Линклар

В. Жириновский: Эшак - Россия тимсолига айланди!


Россия Либерал демократик партиясининг ўзгармас етакчиси Владимир Жириновский "жанжалкаш сиёсатчи" сифатида ном қозонган.

Россия Либерал демократик партиясининг ўзгармас етакчиси Владимир Жириновский "жанжалкаш сиёсатчи" сифатида ном қозонган.

Россия президентлигига номзод Владимир Жириновский ўзининг сайлов олди видеоролигида эшакни савалагани Россия сиёсий саҳнасида жанжалга сабаб бўлмоқда.

30 секундлик видеоролик пайдо бўлиши биланоқ Россия Интернет оламида катта шов-шувни келтириб чиқарди.

Видеоклипда Россия Либерал демократик партиясининг ўзгармас етакчиси Владимир Жириновский чанғи-арава уланган эшакни беаёв савалаётгани тасвирланган. Бироқ Интернет фойдаланувчилари ва ҳайвонот олами ҳимоячилари ғазабига бу ҳам эмас, балки Владимир Вольфович Россияни эшакка қиёслаётгани сабаб бўлди.

- Биз нимага айландик? Мана шу қўтир, кичкинагина хўтик – мамлакатимиз тимсолидир. Агарда мен президент бўладиган бўлсам – биз яна азамат рус тройкасига айланамиз! Ҳайда, ҳайда!– деб ўшқиради эшакка ЛДПР раҳбари.

Бироқ эшак жойидан жилмайди. Шунда у жон-жаҳди билан эшакни савалай кетади.



- Аранг қимирлаяпти! Юра олмаяпти! Жойида турибди! Бутун мамлакатимиз жойида турибди! Ҳайда!– дея жаҳл қилади Владимир Жириновский.

Ниҳоят, савалашларга дош бераолмаган хўтик чанғида ўтирган Жириновскийни бир-амаллаб тортиб кетади. Видеоролик “Жириновский – ҳаммаси яхши бўлади!” деган шиор билан якунланади.

Владимир Жириновскийнинг сайловолди клипи пайдо бўлиши биланоқ блогерлар уни шарҳлашга тушди: деярли ҳамманинг эшакка раҳми келди, Владимир Вольфович эса бағритошликда айбланди.

“Эшакка шунақа муносабатда бўлса, мамлакатнинг аҳволи не кечади?”, дея савол беради nikstafeev номи остида изоҳ қолдирган шахс.

“Жириновский, сиз бизни умуман эшаклар қаторига қўшиб қўйдингизми?”, дея таажубланади Dostoevsky2012.

Таниқли телебошловчи Ксения Собчак эса “Хўтикчанинг нима айби бор? Эшакни Жириновскийдан қутқарайлик!”, дея Твиттерга ташлаган хитоби жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

Сешанба куни Уй ҳайвонлари ҳимояси жамияти Жириновскийни судга тортаётгани маълум бўлди. Жумладан, “Жониворларга ахлоқий муносабат тарафдорлари” (PETA) ва “Жониворларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти” (WSPA) фаоллари бу роликни кўрсатмаслик талаби билан чиқди.

Россияда шу йилнинг 4 мартига белгиланган президентлик сайловидан олдин номзодлар кампанияси авж олиб бормоқда.

Сайлов олди кампанияси доирасида ўтказилаётган телебаҳслардан бирида “Ўз халқингизга шундай муносабатда бўлишга уялмайсизми?”, дея эшак тушган ролик эслатилганида, ЛДПР етакчиси иккиланмасдан:

- Одамларимиз 100 йилдан бери хўрланяпти. Биз мамлакатимизни шу даражада оёғ-ости қилдикки, у мана шу эшакка ўхшаб қолди. Бутун мамлакат жинни бўляпти! Ҳаммаёқда Путин, Путин, Путин. Қизиғи, бунда Путин айбдор эмас, унинг шериклари шундай қиляпти. Менинг ролигим эшак Россиянинг тимсолига айланмаслигини ёқлайди,- дея жавоб берди.

Жамоатчилик босими остида қолган Владимир Вольфович бу эшак унинг дала ҳовлисида журналистлар ва жониворлар ҳимоячиларининг кўпчилигидан ҳам кўра яхшироқ яшашини таъкидлади. “Бу эшак дачамда яшайди ва менинг 60 йиллигимга совға қилинган. Бир кило юк кўтармаган! У сиздан яхши яшайди ва унинг алоҳида квартираси бор”, дея мақтанади Жириновский.

У шунингдек хўтикка Прохор ёки Прошка, деб ном қўйгани, “беш йилдан бери ғирт
бекорчи” бўлиб яшаётганини қўшимча қилди.

Президентликка номзодлардан бирининг исми Михаил Прохоров экани, баъзи кузатувчилар либерал-демократлар етакчиси эшакка бундан ном бериб, ўз рақибини камситганига ишора сифатида қабул қилмоқда.

Россия президентлигига номзоднинг сайлов штабида эса “Владимир Вольфович ҳеч қанақа эшакни саваламаган, қамчи билан бироз ниқтаган”ини маълум қилишди.

- Марказий Осиё ва араб дунёсида миллионлаб одамлар шундай қилишади. Шунинг учун турли ташкилотларнинг провокацияларига жавоб бериш шарт эмас, деб ҳисоблаймиз, деди ЛДПРнинг Давлат Думасидаги вакилларидан бири Алексей Островский.

Ўзининг миллатчилик чиқишлари ва жанжаллари билан ном қозонган Владимир Жириновский ўтган сешанба куни Россия парламентида яна бир муштлашувни келтириб чиқаришига оз қолди. Давлат Думасида 4 феврал куни бўлиб ўтган оммавий норозилик митинги муҳокама қилинаётган пайтда ЛДПР етакчиси “аксилинқилобий” баёнот қабул қилмоқчи бўлган “Единая Россия” намояндаларини калтакламоқчи бўлди.

- Сенлар бу ерда бизнинг оғизларимизни ёптиларинг. Ана энди кўчадагилар оғзини ёпиб кўрчи!- дея бақирди парламентдошларига Владимир Жириновский.

Жириновскийнинг парламентда биринчи марта жанжаллашаяпти. 1995 йилда у депутат Евгения Тишковскаяни залнинг ўзидаёқ сочидан тортиб калтаклаган, 2005 йилда эса Жириновский “Родина” партияси депутати Андрей Савельев билан очиқчасига муштлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG