Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

Ташиев фашизмда айбланмоқда


Қамчибек Ташиев.
Қамчибек Ташиев.

Қирғизистон парламентида кўпчилик ўринга эга бўлган “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиевнинг Бишкекдаги “Де факто” газетасига берган суҳбати фашизм ғоялари билан йўғрилган.

Миллатчилардан иборат экани айтиладиган “Ата Журт” партияси раҳбари Қамчибек Ташиев Бишкекда нашр этиладиган “Де факто” газетасига берган суҳбатида мамлакат Бош вазири Ўмурбек Бабановнинг онаси қирғиз эмаслигини урғулай туриб, Қирғизистонни фақат тоза қонли қирғизлар бошқариши шартлигини айтган.

Қамчибек Ташиевга кўра, шу кунгача Қирғизистонни яҳудийлар, татарлар, руслар бошқариб келган. Ташиев суҳбат давомида Бош вазирнинг онаси курд миллатига мансуб эканига шаъма қилиб :“Энди эса биз курдлар билан ош-қатиқ бўлаяпмиз. Ўз халқи учун жон куйдираётган одам тоза қонли қирғиз бўлиши керак”, деб айтган.

Қамчибек Ташиевнинг мазкур интервюси ва унда халқни “тоза қонли” ва “тоза қонсиз”ларга ажратилиши қирғизстонлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан “фашизм шиорлари ва ғоялари”сифатида баҳоланди.

Бироқ Қамчибек Ташиевнинг ўзи бундай фикрга қўшилмайди:

- Қирғизистонни қирғизлар бошқариши керак десам, Қирғизистонда қирғиз миллатини мақтасам ва қирғизлигимдан фахрлансам нега мен айбдор бўлишим керак? деди Қамчибек Ташиев Озодлик радиосига берган суҳбатида.

“Ата Журт” партияси лидери “Де факто” газетасига берган суҳбатида Бош вазир онасининг миллатига урғу бермагани, миллатчилик ғояларни тарғиб қилмаганини айтди.

Бироқ “Де факто” газетаси мухбири Мирлан Дуйшенбаев суҳбат диктофонга қандай ёзиб олинган бўлса. Ўша тарзда бир сўзи ҳам ўзгартирилмай нашр этилганини билдирди:

- Диктофонда мазкур суҳбатнинг ёзуви бор. Газетада қандай ёзилган бўлса, шу сўзлар айтилган. Бирорта ортиқча сўз қўшилмаган. Шунинг учун Қамчибек Ташиев мана шу сўзларни айтганини исбот қилиб бера оламиз, деди Мирлан Дуйшенбаев.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратурадан Қамчибек Ташиевга нисбатан миллатчилик ғояларини тарғиб қилиш айби билан жиноят иши очишни талаб қилишмоқда.

- Мен бу суҳбатни ўқиб чиқдим ва ҳозир ҳам бу суҳбатни фашизм тарғиботи деб айтган бўлар эдим. Гитлер “Дунёда фақат тоза қонлилар қолиши керак” деган ғояни олға сурган эди. Ташиевнинг суҳбатида ҳам Қирғизистон халқи “тоза қонли” ва тоза қонсиз”ларга ажратилади, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдурасулова.

Ҳозирча Қирғизистон Бош прокуратураси Қамчибек Ташиевнинг газетада чоп этилган суҳбати ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг талабларига муносабат билдирганича йўқ.

Айни пайтда Қамчибек Ташиев “Де факто” газетасига берган суҳбати чоғида “тоза қонли” деганида қирғизларни назарда тутганидан тонгани йўқ.

Қамчибек Ташиев раҳбарлигидаги “Ата Журт” партияси 2010 йилда ўтган парламент сайловида кўпчилик овозни олиб, парламентдаги асосий ўринларни эгаллаган ва ҳукмрон коалиция асосини ташкил этган эди. 2011 йил октябрида ўтган Қирғизистон президенти сайловида социал демократлар партияси вакили Алмазбек Атамбаев ғолиб бўлгач, “Ата Журт” партияси ташкил этган ҳукмрон коалиция тарқатилган эди.

Айни пайтдаги ҳукмрон коалицияда “Ата Журт” партияси иштирок этмайди. Мазкур партия ўзини мухолифат сифатида эълон қилган.
XS
SM
MD
LG