Линклар

logo-print

Ўтмишда ўзбекнинг келинлари болалари турмаса, навбатдаги бувагига Турсунбой ё Ўлмасбой, деб исм қўярди. Шу кунда ҳам бор бу ирим. Ирим ўлмаган экан - унда жон бор.


Турсунбойларнинг, Ўлмасбойларнинг жони қаттиқ бўлади, дейишади.

Демак исмда бир ҳикмат мавжуд.

Бу ҳикмат сифатда ҳам бор.

Қайсидир бир яхши одам қачондир Ўзбекистонни “серқуёш” деб сифатлаган.

Ўшандан бери ўзбек журналистлари, айниқса тележурналистлар ўша сифатни ҳар куни исботлашга мажбур.

Мажбур дедик. Чунки бу жуда оғир юмуш. Чунки Ўзбекистон Миср ёки Ливия эмас-да, йил-12 ой қуёш чарақлайдиган.

“Кескин континентал иқлимли Ўзбекистон”, деб атагандайди ўша қайсидир бир яхши одам қачондир, бугунги ўзбек тележурналистининг мавзулар доираси кескин кенгайиб кетган бўларди.

Мазза, мазза қилиб ишларди ўзбек тележурналисти. Иқлимнинг кескин континентал эканлигини исботлашга ҳаракат қиларди-да!

Мазза қилиб ишламайдиган мухбир муҳарриридан гап эшитган бўларди.

Ёзиб келган сюжетини ахлат пақирга ирғитган бўларди муҳаррир.

“Нега қишнинг совуғи ҳақда, нега газнинг йўқлиги ҳақда, нега йўлнинг тайғоғию қишлоқларнинг ёнмаган чироғи ҳақда сюжет қилмадинг, нега Тойлоқовнинг ёқасидан олмайсан, қачон ҳавони иситасан, деб ”, деб мухбирнинг ёқасидан оларди муҳаррир қадрдон пальтосининг чўнтагидан ўттиз йил олдинги “Беломор”дан қолган тамаки чангини қоқиб.

Ношуд мухбирча хонасига чиқади йиғлагудай бўлиб, қунишиб ўтирган ҳамкасбидан сўрайди: Тойлоқов ким?.

Ҳамкасб елкасини қисади: Қаёқдан билай?! Бошимни оғритма оғайни, шу совуқда яна кўмир искалатга бориб сюжет қилишим керак. Э, ўргилдим шунақа мухбирликданам...

Яхшиям қайсидир бир яхши одам қачондир Ўзбекистонни “Кескин континентал иқлимли Ўзбекистон”, деб эмас, “Серқуёш”, деб сифатлаб қўйганакан, ўзбек тележурналистининг жони қийналмаяпти.

Ана, бир кун олдинги “Ахборот”:

биринчи сюжет: Фарғонада ўтказилган давра суҳбати тўғрисида, (давра суҳбати дейишдию лекин советча партия-хўжалик активи йиғилишининг ўзи) камера кўчага чиққани йўқ;






иккинчи сюжет: парламентнинг қонунчилик палатасидаги йиғилиш, камерага биттагина кадр учун кўчага чиқди;








учинчи сюжет: Навоий шаҳридаги технопарк тўғрисида, камера цехлардан кўчага чиққани йўқ. Иккита кадрда ёзги аэропорт кўрсатилди, холос;






тўртинчи сюжет: Ўзбекистоннинг таълим модели тўғрисида алоҳида кўрсатувга тортадиган узундан-узоқ сюжет. 3 сониялик битта кадрни ҳисобга олмаса, камера кўчага чиққани йўқ;

“Ахборот”нинг ўз маҳсулоти бўлмаган 5, 6, 7, 8 - сюжетчалар – хориж хабарларидан хатлаб ўтамиз;

тўққизинчи сюжет: Навоийнинг таваллуд кунига бағишланган – камера кўчага чиққани йўқ – тўғри-да, нима қилишади Шоирни шамоллатиб?!

Ва ниҳоят, ўнинчи сюжет – спорт янгиликлари. Мана энди “Ахборот”нинг камераси кўчага чиқар, деб ўйловдим. Яна чиқмади. Ҳатто Андижонда ўтказилган хоккей ҳам indoor хоккей экан-э!

Томнинг остида ўйнашибди, хоккейни азаматлар!

Мухбирлар совқотиб қолмасин, дейишган-да!

Нима учун “Aхборот”чилар кўчага чиқмайди, деб сўрасам, бир ҳамкасбим “улар патинкаси ҳўл бўп қолишидан қўрқади”, деди.

Бошқаси айтдики, “ЎзТВнинг техникаси дунёдаги энг қиммат техника, бузилиб қолишидан қўрқишади!”

Мен айтдимки, “Йўқ ошналар, ҳамма гап брендда – “Серқуёш Ўзбекистон” деган брендга гард юқтирмаслик йўлида қилинаётган ҳаракатда”, дедим.





Агар мухбирлар камераларини кўтариб кўчага чиқсалар, улар ҳам Озодлик мухбири кўрганларини, куралмаган қори эриб улкан кўлмакка айланган йўлда йиқилиб тушган аёлни;









музлаган балиқни сотаман деб музлаган қўлини куҳ-куҳлаётган балиқфурушни;







совуқ еганидан сотаётган кўрпаларидан бирига ўраниб олган савдогарни;







чўмичга олов қалаб оёқларини иситаётган баққолни тасвирга туширишларига тўғри келган бўларди.

Тошкентнинг халқа йўлидан сал нарироққа чиқсалар, камера қурғур симёғочга тикилиб турган, газ қувурини сўйил билан ураётган, кўмир солинган қопларни орқалаб кетаётганларни кўрган бўларди.

Ўтган қишдан омон қолган тутни, олмани, ўрикни, нокни.... кесаётганларни кўрган бўларди.

ҲАЁТни кўрган бўларди.

Лекин бунинг иложи йўқ.

Сабаби оддий. Сабаби қайсидир бир яхши одам қачондир Ўзбекистонни “серқуёш” деб сифатлаганида!

Брендни бузмаслик керак. Ҳамма гап брендда!

Лекин бош мақсад брендни сақлаш бўлиб қолаверар экан, ўтмишда пайдо бўлган ирим келажакда ҳам ўлмайди.

Ўзбекнинг келинлари навбатдаги бувакларига умид билан Турсунбой, Ўлмасбой, деб исм қўяверади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG