Линклар

“Эхо Москвы”га босим бошланди


“Эхо Москвы” радиоси бош муҳаррири Алексей Венедиктов.

“Эхо Москвы” радиоси бош муҳаррири Алексей Венедиктов.

Россиянинг “Эхо Москвы” радиоси бош муҳаррири радиостанция Директорлар кенгашидан чиқарилмоқда. Алексей Венедиктов бошлиқ таҳририят Россиядаги мустақил ва холис ахборот тақдим қилиб келаётган ахборот воситаларидан бири ҳисобланади.

Венедиктов сешанба куни эрталаб тарқатган баёнотида “Газппроммедиа (Эхонинг 66 фоиз акцияларини назорат қиладиган ширкат сифатида) Эхо Директорлар Кенгашининг муддатидан аввал истеъфо бериши ва мустақил директорларни алмаштиришни талаб қилди” дея маълум қилди. Ўз баёнотида “Эхо Москвы” бош муҳаррири бу қарор Россия бош вазири ва президентликка асосий номзод Владимир Путиннинг кўрсатмаси билан қабул қилинганига ишора қилди.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг охирида Газпром-медиа “Эхо Москвы” директорлар кенгаши йиғинини ўтказиб, унинг муддатидан аввал тарқатиб юборилишини талаб қилган.

Лекин шу билан бирга Венедиктов ўзининг директорлар кенгашидан кетиши радиостанция бош муҳаррири лавозимидан истеъфо беришини англатмаслигини айтмоқда. “Газппроммедиа бош муҳаррир истеъфоси тўғрисидаги масалани кўтаргани йўқ”, дея хабар қилди журналист ўз Твиттер саҳифасида.

“Эхо Москвы” амалдаги ҳукумат ва, хусусан, Владимир Путинни очиқ танқид қилиб келаётган ахборот воситаларидан биридир. Ҳатто ўтган ойда Путин Россия оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари билан учрашуви чоғида Венедиктовга қарата “сиз эртадан кечгача устимга мағзава ағдариш билан бандсиз” (русчада “Вы меня поливаете поносом с утра до вечера”), дея гина қилди ва кўп миллионлик аудиторияга эга “Эхо Москвы” таҳририят сиёсатини кескин танқид қилди.

Айнан Путиннинг танқидлари “Эхо Москвы”нинг 66 фоиз улушига эгалик қиладиган Газпром ширкатининг радиостанция бошқарувини алмаштириш қарорига сабаб сифатида кўрилмоқда.

Россияда ўтган йилнинг 4 декбарида ўтказилган парламент сайловридан кейин ва 4 мартга белгиланган президент сайловларидан олдин мамлакат мухолифати ўн минглаб одам иштирокида норозилик намойишларини уюштириб келаётгани давлат раҳбарлигига Владимир Путинни қайтаришга уринаётган Кремлни ташвишга солиб қўйганини айтмоқда кузатувчилар.

Директорлар кенгашида мустақил директорлардан бири бўлган иқтисодчи Евгений Ясин бу хабарни изоҳлар экан, бугун президентлик сайлови олдидан “ҳукуматнинг пайтавасига қурт тушиб қолган кўринади”, дейди:

- Ҳозир, афтидан, мустақил ахборот воситалари давлат раҳбариятини чўчитиб қўйган бир вазият юзага келган кўринади. Шу боис ҳокимият ўзи учун маъқул бўлмаган вазиятни олдиндан бартараф қилишга ҳаракат қилмоқда, дейди Ясин.

“Эхо Москвы” раҳбариятидаги ўзгаришлар тўғрисидаги хабарларни бош вазир Владимир Путиннинг матбуот котиби ҳам эътиборсиз қолдира олмади. Дмитирий Песков бу хусусда изоҳ берар экан, Газпром-медиа қарори Владимир Путинга нисбатан танқидлар билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас, дея таъкидлади.

Лекин Венедиктов сешанба куни эълон қилган баёнотда “Газпром-медиа Россия Федерацияси олий раҳбариятининг радиостанцияга нисбатан билдирган танқидларини эътиборсиз қолдира олмаслигини тушунамиз”, дейилади.

Евгений Ясин “Эхо Москвы”га нисбатан босимнинг кучаяётгани Путин Кремлга қайтгач, Россияда оммавий воситалари устидан назорат кучайитирилиши эҳтимоли ошаётганидан далолатдир, дейди.

- Демакки, улар 4 декабр сайловлари натижалари билан боғлиқ хавфлар юзага келганини яхши ҳис қилишмоқда. Бу ҳавони бўғиб қўйиш эҳтимоллари ошаётганига бир сигнал, деб қабул қилиниши ва ҳамма бундан огоҳлантирилиши керак. Демак бундай команда бўлган ва ортиқча харҳаша бўлмаслиги учун Венедиктовдан қутилишга қарор қилишган, дейди собиқ директорлар кенгаши аъзоси.

Алексей Венедиктов директорлар кенгашидаги ўзгариш улушнинг 34 фоизи журналистларига тегишли бўлган радиостанция сиёсатида ўзгаришлар рўй беришини англатмаслигини алоҳида қайд этди. Чунки, деди у, таҳририят сиёсати учун директорлар кенгаши эмас, бош муҳаррир жавобгардир.

“Ўз тингловчиларимизни ишонтириб айтамизки, “Эхо Москвы” таҳририят сиёсати жамият манфаатларидан келиб чиқиб Россия Федерацияси қонунларига асосланган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, дея хулоса қилди ўз баёнотига Алексей Венедиктов.

Лекин “Эхо Москвы” собиқ мустақил директорларидан бири Евгений Ясин, бундай чорага борган ҳокимиятдан ҳар балони кутиш мумкин, дейди Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG