Линклар

Франция Мудофаа вазири: НАТО қўшинларини Ўзбекистон орқали олиб чиқиш қимматга тушади


Франция Мудофаа вазири Жерар Лонге.

Франция Мудофаа вазири Жерар Лонге.

Франция Мудофаа вазири Жерар Лонге “L'Orient-Le Jour” газетасига берган интервьюсида Афғонистондаги НАТО қўшинларини Ўзбекистон орқали олиб чиқиш ҳаддан ортиқ қимматга тушади, деди.

Лонге Ўзбекистон орқали қўшинларни олиб чиқиш айнан қанчага тушишини аниқлаштирмади.

Ўзбекистон Афғонистондаги НАТО қўшинларига юкларни транзит қилиш учун ташкил қилинган Шимолий таъминот тармоғининг муҳим бўғини ҳисобланади. Сўнгги хабарларга кўра, АҚШ ҳукумати ШТТнинг амал қилиши учун Марказий Осиё ҳукуматларига йилига 500 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўламоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирда Афғонистонга транзит қилинаётган юкларнинг 75 фоизи Болтиқ бўйидан бошланиб, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан ўтадиган ШТТ орқали ўтмоқда, ва бу юкларнинг аксар қисми айнан Ўзбекистон ҳудудидан Афғонистонга кириб бормоқда.

Лонге, айни пайтда, бу йўлни НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш учун ишлатиш “самарасиз” бўлади, дея таъкидлади.

Лекин, деди Франция Мудофаа вазири, бунинг “оптималроқ” вариантларини топиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

НАТО 2014 йилнинг охирига қадар Афғонистонда ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлашини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG