Линклар

Тожикистонда ота-оналар мажлисини ўзбек тилида олиб боргани учун лавозимидан бўшатилган мактаб директори ишига қайтди.

Қабодиён туман ҳукумати масъуллари Янги йўл қишлоғидаги 31-ўрта мактаб директори Баҳодир Номозовнинг ишдан олиниши тўғрисидаги қарор мамлакат қонунларига зид эканини очиқчасига эътироф қилди.

Туман ҳукуматининг микрофонга гапиришни истамаган ходимига кўра, “мактаб деректорининг ишдан олиниши маҳаллий ҳукумат бошлиқларининг буюртмаси билан амалга оширилган”.

Қайта ўз вазифасига тайинланган мактаб директори Баҳодир Намозов Озодлик билан суҳбатда 6 февралда ишхонасига қайтганини, аммо ишга қайта тикланганига ҳали ҳам ишонолмаётганини айтди.

- Чунки бизнинг раисимиз (Қабодиён туман ҳукумати раиси назарда тутилмоқда, - таҳр.) роса қаттиққўл одам. Ҳалигача унинг айтган гапи қайтарилмаган. Менгача қанча-қанча директорлар ишдан олинган эди. Ҳеч ким менинг қайта тикланишимга ишонмаган эди. Мен ўзимга нисбатан чиқарилган қарор ноқонуний эканини билдим, аммо судга мурожаат қилмадим, - деди мактаб директори Номозов.

У ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятига мурожаат қилганини ва адолат тантана қилишида айнан шу жамиятнинг таъсири катта бўлганини қўшиб қўйди.

- Икки миллионга яқин ўзбеклар яшаётган Тожикистонда бизнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларимиз назарга олинар экан, шундан хурсандман, - деди биз билан суҳбат сўнгида ўз вазифасига қайта тикланган директор.

Қабодиён туманидаги аксарияти ўзбек миллатига мансуб ўқувчилардан иборат 31-ўрта мактабнинг директори Баҳодир Намозов 31 январ куни ишдан олинганди. Туман таълим бўлими директорни ота-оналар мажлисини давлат тили бўлмиш тожик тилида олиб бормагани учун ишдан бўшатгани айтилганди.

Таълим бўлимида шундай қарор қабул қилинишига эса Янги йўл қишлоғи Саидназар Худойқулов номли жамоат кенгашининг раис муовини Оқгул Аннаеванинг ҳисоботи асос қилиб олингани таъкидланганди.

Озодлик билан суҳбатда Аннаева хоним мажлисни тожикча олиб бормаган “директор жиноятга қўл урди”, дея таъкидлаганди.

Баҳодир Номозов номидан шикоят аризаси олган Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррама Мирзоалиева ва унинг муовинлари билан юзма-юз учрашувда маҳаллий ҳукумат вакиласи Аннаева ўз хатосини тушуниб етганини айтиб, директордан оғзаки ва ёзма равишда кечирим сўраган.

- Ҳай, нима қилайлик энди, бир хато бўлди бўлди-да. Мумкин орамизда тушунмовчилик бўлгандир, - деди маҳаллий амалдор.

Бироқ Янги йўл қишлоғи Саидназар Худойқулов номли жамоат кенгаши раис муовини Аннаева қишлоқдаги 31-ўрта мактабни ҳам тумандаги бошқа мактаблар сингари тожиклаштириш режасидан қайтмаганини қистириб қўйди.

Сўнгги икки йил ичида Тожикистондаги кўплаб ўзбек синфлари, ҳатто каттагина мактаблар ҳам тожиклаштирилаётгани кўп кузатилади.

Бироқ бу мамлакатда 2009 йили “Давлат тили тўғрисида” янги таҳрирдаги қонун қабул қилингандан буён мажлисни оммага тушунарли бўлиши учун ўзбек тилида олиб борган шахс вазифасидан бўшатилгани илк бор кузатилмоқда.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонунда давлат барча идоралари, таълим муассасалари, корхоналар ва олийгоҳларда иш юритиш давлат тили, яъни тожик тилида олиб бориши шартлиги белгиланган. Аммо қонунда мамлакатдаги бошқа миллат ва кичик элатларнинг расмий тадбирлар чоғида ўз она тилида сўзлашиши ёки фикр алмашишига таъқиқ қўймаган.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, жойларда маҳаллий ҳукумат амалдорларининг қонунлардан яхши хабардор эмаслиги уларнинг ана шундай кўр-кўрона қарорлар қабул қилишига сабаб бўлаётир. Кўп ҳолларда, таҳлилчилар фикрича, маҳаллий ҳокимият вакиллари “салла ўрнига калла келтириш” қабилида иш тутаётгани Тожикистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига путур етказмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG