Линклар

Тожикистон Ислом уйғониш партияси мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси масъулларини ёлғон хабар тарқатганликда айблади.

Халқ орасида “Собири ванжи” лақаби билан танилган Собир Ардабоевнинг наркотик контрабандаси билан қўлга олинган ҳақидаги хабар 9 феврал куни Тожикистон давлат телевидениеси орқали бир неча марта такрорланди ва унинг Ислом уйғониш партияси фаолларидан бири эканига алоҳида урғу берилди.

10 феврал куни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари томонидан тасдиқлаган бу хабар мамлакатдаги қатор сайтларда ҳам нашр қилинди.

- 3 феврал куни хавфсизлик ходимларининг Бадахшон вилоятига қарашли Рушон тумани атрофида ўтказган махсус амалиёти натижасида йўловчи ташувчи автомобил багажидан 20 килограмм наркотик модда топиб мусодара қилинди. Афғонистондан ўтказилган наркотик контарабандасида гумонланган уч шахс қўлга олинди. Улардан бири трансмиллий жиноий гуруҳ аъзоси, Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаолларидан Собир Ардабоевдир, деди Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот бошлиғи Нозиржон Бўриев.

Хавфсизлик қўмитаси масъулининг билдиришича, бу иш юзасидан аллақачон жиноий иш очилган ва терговни хавфсизлик ходимлари олиб бормоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийлари наркотиклар ноқонуний савдосида гумонланиб қўлга олинган шахс айнан шу партия фаолларидан бири эканига оид маълумотларни инкор этиб, расмий раддия берди.

- Хавфсизлик расмийлари қўлга олинган бу шахсни жамиятга “Ислом уйғониш партияси фаоли”, деб таништирди. Бу хабар партиямизга нисбатан туҳмат ва бу маълумотлар қип-қизил ёлғондан бошқа нарса эмас. Хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган Собир Ардабаев ҳеч қачон Ислом уйғониш партияси сафида бўлмаган. Бугун ҳуқуқ-тартибот органлари масъулларининг партиямиз ва унинг аъзоларига нисбатан бу каби муносабати жуда ташвишланарлидир, деди мухолифатдаги партия расмийси Ҳикматулло Сайфуллозода.

Ўтган ҳафта Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати давлат раҳбарига тегишли бўлган Халқ демократик партиясининг жойлардаги етти нафар вакили қаллоблик ва сохта ҳужжатлар билан ер сотганликда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилган эди.

Ислом уйғониш партияси расмийси Сайфуллозода ана шу далилларга ҳам тўхталар экан, сўнгги бир неча йил давомида президент Имомали Раҳмон бошқараётган мазкур партиянинг қарийиб 20 000 аъзоси турли жиноятларда гумонланиб қўлга олингани, аммо улардан бирортаси ҳали давлат телевидениеси орқали жамиятга таништирилмаганини таъкидлади.

- Тожикистон Халқ демократик партиясининг кўплаб қонунбузарлик содир этган фаоллари ва аъзолари қўлга олинганида ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари уларнинг қайси партияга аъзолиги ҳақида оғиз очмасликка ҳаракат қилади. Халқ демократик партиясининг жамиятимизда порахўрлик, ўғирлик, давлат мулкини талон-тарож қилганлик, қотиллик ва бошқа шу каби жиноятларни содир этган юзлаб аъзолари жиноий жавобгарликка тортилди ва бу партия сафидан ҳайдалди. Лекин бу маълумотлар ҳали бирор марта давлат нашрларида чоп этилмаган, деди мухолифатдаги партия фаоли Сайфулозода.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси минтақадаги ягона диний-сиëсий партия саналади. Расмий манбалар бу партиянинг 40 000 дан ортиқ аъзоси борлигини айтади.

Тожикистондаги ҳукмрон Халқ демократик партияси Ислом уйғониш партиясига рақиб сифатида кўрилади.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, ҳар гал сиёсий тадбирлар арафасида ҳукмрон партия ўз рақибларига қарши “қора пиар” ўйинини бошлайди.

Таҳлилчилар фикрича, Ислом уйғониш партиясига қарши давлат матбуотида шундай маълумотларнинг берилиши келаси йил мамлакатда кутилаётган президентлик сайловлари олдидан бу партиянинг жамиятдаги нуфузини йўқотишга уриниш сайъ-ҳаракатлари бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG