Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:49

Афинада полиция билан намойишчилар тўқнашди


Греция пойтахти Афинада полиция ходимлари билан ҳукуматнинг сарф-xаражатларни қисқартириш дастурига қарши намойишга чиққан одамлар ўртасида тўқнашув юз берди.


10 феврал кунги тўқнашувлар пайтида ҳеч кимга жароҳат етмаган, намойишчилар ҳибсга олинмаган.

Афина полицияси ходимлари тош ва ёнғин чиқарувчи “Молотов коктейллари” отаётган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Айни пайтда, жума куни Грециядаги давлат ва хусусий секторда фаолият юритаётган касаба уюшмалари мамлакат бўйлаб 48 соатлик иш ташлаш акциясини бошлади.

Автобус ҳайдовчилар иттифоқи вакили Константинос Сиоритис Рейтерс ахборот агентлигига ҳукуматнинг xаражатларини қисқартириш дастурига қарши кураш давом этишини айтди.

- Давлат xаражатларини қисқартириш бўйича тройка (ЕИ, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа Марказий банки) ва ҳукуматимиз бизга мажбуран жорий қилаётган чораларга қарши чиқишимиз шарт. Биз уларга қарши курашишимиз ва бу чораларга қарши иш ташлашимиз шарт, деди Константинос Сиоритис.

Мактаб ўқитувчиси Филотеос Леккас юзага келган танг вазият инобатга олинса, Греция дефолтга учрашини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Жуда кўп хатоларга йўл қўйилди. Энди бу хатоларни тузатиш ундан ҳам қийиш. Амалда биз бир томонлама йўлда турибмиз. Дефолт бу факт. Ҳозир ёки чоралар кўриш, ёки дефолтга учраш тўғрисида гапириш ўринсиз. Афтидан дефолт юз берадиганга ўхшайди, деди мактаб ўқитувчиси Филотеос Леккас.

Давлат xаражатларини қисқартириш бўйича Афина ҳукумати ишлаб чиққан режада давлат идораларида ишлаётган ходимлар маошини 22 фоизга камайтириш, ходимлар сонини қисқартириш ҳамда янги солиқлар жорий қилишни режалаган.

Бироқ Европа Иттифоқи Молия вазирлари бунинг етарли эмаслигини айтмоқда.

Еврозона Молия вазирлари Греция дефолтга учрамаслиги учун бу давлатга молиявий ёрдам кўрсатиш хусусида қарор қабул қилишни кечиктирди.

Айни пайтда вазирлар Греция ҳукумати 15 февралга қадар бажарилиши керак бўлган яна учта шарт белгиладилар.

Грециядаги сиёсий партиялар раҳбарлари халқаро кредиторлардан 130 миллиард евролик қарз олиш учун шарт қилиб белгиланган ислоҳотлар хусусида келишувга эришилганини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб Люксембург Бош вазири Жан Клод Юнкер Греция яна учта шартни бажариши кераклигини эълон қилди.

- Сўнгги кунларда эришилган муҳим муваффақиятга қарамасдан, бугун қарор қабул қилишимиз учун зарур бўлган шароит юзага келмади. Биринчидан, Греция парламенти 12 феврал кунги йиғилишида Греция ҳукумати билан ЕИ, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа марказий банки ўртасида эришилган шартномани тасдиқлаши керак.

Иккинчидан, 2012 йилда бюджет камомадига йўл қўймаслик учун структуравий харажатларни яна 325 млн еврога қисқартириш учун зудлик билан чоралар белгиланиши керак.

Учинчидан, коалициядаги партиялар раҳбарларидан ислоҳотлар амалга оширилиши тўғрисида кучли сиёсий кафолат берилиши лозим, - деди Люксембург Бош вазири.

Европа Иттифоқининг иқтисодий масалалар бўйича комиссари Олли Рейн еврозона давлатлари Афина ҳукуматини давлат қарзларини тўлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этишга мажбур қилиш масаласини “жиддий кўриб чиқаётгани”ни билдирди.

Греция 130 миллиард еврога тенг халқаро ёрдамни ололмаса, март ойида дефолтга учраши мумкин.
XS
SM
MD
LG