Линклар

logo-print

АҚШда халқаро террор гуруҳига моддий кўмак берганликда айбланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторовнинг онаси Робия Мухторова 9 феврал куни Тошкентда қўлга олиниб, кейин қўйиб юборилди.

Робия Мухторованинг Озодликка айтишича, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ходимлари билан ўғли Жамшид масаласида учрашиш учун борганида, уни Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари ушлаб олиб кетган.

- Мени нимага ушлайди билмайман, ҳайронман мен. Тошкентга бордим. Америка элчихонасига кирмоқчи эдим. Учта барзангидай йигит “юринг биз билан” деди. “Бормайман” дедим. Кейин иккитаси шундай қўлтиғимдан олдида машинага отди мени. Кейин шаҳар прокуратурасига олиб боришди. Телефоним бўйнимга илинган эди. Телефон бўлиб қолган эди, куч билан тортиб олди. Соат 7гача мени олиб ўтиришди. То Жиззах ички ишлар, УВД ҳамма ëққа, мен яшайдиган жойларгача бутун тревога қилиб телефон қилишган. Уйимга 5-10таси келган. Неварам уйда эди. У: “Ҳаммаси келган бу ерга сизни ахтариб” дейди, - деди Мухторова.

Тошкентдан Жиззахга мажбуран қайтарилган Робия Мухторовага кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унинг олдига Тошкентга бошқа бормаслик талабини қўйишган.

- Кечаси соат 11ларда туман ИИБга олиб келишди. Машинага мени босиб олиб келди. Бу ерда улар “Опа, нима проблемангиз бор? Бизга айтаверинг. У ëққа борманг, умуман борманг” деди. “Қандай? Мумкин эмасми? У ëққа, бу ëққа юраман ишим билан” дедим. “Борманг” дейди. Бошқа ҳеч нарса демайди, - дейди Мухторова.

Робия Мухторованинг ўғли 35 ёшли Жамшид Мухторов АҚШ Давлат департаменти томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилинган “Исломий Жиҳод Иттифоқи"га моддий ёрдам кўрсатишганликда айбламоқда.

62 ёшли Робия Мухторова ўғлига қўйилаётган бу айбловларни бўҳтон деб ҳисоблайди.

- Ўқитувчининг боласидан жиноятчи чиқадими? Пул масаласида мен ишонмайман. Кичкинамни бировга пул берди деса ишонаман. Унда пул бор. Каттам (Жамшидни назарда тутаяпти- таҳр.) машинасини сотиб укасини даволатдику. Туркияга келаëтганда ҳам кичкинадан пул сўраган, кичкина укаси пул бериб таъминлади, - дейди Мухторова.

Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах бўлимининг собиқ раиси¸ 2007 йилдан бери АҚШдан сиëсий бошпана олган Жамшид Мухторов 21 январ куни Чикаго халқаро аэропортида Истанбулга учиш олдидан қўлга олинган эди.

Робия Мухторовага кўра, ўғли Туркияга фақат онаси билан учрашиш учунгина келаётган бўлган.

- Мен билан кўришгани келаëтган эди. Телефон қилди. Бу ерда Жамшиднинг телефонларини ҳамма вақт эшитиб туришади. Ўзимизнинг ички ишлар¸ кимга нима гап ҳаммасини эшитади. “Мен билет олдим, аяжон. Чикагодан Туркияга учаман. Сиз келасиз. Учрашамиз. Сизни кўрай” деди. Мен билан учрашишга борган эди бечора болам. Биз она-бола эмас опа-укадай гаплашамизда. Жамшид “Аяжон, одамлар қизиға? Бу ерда бизда ҳар хил оқимлар, китоблар ўқиш тақиқланмайди масжидларда. Ўшани ўқиб ҳаммасининг кун тартиби, ишлари билан танишдим. Ўйладим. Ўйлаб қарасам, Ўзбекистон кучли давлат. Булар ислом мамлакатини қиламиз¸ деяпти. Лекин Ўзбекистонга кучи етмайдику. Бекор ишлар булар” деган. Менинг ўзимга шу гапни гапирганидан кейин кўнглим тинч бўлдида, - дейди Робия Мухторова.

7 феврал Денвер маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айбларини яна бир бор рад этди.

Жамшид Мухторов ишини кўриб чиқаётган Колорадо штати Адлия бошқармаси вакили Жэфф Доршнернинг матбуотга айтишича, қўлга киритилган далиллар ўзбек қочқинининг террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлганини кўрсатмоқда.

Айни пайтда Жамшид Мухторовнинг Қўшма Штатлар ҳудудида бирор ҳужумни режалаштирганига оид маълумот йўқ.

Жамшид Каримов 2007 йилда АҚШда бошпана топиб, ҳибсга олингунга қадар рафиқаси, 11 ёшли қизи ва 8 ёшли ўғли билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Айби исботлангани тақдирда Мухторов 15 йилгача қамалиши мумкин.

Ўзбек қочқини Мухторов устидан навбатдаги маҳкама 14 февралга белгиланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG