Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Тожикистон Миллий Ҳаракати ташкил этилди


Тожикистон Миллий Ҳаракати сайти.
Тожикистон Миллий Ҳаракати сайти.

Тожикистон ташқарисида мамлакат ҳукуматига мухолиф сиёсий ҳаракат тузилди.

Бу борада мазкур ҳаракат фаоллари – хориждаги бир гуруҳ тожикистонликлар янги ташкилот сайти орқали хабар тарқатди.

Янги тузилган Тожикистон Миллий Ҳаракати таъсисчилари Россия, Америка, Эрон каби давлатлар ва Европанинг қатор мамлакатларида минглаб тарафдорларга эга эканини иддао қилмоқдалар.

Сиёсий ҳаракатнинг мақсади келаси йили Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловининг шаффоф бўлишини таъминлашдан иборат экани айтилмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳаракат президент сайловидан сўнг мамлакатда сиёсий ислоҳот ўтказилиши масаласини ҳам кўтармоқда.

Тожикистондаги давлат бошқарувини “диктаторлик” деб таърифлар экан, Миллий Ҳаракат масъуллари бу мамлакатда президентлик муҳлати етти йилдан тўрт йилгача қисқартирилиши ва бир шахс икки муддатдан ортиқ сайланмаслиги лозимлигини таъкидламоқдалар.

Ташаббускорлари эълон қилинмаган Тожикистон Миллий Ҳаракати тожик жамиятидаги сиёсий партиялар ва бошқа шу каби мухолиф гуруҳларни Тожикистонда ҳақиқий демократик давлат барпо этиш ғояси остида бирлашишга чақирган.

Хўш, Тожикистон ташқарисида яшаётган ва ҳатто кимлигини ошкор қилмаётган бу гуруҳнинг баёноти сиёсий жиҳатдан қанчалик аҳамиятга эга?

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг биринчи муовини Сайидумар Ҳусайний фикрича, ўзини иқтидордаги ҳукуматга мухолиф деб таништирган бу ҳаракат жамият билан виртуал дунё орқалигина мулоқот қиларкан, бирор-бир натижага эриша олмайди.

- Тажрибадан маълумки, бундай одамлар сиёсат саҳнасига кириб, жамият билан жисман яқин бўлмаса, одамлар уларни танимаса, улар яхши фикр ва ғояга эга бўлса ҳамки, бирор мақсадга эриша олмайди. Мен бунга аминман, - дейди Ҳусайний жаноблари.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров фикрича ҳам, ўз дастурини мамлакат ичкарисида амалга ошириш имконига эга бўлмаган бундай ташкилотлар мамлакат сиёсатига ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди.

- Бу бир виртуал ҳодисадир ва виртуаллигича қолади. Чунки бу ҳаракатнинг интернет орқали тақдим этилган таклифларидан маълумки, улар сиёсий жиҳатдан ҳали анча хом ва тажрибасиз. Бундай ҳаракатнинг бўлиши табиий, биз бунга қарши эмасмиз. Лекин янги фаолият бошлаган бу ҳаракат Тожикистоннинг сиёсий ҳаётига ҳеч қанча таъсир ўтказа олмайди, - дейди Стратегик тадқиқотлар маркази эксперти Сафаров ишонч билан.

Сафаров мамлакат ташқарисида қайддан ўтган “Ватандор” ва БАС каби ижтимоий-сиёсий ҳаракатларга ишора қилиб, Тожикистон Миллий Ҳаракати ҳам ана шу ташкилотлар сингари тожик жамияти учун нотанишлигича қолавериши мумкинлигини таъкидлади.

Бироқ тожикистонлик мустақил таҳлилчи Жўра Юсуфий Миллий Ҳаракат сиртдан ишлаган тақдирда ҳам тожик жамиятидаги мухолиф кучлар томонидан қувватланса, ўз мақсадига эришиши эҳтимоли бор, дейди.

- Тожикистоннинг мухолифатдаги сиёсий партиялари бу ҳаракат дастурлари ва ғоясини қўллаб-қувватласа, у ҳолда бу ҳаракат уринишларидан бир натижа чиқади ва улар келаси йилги президентлик сайловларининг шаффоф ўтишига албатта таъсир қила олади. Аммо фақат мамлакат ташқарисидаги кучларга, сиёсий доираларга таянган ҳолда иш юритиш бу ҳаракатнинг тезда хотирадан ўчишига олиб келади, - дейди мустақил таҳлилчи Жўра Юсуфий.

Тожикистон Миллий Ҳаракати 10 феврал куни эълон қилган баёнотида келаси уч ой давомида янги тузилманинг қайдга олинганига оид гувоҳномаси, ҳаракат масъулларининг номи Тожикистон ҳукуматининг тегишли идораларига тақдим қилинишини билдирган.
XS
SM
MD
LG