Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:58

Ҳокимликка фақат бир миллат вакиллари сайланмоқда


Қирғизистонда феврал ойи бошидан буён ўтказилган сайловларда сайланмиш 34 туман ҳокимининг барчаси қирғиз миллатига мансуб.

Бу ҳақда фикр билдираётган фуқаролик жамияти фаоллари 80 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилувчи Қирғизистонда ҳокимлар фақат битта миллат вакилларидан иборат бўлиши мамлакат обрўсига путур етказиши мумкинлигини урғуламоқдалар.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига бошқа миллат вакилларидан раҳбарлар сайланмай қолишини миллий озчиликлар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши, деб ҳисоблайди:

- Мамлакатимизда 80 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Шундоқ бўлганидан кейин рус ва ўзбеклардан қўшиб қўйишмайдими? Қирғиздан бошқа одам топилмаяптими, бу нима дегани? Ўзбеклар, руслар, уйғурлар, туркларнинг орасида ишлай оладиган одамлар бор-ку. Бизда қанча қозоқлар бор, билимли одамлар бор, курдлар бор, ўшалардан ҳам сайлаш керак-да, - деди Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун.

2009 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Қирғизистон аҳолисининг 70 фоизи қирғизлар, 14 фоизи ўзбеклар, 7 фоизи руслардан иборатдир. Қирғизистонликларнинг қолган тўққиз фоизини дунган, уйғур, қозоқ, турк, татар, корейс, немис, украин ва бошқа миллатларга мансуб кишилар ташкил этади.

2010 йили Қирғизистон жанубида рўй берган миллатлараро низодан сўнг қирғиз расмийлари миллий сиёсатга катта эътибор қаратилишини маълум қилгандилар. 2011 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида ҳам номзодлар томонидан мамлакатда миллатлараро муносабатларни яхшилаш масаласига катта эътибор қаратилиши ҳақида кўплаб ваъдалар берилган. Бироқ қирғизистонликлар бу ваъдалар амалга кўчмаётганини қайд этмоқдалар. Хусусан, “Замандаш-Современник” партиясининг ҳамраиси Станислав Епифанцев фикрича, миллатлараро муносабатларни изга солиш учун расмийларда сиёсий ирода етишмаяпти.

- Кўпчилик “электоратимни йўқотиб қўяман” деб, бундай қадамга боришдан қўрқади. Бошқа томондан, бу сайловда сохта ватанпарварлик орқали очко йиғиш истагидан келиб чиққан популизм маҳсулидир, - деди Станислав Епифанцев миллий тотувлик ва тенглик тарғиботи масалаларида қирғиз расмийларининг сусткашлик қилаётгани сабабларига тўхталаркан.

Қирғизистонда миллий озчиликлар вакиллари зич яшайдиган ҳудудларда ҳам уларнинг вакиллари сайловларда ҳокимликка номзод сифатида иштирок этмаганлиги кузатилган. Бу эса кузатувчилар томонидан миллий озчилик вакилларида мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётига аралашиш, қизиқиш истаги йўқлиги ўлароқ талқин қилинаяпти.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов фикрича, миллий озчиликлар вакилларининг сайловларда иштирок этмаганлигига бир қанча сабаблар бор:

- Ҳозирги пайтда бирорта ҳоким ёки унинг ўринбосари лавозимига бошқа миллат вакилларидан тайинланишини талаб қилиш иложсиз, деб ўйлайман. Айниқса давом этиб келаётган постконфликт шароитида. Нафақат ўзбек, бошқа миллатлар - руслар, дунганлар, уйғурлардан ҳам тайинланишининг иложи йўқ. Нега деганда, ҳозир миллатчилик жуда авжига чиққан пайт бўлиб қолди.

Озодлик: Бошқа миллат вакилларидан ҳокимликка лойиқ номзодлар борми?

- Албатта бор. “Йўқ” дейиш бу катта хатолик бўлади. Лекин ўша бошқа миллат вакиллари шароитни кўриб турибди-да. Гапни лўндасини айтсак, ўша тайинланаётган қирғизлар орасида ҳам сайланиш учун бошқа критерийларниям қарашимиз керак. Улар қайси партияга тегишли, кимнинг одами, қаерлик? Масалан, бишкеклик одам Новкен ёки Бозорқўрғонда сайланиб қолиши қийин. Маҳаллийчилик, уруғчилик деган нарсалар жуда кучли, - деди Абдумалик Шарипов.

Қирғизистон Халқлар ассамблеяси раиси Бектемир Мурзубраимов миллий озчилик вакилларини мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаштириш, уларни масъул лавозимларга тайинлаш учун ҳали ҳам вақт бор, деган фикрда.

- Ҳокимлар бир миллатдан сайланган бўлса, уларнинг ўринбосарлари ёки бошқа масъул лавозимларга ўзга миллат вакилларидан сайлаш керак. Бу жуда муҳим. Кўп миллатли мамлакат ҳукумат тизимларида бошқа миллат вакилларининг бўлмаслиги тўғри эмас, - деди Қирғизистон Халқлар ассамблеяси раиси Бектемир Мурзубраимов.
XS
SM
MD
LG