Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:49

Бердимуҳаммедов президентликка қайта сайланди


Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов.
Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президент сайловида мамлакатнинг амалдаги раҳбари Қурбонгули Бердимуҳаммедов ғалаба қилди. Туркманистон Марказий сайлов комиссияси Бердимуҳаммедов 97,14 фоиз овоз олганини эълон қилди.

Шундай қилиб, Бердимуҳаммедов иккинчи президентлик муддатига қоладиган бўлди. Президентлик курсиси учун жами саккиз номзод курашди, Бердимуҳаммедовнинг етти рақиби олган овозни қўшиб санаганда, сайлов комиссияси маълумотларига кўра, аранг бир фоиздан ошган.

Туркманистондаги президентлик сайловини 2340 нафар маҳаллий кузатувчи ва МДҲ мамлакатларидан келган 63 нафар кузатувчи кузатди.

ЕХҲТ кузатувчилари 12 феврал кунги сайловга келмади.

Туркманистонда Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 2 миллион 987 минг 324 сайловчи рўйхатга олинган. Шулардан якшанба кунги тарбирда 96,28 фоизи қатнашган.

Расмий маълумотларга кўра, сайловчилар фаоллиги фавқулодда юқори бўлганига қарамай, Туркманистондан олинган хабарларга кўра, ҳозирда овоз беришга келмаган сайловчилар таъқиб қилинмоқда.

Озодликка ашхободликлардан келган электрон мактубда айтилишича, маҳаллий ҳокимият вакиллари сайловда қатнашмаган фуқаролар уйларига келиб, “нега сайловга чиқмадинг”, дея дўқ-пўписа қилмоқда. “Мен сайловда иштирок этишни истамадим, деганимда, ҳали кунгинги кўрсатиб қўйямиз, дея таҳдид қилишди”, деб ёзди исми сир қолишини истаган ашхободликлардан бири.

Туркманистоннинг Москвадаги элчихонаси якшанба куни, Россияда ишлаётган ёки ўқиётган туркманистонликлар овоз бериши мумкин бўлган ягона манзил бўлди.

Озодликнинг Москвадаги мухбири Гўзал Худойбердиева сайловни ёритиш учун элчихонага борганида, уни шахсан элчи Холназар Оғохоновнинг ўзи ҳайдаб солди.

- Сайловларнинг қандай ўтказилганини кузата олмадим. Чунки мени, элчихона берадиган аккредитациянинг йўқлиги баҳонасида ичкарига қўйишмади. Дарвоқе, эшик олдида турганимда у ердан ўтиб кетаётган элчи журналист эканимни билгач, қўпол тарзда элчихона ҳудудидан кетишимни талаб қилди, дейди Озодлик мухбири.

Гўзалнинг айтишича, у сайловдан олдин бир ҳафта давомида аккердитация олишга ҳаракат қилган, лекин бу уринишлар натижа бермаган.

Бундан ташқари, дейди ҳамкоримиз, элчихона қошида ташкил қилинган сайлов участкасида сайловчилар рўйхати ҳам эълон қилинмаган.

- Афсуски, сайловчилар билан ҳам гаплашишнинг иложи бўлмади, чукни одамлар деярли келмади. У ерда бир соат турган бўлсам, бу вақт ичида, кузатувчлримга кўра, элчихонага 30 га яқин одам кирди. Уларнинг қанчаси сайловчи эканини ҳам айтиш қийин, дейди Озодлик мухбири Гўзал Худойбердиева.

55 яшар Қурбонгули Бердимуҳаммедов 2006 йилда Туркманистон собиқ президенти Сапармурод Ниёзов ўлгач, ҳокимият тепасига келган.

Бу сафарги сайловда унга Тошҳовуз вилояти ҳокими ўринбосари, Ражап Бозоров, “Маригазчиқариш” ширкати раҳбари Какагелди Абдиллаев, "Туркманнефт" давлат ширкати бошлиғи Қурбаннемат Мулланиёзов, сув хўжалиги вазири Аннагелди Ёзмуродов, “Лебапгурлушиқ” ширкати бошлиғи Эсендурд Ғойипов, Кўктепа пахта фабрикаси директори Сапармурот Ботиров ҳамда энергетика ва саноат вазири Ёрмухаммат Ўразгулиевлар рақиб бўлгани айтилди.

Якшанба кунги овоз бериш Туркманистон янги тарихидаги иккинчи рақобатли президент сайлов экани айтилаётган бўлсада, кузатувчилар уни на адолатли ва на эркин деб атамоқда.

Туркманистон собиқ президент Сапармурот Ниёзов даврида ҳам, иқтидордаги Қурбонгули Бердимуҳаммедов даврида ҳам дунёнинг энг ёпиқ ва авторитар давлатларидан бири бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG