга масъул қилинган Бобур номидаги экспедиция ишни бошлаб юборган эди. Бироқ Афғонистондаги нотинчликлар сабаб, мақбара қуриш ишлари тўхтатилди ва ўзбекистонлик меъмору-қурувчилар чиқиб кетди.

Экспедиция раҳбари Зокиржон Машрабовнинг айтишича, қурувчилар ҳаётига хавф бартараф этилган куни, қурилиш ишлари давом эттирилади:

- Ҳозир менга Афғонистондан икки вакил келяпти. Генерал Абдурашид Дўстимнинг хизматида бўлган Муҳаммад Раҳим деган генерал бўлган. Ўша одамнинг вакили. Бу одам ҳозир тадбиркор.Султон Ҳусайн Бойқаронинг қабрини ҳам проект қилиб беринг, деяпти. Лекин ишонасизми, ҳозир вазият тинч эмас. Ҳирот атрофида толибонлар пайдо бўляпти. Ишонинг агар тинчлик бўлса, ҳукуматимиз менга рухсат этади, ишни давом эттирамиз,- дейди Зокиржон Машрабов.

Навоийшунос олима Суйима Ғаниева ҳам шоир қабрининг қаровсиз аҳволда эканлигидан таассуф билдирар экан, Навоий ёди фақат мақбаралар ва баландпарвоз гаплар билан эмас, балки юракларда қадрланишини истайди:

- Ҳақиқаттга етишган ирфонийлар, жумладан Жалолиддин Румий айтган: "Менинг қабримни ердан ахтарманг, менинг қабрим орифларнинг қалбидадур". Ҳазрат Навоий ҳам доим бизнинг қалбимизда, - дейди навоийшунос олима Суйима Ғаниева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG