Линклар

Жанаўзенликлар митингга чиқмоқчи


Жанаўзен воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган кишиларнинг аёллари 14 феврал куни митингга чиқишга рухсат олиш учун шаҳар ҳокимияти биноси олдида йиғилдилар.

Жанаўзен воқеаларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган кишиларнинг аёллари 14 феврал куни митингга чиқишга рухсат олиш учун шаҳар ҳокимияти биноси олдида йиғилдилар.

Бугун бир гуруҳ аёллар 25 феврал куни митинг ўтказиш учун ариза бериш мақсадида Жанаўзен шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилганлар.

Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ шўъбаси қозоғистонлик мустақил блогер Дина Байдилдаевага таянган ҳолда хабар қилади.

Маълумотларга кўра, жанаўзенликлар номидан берилган аризани шаҳар ҳокимияти девонхонаси ходими қабул қилган.

Ижтимоий тармоқларда Норозилик куни деб номланган бу митинг оммавий ўтган йил сўнгида тартибсизликларга саҳна бўлган Жанаўзен марказий майдонида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

2011 йилнинг 16 ва 17 декабр кунлари Қозоғистоннинг Манғистау вилоятига қарашли Жанаўзен шаҳри ва Шетпе қишлоғида юз берган тартибсизликлар чоғида ўқотар қурол қўлланилиши ортидан, расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлган, 100 чоғли киши ярадор бўлганди. Бироқ мустақил кузатувчилар ва мухолифатчилар фожеа қурбонлари сони бундан-да кўпроқ, деб ҳисоблайдилар.

Аввалроқ Қозоғистон Умуммиллий социал-демократик партияси вакиллари 25 феврал куни Олмаотада митинг ўтказишлари ҳақида билдиргандилар. УСДП ташаббуси Қозоғистоннинг Уралск, Атирау ва бошқа шаҳарларида яшовчи кишилар томонидан қўлланган.

Жанаўзенлик аёллар кеча ҳам 23 феврал куни марказий майдонда митинг ўтказишга рухсат сўраб, шаҳар расмийларига мурожаат қилгандилар ва бу ариза ҳокимият вакиллари томонидан қабул қилинганди. Бироқ бугун улар қарорини ўзгартирганлари маълум бўлди.

Мустақил блогер Дина Байдилдаевага кўра, яқинлари Жанаўзен воқеаларида иштирок этганликда гумонланиб ушланган бу аёллар Жанаўзен шаҳри ҳокими Серикбай Трумов билан учрашганлар. Учрашув чоғида ҳоким аёлларга ўз яқинларининг ушланиши борасида полицияга ҳар бири алоҳида-алоҳида ариза ёзишларини таклиф қилган.

Шу йилнинг 25 январ куни “Қозоғистон” телекомпанияси орқали сўзлаган Бош прокурор Асхат Даулбаев Жанаўзендаги тартибсизликлар чоғида намойишчиларга қарата ўт очишда айбдор деб қаралаётган бир неча полиция масъули ҳибсга олинганини, шунингдек, маҳаллий аҳоли орасида олти киши тартибсизлик уюштирувчиси сифатида ушланганини билдирганди.

Даулбаевга кўра, Жанаўзен воқеаларини текшириш доирасида рўйхатга олинмаган “Алға” партияси ва “Халиқ майдани” (Халқ жабҳаси) ҳаракатининг раҳбарлари ва фаол аъзолари Владимир Козлов, Айжангул Амирова и Серик Сапарғали ҳам ижтимоий низо қўзғашга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG