Линклар

Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетиянинг қонуний президенти эканини даъво қилаëтган Алла Жиоева хавфсизлик кучлари хуружидан сўнг касалхонага ëтқизилди.


Жанубий Осетияда сиёсий бўҳрон давом этмоқда. Пайшанба куни кечги пайт Жанубий Осетия президентлигига собиқ номзод Алла Жиоева штаби ҳукумат кучлари томонидан ишғол этилди.

Бу ҳақда хабар қилган Жанубий Осетия Марказий сайлов комиссияси ходимаси Таира Гаглоевага кўра, штаб биносига қора ниқоб таққан ҳарбийлар бостириб кириши олдидан Алла Жиоева олдига маҳаллий прокуратура ходими келиб, прокуратурага чақирилаётганини айтган.

“Рад жавоби олинганидан бироз ўтиб хонага 6 нафар қуролланган шахс бостириб кирди ва Жиоевага қарши куч ишлата бошлади”, дейди Таира Гаглоева.

- Унинг аҳволи ёмонлашди, унга ҳатто тез ёрдамни кечиктириб чақиришди. У ҳушидан кетганидан кейингина республика шифохонасига олиб кетилди. Бугун унинг аҳволи бироз яхшиланди. Бу олдиндан тайёрланиб келаётган акция эди, бироқ биз ҳукуматдагилар бундай чораларгача боради, деб ўйламаган эдик. Прокуратура унга қўяëтган давлат тўнтариши билан боғлиқ айблар эса мутлақо асоссиз ва кулгили, деди кузатувчи Таира Гаглоева.

Алла Жиоева штабига босқинда, ҳодиса жойида бўлган мухолифатчиларнинг гувоҳлигича, ОМОН, маҳаллий КГБ ва ФСБ ходимлари иштирок этган.

Шу куниёқ Жанубий Осетия Бош прокурори вазифасини бажарувчи Георгий Кабулов журналистлар олдида чиқиш қилди. Кабулов пайшанба куни кечқурун оппозиция етакчиси штабига терговчи чақириқ қоғозини олиб келгани, бироқ сўроқ давомида унининг аҳволи ёмонлашгани ва шундан кейингина терговчи милиция ва “тез ёрдам”ни чақирганини маълум қилди.

Алла Жиоева 10 февралга ўзининг президентлик инагурацияси маросимини белгилаган эди. Ноябрда ўтказилган Жанубий Осетия президенти сайловида у кўпчилик сайловчилар овози билан ғолибликни қўлга киритган, лекин суд сайлов натижаларини бекор қилган эди. Алла Жиоева Кремл қўллаб-қувватлаган номзод Анатолий Бибиловдан 16 фоиз кўп овоз олган.

Собиқ Маориф вазири Жиоева тарафдорларининг суд қарорига қарши ўтказган оммавий норозилик намойишлари оқибатида республикада сиёсий бўҳрон юзага келди. 18 январда Алла Жиоева ҳукумат билан муросага келишиш тўғрисидаги ҳужжатдаги имзосидан воз кечди ва халқ сайлаган қонуний президентлик лавозимини ўзига топширишни талаб қилди.

Грузия билан ҳарбий тўқнашув ветеранлари Иттифоқи раиси, жанубий осетиялик жамоат арбоби Тимур Цховребов мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг издан чиқиб бораётгани ортида Россияга қарши кучларнинг фитналари кўринаётганини гапиради.

- Кимдир Россия ва Жанубий Осетия муносабатлари яхшилигича қолмаслигидаН жуда манфаатдор. Менимча, бунинг ортида Россиядаги коррупциялашган кучлар турибди. Улар Жанубий Осетияга ажратилган ёрдамни аллақачон ўзлаштириб бўлган ва улар бу ҳол жамоатчиликка маълум бўлмаслиги учун вазиятни издан чиқармоқда, дейди Тимур Цховребов.

Осетиялик жамоат арбоби фикрича, яқин келажакда Жанубий Осетияда Москвадаги айрим корруцциялашган сиёсий кучлар намояндасининг президентлик лавозимини эгаллаш хавфи мавжуд.

Мустақил сиёсатшунос Алексей Вашченко эса Жанубий Осетиядаги ҳолатнинг ёмонлашиб боришига бевосита Кремл раҳбариятини айблади.

- Жанубий Осетия ва Приднестровьеда йўл қўйилган сиёсий хатолар Кремлнинг президент сайловлари олдидаги рейтингига жиддий зарба бераяпти. Содда қилиб айтадиган бўлсак, осетинларга улар ҳеч ким эмасликлари ва уларнинг овозлари бир пулга қимматлигини очиқчасига намойиш этишди. Бундан кейин ҳам Кремлдан босим давом этаверади. Менимча, Кремл маъмуриятидагиларнинг оддий ахмоқлиги Жанубий Осетиядаги сайловлар каби Россиядаги президент сайловлари давомида ҳам айнан шаклда ўтказилишини билдиради, дейди сиёсатшунос Алексей Вашченко.

Мамлакатни 10 йил бошқарган Эдуард Кокойти ўз ўрнига ҳозирда Вадим Бровцевни Жанубий Осетия республикасида вақтинчалик президентлик лавозимига тайинлаб кетган.

2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида қисқа муддат бўлиб ўтган урушдан кейин Москва Грузиядан ажралиб чиққан Жанубий Осетия мустақиллигини тан олди.

Шу кунга қадар Жанубий Осетия мустақиллигини Россиядан ташқари Марказий Америкадаги икки давлат ҳамда Тинч океанидаги кичик орол мамлакати тан олган.
XS
SM
MD
LG