Линклар

Иссиқ ва ëруғсиз туғруқхоналар оғир аҳволда қолди


Газ ва свет йўқлиги боис¸ Ўзбекистоннинг аксар туманларида туғилаëтган чақалоқлар учун зарур шароитни ҳозирлашнинг имкони бўлмаëтгани айтилмоқда.

Газ ва свет йўқлиги боис¸ Ўзбекистоннинг аксар туманларида туғилаëтган чақалоқлар учун зарур шароитни ҳозирлашнинг имкони бўлмаëтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон районларидаги туғруқхоналар ҳам бу йилги қаҳратон қишда иситиш ва ëритиш тизимларидан узилгани боис юзага чиқаëтган ўлим ҳолатлари ҳақида норасмий хабарлар бор.

Ўтган ҳафта Сурхондарëнинг Музробод тумани Қўнғирот посëлкасида юзага чиққан норозилик тадбирида қатнашган ўқитувчи аëл норозилар билан гаплашишга келган туман ҳокимлиги вакиллари билан учрашувда кетма-кет икки неварасининг туғруқхонадаги оғир шароит боис оламдан ўтганини айтган.

- Домулла аëл шундай йиғлаб гапирди селсоветнинг раисларига, юқоридан келган муовинларга, ҳоким муовинларига йиғлаб гапирдида. “Роддомда шароит йўқ. Бир борсанг свет йўқ, яна борсанг рентген қоғоз йўқ. Совуқдан иккита неварам нобуд бўлди” деб йиғлаб гапирди¸ дейди мазкур йиғинда иштирок этган музрободлик аëл ўз исми айтилмаслиги шарти билан.

Сурхондарëлик яна бир манба¸ вилоят касалхонасига борган ўз яқинларидан бирининг муддатидан олдин 7 ойлик туғилган чақалоғи ҳам совуқ туфайли нобуд бўлганини билдирди. Аммо вилоят марказий касалхонаси мутасаддилари бу маълумотни тасдиқламади.

13 феврал куни Озодлик мухбири Музробод туғруқхонасидаги оғир шароит боис икки чақалоқ нобуд бўлган оилани топишга уринди¸ аммо ҳозирча бунга муваффақ бўла олмади.

Сурхондарë вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиси бу йилги қиш мавсумида совуқ туфайли умуман чақалоқларнинг нобуд бўлгани¸ хусусан эса¸ Музрободда шундай воқеа бўлганидан бехабарлигини билдирди.

- Унақа нарса бўлгани йўқ¸ билмадим лекин. Йўқ, унақа нохуш воқеалар бизга етиб келгани йўқ. Жалоба ҳам тушгани йўқ, сигнал ҳам бергани йўқ. Чунки бу ерда кечаю кундуз ишлаяпмиз¸ штаб ташкиллаштирилган мана шу соғлиқ режимини сақлаш бўйича. Биз ҳаммасига тайëргарлик кўриб қўйганмиз. Электродвижоклар бор, свет ўчган пайтда электродвижокларни ишлатиш керак. Свет ҳозир битта жойда эмас ҳамма жойда¸ шаҳарда ҳам ўчиб турибди. Бир соат, ярим соат ўчириб қўйиш ҳоллари бўлаяпти. Лекин ўша пайтда улар электродвижокни ишга тушириб иситиши керак. Бунақа тўхтаб қолиб свет бўлмай қолган пайти бўлмаган. Иситгич ҳам ўша электропечни ишлатадида электр ток ўчганда. Иссиқ сувни ҳайдайдиган электр нима билан бўладида¸ деди Сурхондарë вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси.

Бошқарманинг ўзини таништирмаган яна бир вакили¸ болалар ўлимига оид статистика сир тутилиши ва бу билан прокуратура идоралари шуғулланишини билдирди.

- 2011 йилги ҳолат вилоят бўйича умумий кўрилаяпти у болалар ўлими. Унга аралашмаганингиз маъқулроқ. Прокуратура текширади. У ҳали засекреченний ахборот¸ комиссия хулосаси чиққани йўқ ҳали. Журналистлар текширишига менимча ҳали эрта бўлса керагов. Унақанги информация берилмайди. Унга аралашмаганингиз маъқулроқ¸ деди Сурхондарë вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси.

Вилоят ва Музробод район прокуратурасидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади - бу масала билан шуғулланëтган мутасаддилар телефон гўшагини кўтармади.

Сурхондарë район туғруқхоналаридаги аҳволни ўрганиш жараëнида уларнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб кузатилаëтган электр ва газ тақчиллиги боис фавқулодда оғир шароитда ишлаëтгани ойдинлашди.

- Свет бўлса, кўмир ëқиладида котелда. Свет бўлмаса, туғруқхона совуб кетади. Фонарда, шамда ва операционнийга движок қўйдик. Операцияни движокда қилаяпмиз. Чақалоқларнинг ҳаммасини онасининг қўйнига маҳкам тиқиб қўямиз. Свет ëққунча бир амаллаяптида. Электр печ олиб келаяпти. Рухсат борку, лекин у ҳам свет бўлмаса ишламайдику. Олдин иккита линия эди бизда. Узлуксиз бўларди. Ҳозир обший ўчирилаяпти дейилаяпти. Олти соат свет бўлади обший оладиган бўлсак. Ўшанга эрта жавоб бераяпмизда. Бугун туққанни соғ-саломат бўлса, эртасигаëқ жавоб бераяпмиз. Операция бўлганлар ҳам уч кунда яхши бўлса, жавоб бераяпмиз. Бир кунда олтита туғруқ бор камида. Бизда ҳозирча чақалоқлар нобуд бўлгани йўқ. Чунки онанинг қўйнида бола жуда ҳам совқотмайди. Она кўрпанинг тагида, бола қўйнида бўлаяпти¸ дейди район туғруқхоналаридан бирининг ўз исми айтилишини истамаган бошлиғи.

Бош акушерга кўра¸бундай шароит боис нафақат чақалоқ ва янги туққан аëллар¸ балки врач ва ҳамширалар ҳам оғир аҳволда қолган.

- Ҳокимга ҳам чиқдик, РЭСга ҳам чиқдик. Ҳаммага айтаяпмиз. Ота-оналар ҳам келиб боришаяпти ҳокимиятга, РЭСга. Свет бор пайтда иссиқ бўлади, свет йўқ бўлса яна барибир совуқ ҳолатда ишлаяпмиз. Врачлар операция маҳалида роса қийналаяпмиз. Бемор ҳеч нарсадан бўлмаса ҳам¸ совуқдан қийналаяпти. Операционний столга яланғоч қилиб ëтқизасизку. Ҳозирча Худонинг ўзи асраяпти¸ шекилли. Сувларни иситиб баклашкаларда ҳамма ëқда қўйиб, битта операция бўлса, ҳаммамиз шунинг тепасида бўламизда имкон қадар шуни иситайлик, совқотмасин деб. Муздай барибир. Мана ҳозир ҳам йўқ свет. Бор кучини шу тиббиëт бирлашмаси туғруқхонага ташлаган. Главврач ҳам эрталабдан котелга келади “иситинглар имкон қадар” деб¸ дейди туман туғруқхоналаридан бири бош акушери.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG