Линклар

Сеулдаги ўзбек қизи ўз ватандоши зўрлаганини айтмоқда


Uzfiles.com сайтидаги Asilboy001 остида эълонлар ëзаëтган шахс ўзига 2009 йилнинг 1 июл куни Дрезден суди биносида асли мисрлик 28 яшар ҳомиладор Марва ал-Шербинийни 16 марта пичоқлаб ўлдирган ирқчи маняк Alex W. нинг ана шу суратини танлаган.

Uzfiles.com сайтидаги Asilboy001 остида эълонлар ëзаëтган шахс ўзига 2009 йилнинг 1 июл куни Дрезден суди биносида асли мисрлик 28 яшар ҳомиладор Марва ал-Шербинийни 16 марта пичоқлаб ўлдирган ирқчи маняк Alex W. нинг ана шу суратини танлаган.

Воқеа 8 феврал куни Жанубий Корея пойтахти Сеулдан 70 километрлар масофада жойлашган Антог ва Чонжу шаҳарчалари ўртасидаги тоғдан ўтувчи магистрал йўл яқинидаги кўл бўйида содир бўлган.




8 феврал куни Прага вақти билан кечга яқин Жанубий Кореядан сим қоққан ўзбекистонлик йигит ўз юртдоши ҳозиргина жинсий ва жисмоний тажовуздан қочиб олдига ëрдам сўраб келганини маълум қилди.

“Ақлимга келган илк маслаҳат¸ бу воқеадан жамоатчиликни¸ айниқса Кореядаги ўзбекистонлик қизларни огоҳлантириш лозим¸ деган фикр бўлди. Шу боис жабрдийдани воқеани борича ҳикоя қилишга кўндирдим”¸ дея телефон гўшагини жинсий тажовузга учраганини айтаëтган қизга узатди Сеулда яшаëтган ўзбекистонлик йигит.

Воқеа даҳшатидан ҳали ўзига келмаган қиз ўз шахсини очиқлашган қўрққани боис¸ унга шартли равишда Гулмира деб исм қўйдик. (Айни пайтда¸ Озодликка бу шахснинг асл исм-шарифи¸ яшаш манзили¸ телефон рақамлари маълум ва бу маълумот хавфсизлик ва бошқа важлар боис ошкор қилинмаëтир. –таҳр.)

Иш илинжида "Ватандош"га юзланган Гулмира ҳикояси:

- Ҳозир ишсизман Кореяда. Бир ой бўлди. Иш қидириб Интернетга киргандим. Uzfiles.com сайтининг Ватандошлар бўлими Uzbeks Korea деган жойига кирдим. Ўша ерда Asilboy001 деган одам “Кореяда аëлларга иш бор. 1 миллион 800 мингдан ойлиги. Ëрдам берамиз Оллоҳнинг йўлида” деб ëзиб қўйган телефон номерларигача. Бу бола ростдан ҳам Оллоҳнинг йўлида ëрдам берармикан деб умид қилиб телефон қилган эдим. Бу бола “Иш қидириб икки-уч кунда жавобини айтаман” деб, бугун эрталаб (интервю 8 феврал куни ëзиб олинган – таҳр.) соат 7да телефон қилиб “Иш бор опа. Мана шу йўлга чиқиб туринг” деб адрес берди. Мен йўлга чиқдим ишониб¸ дейди Гулмира.


Йўл

Лавҳани ҳозирлаш жараëнида Озодлик мухбири Гулмира билан бир неча бор суҳбатлашди¸ ҳар гал у саволларга изчиллик билан бир хил жавоб қайтарди¸ воқеа тафсилотларига имкон қадар ойдинлик киритилишига ëрдам берди.

Гулмирага кўра¸ эрталабки соат 9.40 ларда телефонда келишилган каби Антог шаҳарчасидаги катта йўл бўйига келиб тўхтаган эски Hvundai Avantes русумидаги қора спорт машинасида ўзини аввалига Азамат деб таништирган йигит келган.
Ўзини Сеул яқинидаги институтда ўқийдиган талаба¸ март ойигача таътилда бўлгани боис қийналиб қолган ўзбекистонликларга иш топиб бериш билан шуғулланаëтган қилиб кўрсатган ҳайдовчи йигит аввалига Гулмирага шубҳа уйғотмайдиган муомала қилган ва режага кўра¸ яқиндаги Чонжу шаҳарчасидаги фабрикага ишни кўриш учун олиб боришини билдирган.

Аммо соат 11 ларга яқин у катта йўлдан чиқиб¸ ойналари қорайтирилган машинани қандайдир кўл бўйига келиб тўхтатди ва шу ерда машина ичида менга жисмоний ва жинсий тажовуз бошлади¸ дейди Гулмира.

- Мени машинасига солиб бошқа бир шаҳарга олиб кетиб чекка жойга, қўлларимни бойлаб, пичоқ тираб мени зўрламоқчи бўлди. Ҳар қанақа йўлга солиб кўрдим. “Онам касал. Сени ҳам она туққандир. Мен пул жўнатишим керак уйимга. Қўйиб юбор мени” десам ҳам “Худонинг айтгани бўлади. Онанг касал бўлса, мени уч соат ялинтирдинг. Ўтирасан энди шу ерда. Қачон мен қўйиб юборсам кетасан” деб дарëга ўхшаган жойнинг чеккасига олиб бориб олди. Мен қўлидаги пичоғи билан сўйиб дарëга ташлаб кетса мени ким топади деб қўрқдим¸ дейди Гулмира.


Машина номери бир эмас...

“Аввалига олд ўриндиқдан қочиб орқа эшик очиқми деб орқага ўтдим¸ ҳамма эшикларни қулфлаб қўйган¸ шунда ҳайдовчи ўриндиғи тагида 6270 деган рақам ëзилган машина номерига кўзим тушди. Бошқа ëзувларни эслолмайман”¸ деб қўшимча қилади Гулмира.

Зўравонлик жараëнида ўзини дам Азамат¸ дам Алишер¸ дам Азиз деб атаган йигит Кореядаги ўзбек қизларидан нафрат қилиши¸ уларнинг ҳаммаси бузуқ экани ва ўзини кўп бор алдаганини қайта-қайта такрорлаган.

“Сендақаларнинг икки юзтасини кўрганман¸ ўзингни ролга солма¸ мендан қочиб қутула олмайсан”¸ деган ўзбекистонлик тажовузкор Гулмирага кўра.

Тасодифан катта йўлда пайдо бўлган полиция машинаси жонимга аро кирди¸ дейди қиз.

- 200 метр наридаги катта йўлда полиция машинасини кўриб¸ мани ташлаб қочди. Полицияга бориб айтишга қўрқдим¸ ҳужжатларим йўқлиги учун. Қаердалигимни ҳам билмасдан¸ юриб охири автобус бекатини топиб¸ шаҳарга соат 4 ларда қайтиб келдим¸ дейди Гулмира.


Asilboy001 ҳикоялари

Гулмира ва унинг таниши билан узоқ суҳбатдан сўнг Озодлик Uzfiles.com сайтининг Кореядаги ўзбеклар учун очилган саҳифасига кирди ва у ерда турган биринчи уч эълоннинг айнан Asilboy001 деган тахаллус остидаги шахсдан келганига гувоҳ бўлди. Сўнггиси 23 январ куни қўйилган бу постингда ўзбекистонлик легалу нолегал қизларга яхши иш борлиги айтилади ва мурожаат учун Кореядаги мобил телефони қўйилади. Кейинги эски постингларда¸ корейсга эрга тегмоқчи қизлар менга мурожаат қилсин¸ деган эълон қўйилган. Бу ник остидаги эълонларнинг диққатни тортадиган жиҳати¸ уларнинг фақат хотин-қизларга аталганидир.

Бу ник остидаги шахс ўзига 2009 йилнинг 1 июл куни Дрезден суди биносида асли мисрлик 28 яшар ҳомиладор Марва ал-Шербинийни 16 марта пичоқлаб ўлдирган ирқчи маняк Alex W. суратини танлаган.

Аввалига Озодликнинг аëл мухбири бу рақамга сим қоқиб¸ Кореяда ишсиз қолган аëлларга Asilboy001нинг қандай иш топиб бериши билан қизиқди. Ўзининг Сеулнинг Тандемунида яшайдиган тошкентлик Асилбек деб таништирган шахс¸ суҳбат давомида уни бошқа мавзуга бурди:

- Ëнингиздаги шеригингизга беринг, телефон қилинг деяптию. Менга телефон қилинг деяптию. Кечаги қиз айтдими сизга? Ëнингиздаги шеригингизга беринг телефонни гапим бор. Сизга телефон қилинг деган қизга айтинг. ..... деган қиз телефон қилинг дедими сизга (шу ерда 8 феврал куни жинсий тажовузга учраган Гулмиранинг асл исмини айтади – таҳр.) дея ўзи билан Uzfiles.com орқали чатга чиқишни тавсия қилиб¸ гапни калта қилди Asilboy001.

Озодликнинг аëл мухбири билан 9 феврал кунги илк суҳбатда Asilboy001 ўзининг Озодликка зўрланганини айтиш мақсадида сим қоққан қизни таниши ва унинг асл исмини билишини эътироф этди.

Орадан ярим соатча ўтиб¸ ўзини Гулмира воқеасини ўрганаëтган Озодлик мухбири деб таништирган бошқа мухбир билан суҳбатда Asilboy001 на бундай қизни таниши ва на бундай воқеадан хабари борлигини айтди.

- Гулмира? Қандай Гулмира? (Асл суҳбатда қизнинг асл исми ишлатилади – таҳр.) Билмадим, унақа нарсадан узоқдаман ака мен. Бунақа нарсалар кўпку. Менга уйдирма бу ака. Бунақа нарсалар қўлимдан келмайди, бунақа нарсалардан узоқдаман ака. Асл исмим Баҳром. Фамилиям Фахриддинов. Водийданман. Қўқонданман, Қўқондан. Ëшим 27 га кетаяпти.

Қизиқмисиз бунақа нарсаларни билмайман мен э. Бунақа нарсани билмайман ака мен. Бу нарсани эшитиб сиғдира олмаяпман мен тўғриси. Интернетга ақлим етмайди ака менинг. Телефонни ҳам ëздирганман. Бу бошқа боланинг телефони ўзи аслида. Бошқа боланинг телефон номерини ишлатаман мен. Ўзимнинг телефоним йўқ. Интернетга ақлим етмайди ака компютерга. Виза ҳеч нарса йўқ ака. Ўтиб кетган ҳаммаси. Келганимга 6-7 ой бўлаяпти. Буни битта бола ëзган эди. Менинг номеримни ëзиб қўйган экан. У сайтни кўпчилик ишлатадида. Битта сайтга ëзади ҳаммаси. Менинг номеримни ëзишган экан болалар¸ деди Asilboy001 постингида қўйилган телефонга 9 феврал куни жавоб берган йигит.


Қайси гап чину¸ қайсиси ëлғон?

Asilboy001 ники остидаги эълонда ëзилган телефонга жавоб берган йигит Озодликнинг аëл мухбири билан суҳбатда ўзини Интернетдан яхши хабардорлигини айтиб¸ унга постингларнинг ички муҳлатига қарашни ўрганишга чақирди¸ аммо бошқа мухбир билан кейинги суҳбатда ўзини Интернетдан мутлақ бехабар шахс қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

Суҳбат бошида Asilboy001 ўзи экани¸ бу сўз ҳақиқий деган маънони англатишини тушунтирган бу йигит¸ сал ўтмай¸ "Мен компютерниям¸ Uzfiles.comниям билмайман" дейишга ўтди.

У суҳбатнинг бир жойида Uzfiles.comга қўйилган телефон номери ўзиники эмаслигини айтса¸ бошқа бир жойида ўзбекистонликларни ишга жойлаш билан шуғулланадиган ўртоқлари корейс тилини билгани учун ўзининг номерини эълонга ëзиб қўйишганини айтди.

Озодлик суҳбатлари давомида Asilboy001нинг ноизчил ҳикояси руҳшунос ҳуқуқшунос томонидан ўрганишга арзигулик материалга тортади. Аммо Озодлик ëрдамида бу суҳбатни эшитган Гулмира унинг ўзини зўрлаган шахсники эканини тасдиқлади ва Озодлик мухбири билан суҳбатдан сўнг асл исми номаълум қолаëтган бу шахс ўзига сим қоқиб¸ таҳдид қилганини билдирди.


"Кореядаги ўзбек қизларининг ҳаммаси бузуқ!"

Бир неча суҳбатда ўзини бир неча исм билан таништирган бу шахс Гулмира ва Озодлик мухбири билан суҳбатда қарийб бир хил такрорланган оҳанг унинг ўзбеклар¸ айниқса ўзбек қизларига ишончсизлик руҳидаги қуйидаги гаплари бўлди:

- Ўзбек бўлиб ўсганманда мен. Нечтасига пул берганман, пулни беришмайди. Ўзбекчилик Кореяда йўқ экан, дедим кейин. Бир марта кесилдим, икки марта кесилдим, охири ҳеч кимга ишонмай қўйдим. Шунинг учун биров билан гаплашмайман ҳам. Ўзбек бор жойда обезятелно ишкал ë бошқа нарса чиқаверади, Кореяда ҳам. Шунақа жой. Кореядаги қизларга мен йўқман. Ўзбек қизга мен вообше ишонмайман. Замонавий жойда яшаëтган карис қизлар ҳам бунчаликмас. Ўзбек қизлар ўзбекчилигини еб бўлган. Келган қизлар борки ҳаммаси умуман бузилиб кетади. Кўчага чиқмаганлиги учун бу ерга келиб вообше бузилиб кетади бизнинг қизлар. Шундай жойда яшаëтган карис қизлари бунчалик бузуқмас, деди Uzfiles.com сайтида Asilboy001 тахаллуси остида қўйилган постингдаги телефонга жавоб берган ва ўзбекистонлик Гулмира томонидан ўзбек қизларини алдаб¸ уларни зўрлаш билан шуғулланаëтган маняк-жиноятчи эканликда айбланаëтган шахс.

Бу шахс Гулмирани ўзига туҳмат қилаëтганликда айблади¸ аммо ўзининг асли кимлигини билмайдиган нотаниш қиз нима мақсадда туҳмат қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга “Билмадим” дейишдан бошқа жавоб топиб бера олмади.

Озодлик мухбирининг ўзи ва Гулмирани видео Skype орқали учраштириб¸ воқеага ойдинлик киритиш таклифи¸ шунингдек қўрқадиган жойи бўлмаса¸ ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва суратини Skype орқали фақат мухбирларга¸ улар ишончини қозониш учунгина тақдим қилиш таклифини ҳам Asilboy001 рад этди.

Туҳмат? Нима учун?

Одатда туҳмат¸ хусусан жинсий тажовузга оид туҳмат¸ аниқ манзилда яшайдиган¸ кимлиги аниқ шахсга нисбатан қилинади ва бундай туҳматдан мақсад бу одамни бадном қилиш¸ ëхуд ундан пул ундириш бўлади.

Ўзини зўрлаган йигитнинг Фарғона¸ тақрибан Қўқон тарафлардан эканидан бошқа нарса билмайдиган Гулмирада бундай мотив сезилмади.

У Озодликка зўрлик воқеасини ошкор қилишдан мақсади Жанубий Кореядаги ўзбек қизларини "Оллоҳ номи билан ëрдам бераман"¸ деган ўзбекистонликларга ишонмаслик¸ хусусан Uzfiles.com сайтидаги Asilboy001дан огоҳ бўлишга чақириш эканини айтади¸ холос.

- Бўйи 1,60 бўлиши керак. Мендан озгина баландроқ эди. Мен 1,56 ман. Сочи сариқ, малласоч. Ўзи сариқдан келган. Кўзи жигарранг. Бўйнининг ўнг томонида ëки чап томонида доғи бор. Икки сантиметрча жигарранг доғи бор. Тиши эгри. Ҳамма тиши тўғри эмас. Шеваси ҳеч ҳам Тошкентникига ўхшамайди. Ҳар хил шевага кириб гапираяпти. “Андижонликларнинг шеваси эмас” десам кулди. У водийлик бўлиши керак¸ дейди Гулмира.

Тажовузга учраган қиз ўзининг нолегал мақоми боис¸ на полиция ва на Ўзбекистон элчихонасидан ëрдам сўрай олади. Айни пайтда у маҳаллий ҳуқуқшунос ва фаоллардан бундай вазиятда нима қилиш лозимлиги борасида маслаҳат олиш режасида.

Ўзбекистондан хорижга иш излаб кетаëтган миллионлаб ўзбекистонликлар армияси сафини тўлдираëтган хотин-қизлар сони муттасил кўпайиб бормоқда.

Эркак муҳожирлардан фарқли бу аëллар хорижда ҳам маҳаллий¸ ҳам ўз юртдошлари томонидан жинсий тажовуз нишонига айланиб бормоқда.

Кўпчилиги нолегал меҳнат қилаëтгани боис¸ ҳуқуқий муҳофазадан маҳрум ўзбекистонлик муҳожир аëлларнинг бундай жиноят объектига айлангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта Россияда ўз маҳалладоши томонидан фоҳишаликка зўрланган каттақўрғонлик Шаҳзода ҳикоясини эфирга узатган эди.

Ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро қонунлар бундай тажовузлар бўйича жабрдийданинг ўзи полицияга шикоят қилмагунича¸ жиноятчиларнинг жазога тортиш қийинлиги боис¸ жабрланувчиларни ҳуқуқ идораларига мурожаат қилишга чақирадилар.

Азиз муштарий¸ орангизда бу воқеага ойдинлик киритиши мумкин шахслар бўлса¸ ëхуд Жанубий Кореяда Uzfiles.com сайтидаги Asilboy001 ¸ ëхуд Гулмира тасвирлаган шахс томонидан тажовузга учраган бошқа ўзбек қизлари бўлса¸ Озодлик орқали ўз маълумот ва ҳикояларини жамоатчиликка йўллашлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG