Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:47

13 феврал - Халқаро радио куни


13 феврал куни илк бор Халқаро радио куни нишонланмоқда. Бу сана ўтган йили ЮНЕСКО анжуманида мазкур ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган эди. “Радио ўзининг кенг қамровлилиги ва эфир платформаси билан қудратли оммавий ахборот воситаси эканини исботлаган. Радио Ер куррасининг 95 фоиз аҳолиси учун арзон ва қулай ахборот воситасидир”, дейилади ЮНЕСКО эълон қилган баёнотда.

Халқаро радио куни муносабати билан тожикистонлик радиотингловчилар билан ўтказилган суҳбатлардан, электр тақчил бўлган бу мамлакат аҳолисининг катта қисми дунё хабарлари билан айнан радио орқали танишаётгани маълум бўлди.

- Ҳозир энди ахборотлардан хабардор бўлиш қийнлашиб қолган пайт. Электр қуввати бир сутка давомида бори-йўғи тўрт, беш соатгина берилаяпти. Электр бўлмагандан кейин нима қилади одамлар? Ҳозир ўша 50-йиллардагидек чўнтак радиолари олиб, бемалол дунё хабарларини эшитадиган шу радио бўлиб қолди, дейди кекса журналист Нўъмонжон Фахриддинов.

Яна бир суҳбатдошимиз, Конибодом туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қиладиган Маъруфжон Маҳмудовнинг айтишича, ўзбек тилида сўзлашадиган тожикистонликларнинг кўпчилиги Озодлик радиосини тинглайди.

- Бизда жуда кўп одамлар Озодликни эшитади. Унда айтилганларни муҳокама қилади, мактабда ҳам “ундай деди, бундай деди”, деб муҳокама қилинади. Биз муаллимлар ҳам кўп нарсаларни билиб оламиз. Газетани кам ўқисак ҳам радиони кўп эшитамиз, янгиликларни билиб оламиз-да, дейди конибодомлик ўқитувчи Маҳмудов.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Мақсуджон Жўраев ҳам Озодлик радиосини мунтазам эшитиб борадиганлардан бири.

- Фақат шу ахборотларини тинглаб бораман. Чунки хабарларига кўпроқ қизиқаман. Марказий Осиёда бўлаётган янгиликларни худди шу вилоят, шу маҳаллий радиоларидан кўра, хориж радиолари менинг назаримда оператив тарзда бериб боради. Айниқса, Озодлик жуда оператив ишлайсизлар, мен бундан жуда хурсандман, дейди Мақсуджон Жўраев.

Бироқ, унинг айтишича, кейинги пайтларда Озодлик радиосини эшитишда баъзи муаммолар учраб турибди.

- Баъзида айни керакли пайтда тўлқинлар алмашиб кетади. Яъни тинглай олмаймиз. Салгина эшиттиришлар сифати паст келади. Бу балким масофага боғлиқдир, биз билмаган томонлари бордир. Шу сабаблими эшиттириш сифати ғашга тегадиган шовқинлар билан келади. Йўқ, йўқ ўчирмайман, радио мурватини у ёқ, бу ёққа бураб излайман, дейди Мақсуджон ака.

Халқаро радио кунида биз билан суҳбатлашганлар орасида “радио эшитишни аллақачонлар унутганман”, деганлар ҳам бўлди.

Сўғдлик Фаридахон опа радиони фақат яхши қўшиқлар тинглаш учун эшитиб келганини, аммо бугун техника тараққиёти даврида керакли қўшиқларни мобил телефони ёрдамида ҳам тинглаш мумкин бўлиб қолгани учун онасидан мерос қолган радиосини сандиққа солиб қўйганини айтади.

- Аввал майдон вақтида (дала ишлари назарда тутилаяпти-таҳр.), уч ой, тўрт ой майдонда юрардик-да, радиони қўйиб қўярдик, хашакларимизни йиғсак ўшани эшитарардик. Ҳозир телефон чиққан, телефоннинг музикалари кўп. Ўшанинг учун радиони эшитмай қўйдик-да, биз дунёдан бехабармиз, дейди уй бекаси Фаридахон.
XS
SM
MD
LG