Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:59

Масжидга камера нима керак?


Наманганлик суҳбатдошимиз вилоятдаги баъзи масжидларда видеокамералар пайдо бўлганини айтмоқда.
Наманганлик суҳбатдошимиз вилоятдаги баъзи масжидларда видеокамералар пайдо бўлганини айтмоқда.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири Намангандаги масжидларда пайдо бўлган видеокамералардан ташвиш билдирган бўлса, яна бири совуқ сабаб мактаб болалари билим ололмаётганидан куюниб гапирди.

Наманганда масжидларга камералар ўрнатилмоқда

Масжидларга камера ўрнатилгани бизга ёқмаяпти, дейди ўзини Исломбой деб таништирган 24 яшар наманганлик диндор.

- Бизнинг Наманганда айрим мачитларга камера қўйиб ташлаган экан. Ўшани айтмоқчи эдим. Бир ойча бўлибдида. Нима мақсадда қўйишганини билолмадим. Ўшанга ҳайрон бўлиб телефон қилган эдим.

Озодлик: Қаерига қанақа камералар қўйилган?

- Эшикнинг тагига қўйишган.

Озодлик: Хавфсизлик боис қўйишгандир балки.

- Камера билан кўриб туриш учун деб ўйлаяпманда. Менинг ўйлашимча, одам кўп бўлган пайтда, менимча, яхши нарсамасда.

Озодлик: Нимага яхшимас?

- Шу чоққача қўйилмаганда. Яқиндан қўйилиши ғалатида. Одамлар тасвирга тушиб қоладику. Телевидениега чиқадиган пайт қўйса бўлади. Яхшимасда.

Озодлик: Таъқиб мақсадида қўйилган деб ўйлаяпсизми?

- Шунақа. Қўйилмаса яхши бўларди.

Озодлик: Камера ҳамма масжидга қўйилганми?

- Эшитишимча, иккита мачитга қўйилган экан, дейди наманганлик суҳбатдош.
сарлавҳа

Мактаблар очилди, лекин...

Бухорода мактаблар қайта очилди, лекин ўқувчилар совуқ сабаб қолдирган дарсларини тўлиқ ўзлаштиролмаяпти, дейди ўз исми эфирда берилишини хоҳламаган ғиждувонлик ўқитувчи.

- Она тили ва адабиëт фани ўқитувчисиман. Йилнинг энг яхши ўқитувчиси кўрик танловининг республика босқичида 2007 йилги совриндориман. Мактабда совуқда ўқишлар уч кун тўхтаб қолди. Реконструкция қилинган мактаб. Лекин газ йўқ. Ўқувчиларнинг давомати 50 фоиз даражада десам ҳам бўлади.

Озодлик: Ҳозир мактаблар қайтадан очилдими?

- Қайтадан очилди.

Озодлик: Ўтилмай қолинган дарсларни болалар қандай ўзлаштиришаяпти?

- Уни қўшимча машғулотлар орқали олиб боришаяпти ўқитувчилар.

Озодлик: Ҳозир қанақа аҳвол? Синфлар исиб қолдими?

- Синфлар исигани йўқ. Синфлар жуда ҳам совуқ ҳозир.

Озодлик: Қандай ўтилаяпти дарслар?

- Мен ўзим вилоят газ бўлими бошқармаси бошлиғига ариза билан мурожаат қилганман. Лекин бизнинг ҳудудда газ учун деб аҳолидан пул йиғилган. Лекин газ йўқ ҳозир. Масалан мен ўзим 1,5 миллион сўмга ўтин сотиб олдим. Мактабда аҳвол жуда ҳам қониқарсиз. Болалар мажбур келишади. Синфлар совуқ. Болалар ўзларининг кийимида ўтиришади, дейди ғиждувонлик ўқитувчи.

Қўшиқдан ўқ чиқди

Чирчиқда рок ишқибозининг қўшиғи сабаб қозоқлар ва ўзбеклар ўртасида миллий низо келиб чиқишига бир баҳя қолди, дейди ўз исмини айтмаган чирчиқлик 23 яшар талаба.

- Чирчиқданман.

Озодлик: Қозоқлар билан ўзбеклар ўртасаида жанжал чиққан дейишаяпти икки ҳафта олдин.

- Ўқувчилар ўртасида бўлди. Ўзим гувоҳи бўлдим. Ўзбек ўқувчиси қозоқлар тўғрисида қўшиқ айтганда. Қозоқларнинг нафсониятига, миллатига тегадиган қўшиқ ëзганда.

Озодлик: Ўзингиз эшитдингизми шу қўшиқни?

- Ҳа. “Сенлар ҳар хил нарсаларни кийиб оласан, ўзингча блотной болаларсан, крутойлик қилиб юрасан, фаҳминг кам”, ҳар хил шунақа гаплар.

Озодлик: Қўшиқ тарқалди. Кейин нима бўлди?

- Телефонда тарқалди. Қозоқлар автостанцияда тўрттами ўзбек болани уриб ташлашган. Шундан кейин эртаси куни ўзбеклар йиғилиб Чирчиқ, Товоқсой болалари йиғилиб келиб, коллежнинг олдида катта жанжал бўлиб, олдидан чиққан қозоқларнинг ҳаммасини урган. Шу куни тарқалиб эртаси куни қозоқлар йиғилиб чиққан. Ўзбеклар билан сал жанжал бўлар бўлмас бўлди. Милиция тарқатиб юборди. Уже оëққа турган эди милиция.

Озодлик: Жанжалда неча киши қатнашди?

- Ўзбеклар биринчи кун йиғилиб келганда тахминан 150-200 атрофида эди. Эртасига қозоқлар 50-100 бўлиб келди. Барибир милиция тарқатди.

Озодлик: Қамалганлар бўлдими?

- Коллеж ўқувчиларидан 30та бола милицияда. Қўшиқ рок усулида ëзилганда. Жанжалдан икки-уч кун олдинроқ айтган ашулани.

Озодлик: Қўшиқни ëзган боланинг шахси маълумми?

- Шахсини яширишаяпти, лекин у қўшқўрғонлик бола экан. Саноат иқтисодиëт коллежининг биринчи курс талабаси экан. Милиция ҳозир қўшиқ тарқалиб кетмаслиги учун телефонлар ҳаммаси текширилиб ўчирилди. Болани қозоқ болалар урган экан олдин. Рок усулига қизиқиб юрадиган бола экан.

Озодлик: Ҳозир қанақа аҳвол?

- Ҳозир тинч ҳамма ëқ, дейди чирчиқлик суҳбатдош.

Сиёсатдан оддий одамлар жабр кўрмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ёпиб қўйилганидан деҳқонлар зарар кўряпти, дейди конибодомлик 32 яшар Нодир ака.

- Конибодомдан гапираяпман. Андархон таможнясидан ўзбекистонликлар ўтар эдида. Очеред бўлиб кетарди. Йўлни бекитиб ташлади. Шу ердан тирикчилик қиларди водийликлар. Олтиариқнинг бодринги, деҳқонлари полний Тожикистондан тирикчилик қиларди шу ерда сотиб. Чегарани очиб қўйсин. Қанча одам шу ердан тирикчилик қилиб турган эди. Ҳозир шунақа қийналган. Чегарани очмайди. Каримовнинг нимасида мана бекитиб ташлаб, одамлар даже буваси, бошқаси ўтиб қолаяпти бора олмайди. Тожикистонликлар тўй қиладиган бўлса, Қўқон бозорига икки марта бориб келмаса тўй бўлмас эдида. Савдогарларга ҳам нима йўқ. Деҳқонларнинг нарсаси чириб кетади. Тожикистонликлар оларди. Қийналаяптида. Халқи талаб қилмайди шуни, ўзбекистонликлар “чегарани очиб қўй” демайди, дейди конибодомлик Нодир ака.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG