Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:48

ЕИ Ўзбекистон адлия тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашмоқчи


Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел.

7-8 феврал кунлари Ўзбекистонга сафар қилган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел сафар давомида Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонасини очиш, минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганини билдирди.


Пьер Моррелнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон адлия соҳасини ислоҳ қилиш мақсадларига ЕИ 10 миллион евро миқдорида маблағ ажратмоқда.

- Жиноят-процессуал ва адлия соҳасини ислоҳ қилиш дастури тақдимоти 22 феврал куни бўлиб ўтади. Баҳоси 10 миллион еврога тенг бу дастурни ЕИ молиялаштиради. Уни европалик халқаро мутахассислар амалга оширади. Мутахассисларнинг икки гуруҳи ички ишлар вазирлиги, бир гуруҳ Адлия вазирлиги, олий суд тадқиқот маркази билан яна бир гуруҳ ва бош прокуратура билан алоҳида бир гуруҳ ҳамкорлик қилган ҳолда амалга тадбиқ қилинадиган дастур бўлади бу.

Бу улкан дастурни амалга ошириш устида бешта ишчи гуруҳ иш олиб боради. Айтиб ўтганимидек, ҳуқуқий ислоҳотларга қаратилган лойиҳалар учун 10 миллион евро ажратилмоқда ва бу дастур доирасида жуда катта иш амалга оширилади. Бу дастурга тайёргарлик ишлари ўтган бир ой ичида амалга оширилди ва у инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот, қонун устуворлиги ташаббуси ҳамда фуқаровий жамият мавзусига бағишланган семинарларимиз маҳсулидир.

Пьер Моррел Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимига яқинда тайинланган Абдулазиз Комилов, Омбудсман Сайёра Рашидова ва бошқа расмийлар билан учрашиб, минтақавий хавфсизлик, хусусан Марказий Осиё сув заҳираларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилганини айтади суҳбат давомида.

- Бу учрашувларда албатта инсон ҳуқуқларига доир конкрет масалаларни ҳам кўтардик. Албатта, бу соҳада “мўъжиза”, деб атай оладиган ўзгаришлар рўй бергани йўқ, лекин баъзи муаммолар бўйича ижобий ҳолатлар кузатилаётганини айтишимиз мумкин. Шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳасига доир муаммоларни ҳам гаплашдик, чунки сув заҳираларидан фойдаланиш масаласига қизиқишимиз бор ва бу нозик масала эканини биласиз.

ЕИ дипломати Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи давомида ҳукумати расмийлари билан учрашувлар орасида Тошкентда ЕИ ваколатхонасини ташкил қилиш масалалари билан ҳам шуғулланганини маълум қилди.

- ЕИ элчиси (Норберт Йоустен) аллақочон тайинланди ва яқинда ишонч ёрлиқларини топширади. Биз ваколатхона учун жой қидириш каби ташкилий ишлар билан шуғулланяпмиз. Марказий Осиёнинг бошқа пойтахтларида, масалан, яқинда Бишкек ва Душанбеда ваколатхона очдик. Энди Тошкентда ҳам очишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Келаси йили Ашхободда ҳам очсак бешта республикада ҳам ўз делегацияларимизга эга бўламиз.

Пьер Моррел ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозимига 2006 йилда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар амал қилган пайтда тайинланган.

Андижон воқеаларидан кейин 2005 йилнинг октябр ойида жорий қилинган санкцияларга қурол эмбаргоси ва 2005 йил 13 май куни Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилишига бевосита алоқадор деб кўрилган 12 расмийга виза чекловини ўз ичига олган эди. Бу санкциялар бекор қилиниши учун Тошкент ҳукуматига бир қатор талаблар, хусусан Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши шарт қилиб қўйилган.

Аммо Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилаш уриниши ўлароқ Европа Иттифоқи мустақил тергов масаласи кун тартибидан олиб ташлади ва 2008 йилнинг октябрида аввал санкцияларнинг биринчисини бекор қилди. 2009 йилда эса, санкциялар буткул олиб ташланди.

Санкцияларнинг бекор қилиниши сабаби сифатида Ўзбекистон билан ўрнатилган инсон ҳуқуқлари мулоқоти халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўзгартира олмаган восита сифатида танқид қилиб келинади.
XS
SM
MD
LG