Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Душанбе миграция сиëсатини мувофиқлаштирмоқчи


Тожикистонда ҳукуматнинг миграция сиёсатини такомиллаштириш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган жамоатчилик кенгаши иш бошлади.


Тожикистон ҳукумати қошидаги Миграция хизмати масъули Абдулло Қодирийнинг Озодликка билдиришича, меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш ва улар ҳақ -ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий аҳволи билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган кенгаш кечаётган ҳафта бошида иш бошлаган.

Расмийнинг айтишича, янги тузилма ҳукумат қошидаги Миргация хизмати қошида фаолият юритади.

- Унинг асосий вазифаси миграция масалалари билан шуғулланадиган давлат тегишли идоралари, масалан Адлия, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси каби давлат идораларига турли тавсия ва маслаҳатлар бериб боришдир, деди Миграция хизмати матбуот бошлиғи Қодирий.

Душанбе шаҳридаги “Переспектива+” нодавлат ташкилоти раиси Ойниҳол Бобоназарованинг айтишича, бу кенгашни тузиш ғояси бундан бир йил аввал, яъни Мигарция хизмати республика Ички ишлар вазирлиги таркибидан ажралиб чиққандан сўнг пайдо бўлган.

Ўшанда Бобоназарованинг ҳам бу тузилма аъзоларидан бири экани айтилган. Лекин бугун кенгаш ҳайъати рўйхатида нодавлат ташкилот масъули Бобоназарованинг номи йўқлиги маълум бўлди.

- Шу ғоя туғилганида биз янги тузилма ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши учун¸ албатта¸ унинг таркибида нодавлат ташкилотлар вакиллари, соҳа экспертлари ва шунга ўхшаш миграция мактабидан ўтган мустақил ташкилотлар вакиллари ҳам бўлиши лозимлигини тавсия қилгандик. Лекин афсуски, бугун кўриб турганимиздек, бу кенгаш яна ўша давлат ишчиларидан ташкил топибди. Шундай экан меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммолар бизда ҳали анча йилларгача муаммолигича қолаверади, дея мулоҳаза билдирди Бобоназарова хоним.

Суҳбатдошимиз фикрича, миграция масаласи у қайси давлат билан бўлмасин фақат дипломатик йўллар билан эмас, балки тўғри таҳлил ва очиқча баҳслар билан ҳал қилиниб олиниши лозим.

Расмий маълумотларга кўра, қарийиб 7¸5 миллиондан иборат Тожикистон аҳолисининг тахминан 800 мингги Россия ва Қозоғистон ҳудудида яшаб фаолият қилади. Норасмий манбалар эса икки миллионга яқин тожикистонлик Россияда мардикорлик қилаётганини айтади.

Тожикистон Ички ишлар вазирилиги маълумотларига кўра, Душанбе аэропорти ҳар йили 900 га яқин меҳнат муҳожирининг тобутини қабул қилиб олади. Улар асосан касаллик, нохуш ҳодисалар, табиий офатлар туфайли ҳамда рус миллатчилари қўлида қурбон бўлгани айтилади.

Тожикистонда мамлакат ташқарисидаги меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа шу каби кўмаклар беришни зиммасига олаётган турли хил тузилмаларнинг иш бошлаётгани сўнгги йиллар кўпроқ қайдга олинаётир. Аммо, Москва шаҳрида ошпазлик қилаётган Собирахоннинг айтишича, бу ташкилотларнинг меҳнат муҳожирлари учун иссиғи ҳам, ёруғи ҳам тегмайди.

- Бунақа ташкилотларни билмаймиз, улардан бирор марта ёрдам ҳам олмаганмиз. Фақат ўзимиз меҳнат қилиб, ойлик олиб юбораяпмиз. Шу кунгача бирор кишининг ҳам улардан бирор хил ёрдам олганини эшитмаганман, дейди анча йиллардан буён бола-чақаси билан мардикорликда бўлган Собирахон.

Мустақил таҳлилчи Искандари Фируз тожик жамиятида қўзиқориндек кўпаяётган бундай тузилмалар фаолиятининг муваффақиятсизлиги сабабларига тўхталар экан, қуйидагича фикр билдирди.

- Мамлакатдаги бугунги ижтимоий-иқтисодий вазият ва Тожикистон ҳукуматининг Россия олдидаги ожизлиги нуқтаи назаридан Россияга иш ахтариб кетаётган минглаб фуқароларимиз муаммолари ҳамон ҳал бўлмай қолаяпти. Шуни назарга олган ҳолда мамлакат ичкарисида янги тузилган яна бир ташкилот бу яқин йилларда ўз олдига қўйган вазифа ва мақсадларига эриша олишига шубҳа қиламан, дейди таҳлилчи Искандари Фируз.
XS
SM
MD
LG