Линклар

Ўзбек дўконини портлатишга уриниш бўлди


Қўлбола портловчи модда улоқтирилган ўзбек дўконида асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилган.

Қўлбола портловчи модда улоқтирилган ўзбек дўконида асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилган.

4 феврал куни номаълум шахслар Петербургдаги “Тошкент” ўзбеклар дўконини портлатишга уринди; ҳозирча жиноят мотивлари номаълум.


Петербургда асосан ўзбекистонликлар ишловчи савдо дўконига портловчи модда ташлаб кетилди.

Шаҳарнинг Невский туманидаги Седова кўчаси 89-уйда жойлашган озиқ-овқат дўконига номаълум кимсалар отган мослама партизанлар томонидан кенг қўлланиладиган “Молотов коктейли”, деб аталади.

Ёнғин чиқарувчи мослама ташланганида магазинда иккита сотувчи хотин ва Ойбек исмли йигит бўлган.

“Тошкент” дўконида сотувчилик қилиб турган фарғоналик Ойбек Озодлик билан суҳбатда тасодифга кўра шиша бутилка синиб ёнишни бошлаганига қарамасдан ҳеч ким жароҳат етмаганини гапиради.

- Шанба куни шунақа нохуш воқеа бўлди. Кечки вақт, соат 8 яримларда, ишни тамомлашимиздан олдин номаълум шахслар – кўрганимиз йўқ кимлигини – магазиннинг катта ойнасидан шишага бензин қўйиб, латтасини ёқиб ташлашган. Катта ойнак синиб ичкарига тушган. Сочилиб токчалар, ромнинг тахта жойлари ёнди. Тез ўчиришга ҳаракат қилиб ўчирдик. Ҳеч ким жароҳат олмади. Етказилган шикат эртасига краскалаб янги ойна қўйдим. Ҳозир яна ишлаяпмиз, дейди воқеа гувоҳи бўлган Ойбек.

Ҳодиса жойига етиб келган сапëрлар портловчи ускунани зарарсизлантириб олиб чиқиб кетган¸ дўкон хизматчиридан ҳеч кимга зарар етмаган.

Ойбек бу воқеани ким содир қилиши мумкинлигини тасаввур қила олмаслигини айтади.

“Магазинимизда бунақа воқеа биринчи маротаба бўлди. Оғзаки бир-икки маротаба норозилик билдирилар эди, лекин ҳужум бўлмаган”, дея давом этади “Тошкент” дўкони Ойбек.

- Билмадим, магазинга бир кунда 300-400 одам киради, ҳамма билан алоқамиз яхши. Харидорлар ҳам бу гапларни эшитиб ҳаммаси ҳайрон. Улардан ярмидан кўпи маҳаллий руслар.

Дўконда асосан озиқ-овқат. Маҳсулотларимизнинг ярми бўлмаса ҳам¸ 30 фоизи Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилади. Ўзимизни Василеостровский районида ҳамюртларимиз ҳам кўп киради. Ўзимизда мана ўзбек магазинлар тармоғи очилди. Питерда учта магазинимиз ишлаяпти. Номлари ҳам “Тошкент”, “Бухоро”, “Хоразм”, деб номланди. Ким билади дейсиз, кимнинг хаёлига келган экан бу ҳужум, дейди фарғоналик Ойбек.

Санкт-Петербургдаги ўзбекларнинг “Турон” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов тажовузни маҳаллий миллатчи ёшлар уюштирган бўлиши мумкинлиги, лекин бундай ҳолатлар яна такрорланишига ишонмаслигини гапиради.

- Ўрисларни ичида ҳам миллатчилар йўқ эмас. Калласи йўқ бирор одам қилган. Бу ерда очилганидан бери ҳеч бунақа ҳодисалар бўлмаган эди. Ундан ташқари ўзбекча кафелар, ресторанлар бор ўзбекча номлар билан. Ҳозирча ҳеч ким ушлангани йўқ, ушланса билинади нима мақсадда қилинганини. Қўрқитиш ҳолатлари ҳам бўлмаган, дейди журналист Маҳмуд Маматмўминов.

Журналистга кўра, бу воқеа Петербургда маҳаллийларнинг марказий осиёлик, хусусан ўзбекларга бўлган муносабатини намойиш қилмайди ва шаҳарда миллатлараро муносабатларнинг кескинлашишига олиб келмайди.

Унинг маълум қилишича, ўзбек савдо дўконлари тармоғининг эгаси Олег Белоусов Петербургда “Тошкент” каби яна бир қатор ўзбек дўконларини очиш ниятида. “Тошкент” озиқ-овқат магазини Петербургдаги “Ўзбекистон” савдо тармоғи дўконларидан биридир.

“Шарқона услубда безатилган бу дўконларнинг асосий харидорлари нафақат меҳнат муҳожирлари, балки маҳаллийлар ҳамдир”, дея маълум қилади муҳаррир Маҳмуд Маматмўминов.

- У Ўзбекистонда мавжуд 12 вилояти номлари билан ҳар бир дўконни номлаб, Ўзбекистондан олиб келинган товарларни савдо қилувчи тармоқни бошлаб қўйди. Петербург бўйича 12 та шундай магазин очилади. Мана ҳозир Ўзбекистон билан алоқалар бошланаяпти, дейди Маҳмуд Маматмўминов.

“Тошкент” савдо дўконига портловчи мосламанинг ташлаб кетилиши юзасидан жиноят жойига етиб келган полициячилар тафтиш ишларини бошлаб юборган, жиноятчилар қидирувга берилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG