Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:59

Араблар Россия ва Хитой молларини бойкот қилмоқчи


Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурия режимига қарши резолюциясига вето қўйганидан ғазабланган араб фаоллари Россия ва Хитой молларига 12 феврал куни бир кунлик бойкот эълон қилдилар.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ваколатига эга доимий аъзолари Россия ва Хитойнинг Сурия режимига қарши халқаро санкцияларни кўзда тутувчи резолюцияни вето қилгани ҳеч кимни ажаблантирмаса-да¸ кўпчиликни ғазаблантирмай қолмади.

АҚШ Давлат котиби Москва ва Пекин қарорини “пародия” деб атаган бўлса¸ БМТ Бош котиби унинг Сурия халқи учун фалокатли оқибатларидан огоҳлантирди.

Ғарб ҳукуматлари билан биргаликда Башар ал-Ассад истеъфосини талаб қилаëтган Араб лигаси раҳбари Набил ал-Арабий Сурия халқи ҳақлари ëппасига поймол қилинаëтган бир пайтда¸ бирор давлатнинг бу каби БМТ резолюциясига вето қўйиши ўзини оқлай олмаслигини билдирди:

- Афсусларким¸ Россия ва Хитой делегациялари сўнгги дақиқада резолюцияни вето қилишга қарор бердилар. Шу ерда мен¸ руслар Сурия масаласида бўладими¸ ëхуд АҚШ Фаластин бўйича¸ уларнинг вето ваколатини ишга солишини мутлақ қабул қилиб бўлмас ҳол деб баҳоламоқчиман¸ деди Араб лигаси раҳбари.

Сурияда ҳукумат кучларининг ўз мухолифларига қарши зўравонлиги¸ хусусан қисқа муддат аксил-ҳукумат кучлари қўлига ўтган Ҳомс шаҳрига қарши ҳарбий амалиëтлари ҳамон давом этмоқда.

Бундай вазиятда қатор араб давлатларида аҳолини Россия ва Хитой молларини бир кун бойкот қилишга чақириқлар бошланди.

Бу ташаббусни бошлаган Мусулмон биродарлиги ташкилотининг Суриядаги фаоллари Россия ва Хитойда ишлаб чиқилаëтган маҳсулотларни сотиб олган араб ўз қўлини биродари қонига булғашидан огоҳлантирмоқда.

Бугунга келиб бу бойкотга Иордания¸ Саудий Арабистони ва бошқа араб давлатларидаги журналист ва ҳуқуқ фаоллари ҳам қўшилиб¸ араб дунëсини 12 феврал куни Россия ва Хитой молларини бир кунга¸ кейинроқ эса¸ узоқроқ муддатга бойкот қилишга чақирмоқдалар.

Бу бойкотни қўлловчилар Facebook каби ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар очмоқдалар.

Хусусан¸ Араб зиëлилари иттифоқининг Facebookдаги саҳифасида рус айиғи ва Хитой аждаҳосига қарши тўлақонли маданий ва иқтисодий уруш очишга даъват қилинади.

Ҳозирда бу саҳифалардан энг оммалашганида 6 500 тарафдори бор ва бу саҳифада Сурия болаларининг Хитойда ишлаб чиқарилган ўйинчоқларга ўт қўяëтгани акс этган видеолавҳалар қўйилган.

Аммо кузатувчилар¸ Россия¸ айниқса Хитой молларини ҳатто бир кунга бойкот қилишнинг ҳам амалда осон иш эмаслигини айтмоқдалар.

Бутун дунëни арзон пластик халталардан то мобил телефону компютерларгача таъминлаëтган Хитой моллари¸ айтилишича¸ араб дунëси учун ҳам асосий истеъмол моллари манбаси ва Араб лигаси давлатларинигн Хитой билан йиллик савдо қиммати 200 миллиард долларни ташкил қилади.

Айни пайтда¸ Хитой ўзининг ëнилғига бўлган эҳтиëжининг учдан бирини араб давлатларидаги заҳиралардан қондирмоқда.
XS
SM
MD
LG