Линклар

logo-print

Туркманистондаги 12 феврал кунги президентлик сайлови боис чегара ëпилганидан чегара ҳудудидаги ўзбек аҳолисининг иқтисоди зарар кўрмоқда.

Туркманистон ўзининг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан чегараларини бир томонлама тарзда ëпиб қўйди.

Бу ҳақда Озодликка ўзбек-туркман чегарасининг икки тарафидан истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари маълум қилди.

Расмий маълумотга кўра¸ чегаралар Туркманистонда ўтиши кутилаëтган президентлик сайлови муносабати билан ëпилган.

Туркманистон Божхона идораси матбуот маркази тарқатган хабарга кўра¸ Туркманистонга осонлаштирилган тарзда кирадиган хорижий фуқаролар учун чегара 2012 йил 8 февралдан бошлаб ëпилган.

Туркманистонга чегарадош Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидаги аҳоли 8 доллар тўлаб осонлаштирилган тарзда Туркманистонга кириши мумкин эди.

Туркман расмийлари 15 мартгача бу имтиëзли зиëратларни чеклашга қарор қилганлигини билдирди.

Айни чеклов Туркманистон фуқароларига тааллуқли эмаслиги ҳам билдирилди.

Чегара Ўзбекистон фуқаролари учун қулфланди

Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ Шовот тумани Моноқ қишлоғи аҳолисининг аксар қариндош туққанлари Туркманистоннинг Илонли¸ Дошовуз ҳудудларида яшайди.

Улар кунора имтиëзли тарзда 8 доллар тўлаб қишлоқ ўртасидан ўтган тиканли сим деворидаги эшикдан Туркманистонга бориб келиб туришади.

"8 феврал куни бизни чегарадан ўтказишмади"¸ дейди моноқлик Ойлоржон исмли уй бекаси.

Туркманистонда яшайдиган туркман фуқароси 50 яшар Зайнабхон эса 9 феврал куни чегара туркманлардан бошқалар учун сайлов боис ëпиб қўйилганини билдиради.

Ўзбек-туркман чегарасидаги инсон ҳуқуқлари масаласини кузатиб келаëтган ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ëқубов Туркманистон ўз чегараларини бир тарафлама тарзда ëпиб қўйилганини тасдиқлади.

Туркман чегараси ëпилгани ўзбекларга зарар

Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ туманларидаги аҳоли қўшни мамлакатдан озиқ-овқат¸ гилам ва электроника молларини келтириб сотиш эвазига тирикчилик қилади.

Туркман чегарачилари бир ўзбек зиëратчисига бир дона гилам¸ бир блок сигарет ва бошқа молларни чекланган миқдорда ўтказишга изн беради. Бориш-келишнинг бир ҳафтага чеклангани ҳам майда олиб сотарлар учун катта зарар¸ дейди чегаранинг у тарафида яшовчи Зайнабхон опа.

Туркман сайлови

Чегараларнинг Туркманистонда ўтиши кутилаëтган президентлик сайлови муносабати билан ëпилгани айтилмоқда.

Туркманистон фуқароси ва айни пайтда этник ўзбек бўлган Зайнаб опани сайловдан кўра¸ чегара ëпилгани кўпроқ ташвишлантиради.

- Чегара ëпилса Ўзбекистонга сотиш учун мол олиб ўта олмай қоламиз. Сайлов ҳам яхши¸чунки сайлов бўлаëтган жойда арзон нарсалар сотуви уюштирилади, дейди суҳбатдош.

Зайнаб опа бошқа туркманистонликлар қатори сиëсий фаолликка интилмайди.

Зайнаб опа сайлов ўтадиган куни Ўзбекистонда бўлишини билдирди.

12 феврал куни Ўзбекистондаги Туркманистон фуқаролари элчихона биносида овоз беришади.

Бу ҳақда Туркманистонинг Ўзбекистондаги элчиси Султон Пирмуҳаммедов Тошкентда ўтган матбуот анжуманда билдирди.

Пирмуҳаммедовга кўра¸ дунëнинг 28 давлатидаги Туркманистон элчихоналарида сайлов участкалари ташкил қилинган.

Ўзбекистон Туркманистондаги президентлик сайлвини МДҲ кузатувчилар гуруҳидаги ўз вакили орқали кузатади.

Туркманистонда сиëсий эркинликларнинг чеклангани ва сайловларнинг ҳақиқий муқобиллик иқлимида ўтмаëтгани боис Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бу тадбирни кузатиш учун ўз мутахассисларини юбормасликка қарор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG