Линклар

Тожикистонда имомларни ишдан олиш давом этмоқда

  • Гулнора Равшан

"Қозоқон" масжидининг собиқ имоми мулла Абдураҳим.

"Қозоқон" масжидининг собиқ имоми мулла Абдураҳим.

Тожикистонда республика аҳамиятига молик масжид имоми мулла Абдураҳим ишдан бўшатилди.

Тожик жамиятида катта эътибор қозонган бу имомнинг ишдан олиниш сабабларини мамлакат расмийлари изоҳламаяптилар.

Мулла Абдураҳимнинг ўзи эса имомликдан олинишига ўтган йил охирларида Ҳожи Акбар Тўражонзода билан республика муфтийси ўртасида вужудга келган можаро сабаб бўлганини айтмоқда.

2011 йил декабр ойи охирларида Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода таниқли дин пешвоси, республика Бош вазирининг собиқ муовини Ҳожи Акбар Тўражонзодани жамиятда шиа мазҳаби ғояларини тарғиб қилаётганликда айблаб баёнот тарқатган эди. Муфтий жаноблари республика барча масжид имомларидан ана шу баёнотни намозхонлар ҳузурида ўқиб эшиттиришни талаб қилганди. Талабни бажармаганлар эса “Тўражонзода тарафдори” ўрнида кўрилиб, имомлик вазифасидан четлаштирила бошланди.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, ўтган шу вақт ичида республика бўйлаб йигирмата имом ана шу сабаблар билан ўз вазифасидан четлаштирилган.

Ана шундай имомларнинг навбатдагиси Душанбе шаҳридаги "Қозоқон" (қозоқлар - таҳр.) масжиди имоми мулла Абдураҳим (Раҳим Назаров - таҳр.) бўлди.

- Ўша баёнотни қўлимга топширишган куни мен уни ўқимаслигимни айтгандим. Чунки асоссиз, далилсиз бировнинг ҳаққига туҳмат қилиш менинг табиатимга тўғри келмайди. Баёнотда келтирилган маълумотлар асоссиз эди, - деди “Қозоқон” масжидининг собиқ имоми мулла Абдураҳим.

“Қозоқон” масжидида, норасмий маълумотларга кўра, жума кунлари саккиз минг, байрам арафаларига тўғри келиб қолган Жума намозларида эса ҳатто ўн минггача намозхон тўпланарди.

Бу масжидга мунтазам қатнаб турганлардан бири Тоҳир Ажиковнинг гапларига ишонадиган бўлсак, мулла Абдураҳимнинг амри маъруфини тинглаш учун “Қозоқон” масжидига республиканинг энг чекка туманларидан ҳам юзлаб намозхон келиб туради.

Мулла Абдураҳим суҳбат давомида ўтган шанба куни Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита масъуллари билан учрашиб, “Қозоқон” масжидига Исломдан яхши хабардор бўлган кишини имомликка тайинлашни сўраганини билдирди. Зеро, унинг айтишича, “бу масжид ўтмишда кичик ва намозхонлари ҳам кам бўлган бўлса, эндиликда у республика аҳамиятига молик ва намозхонлари энг кўп масжиддир.

- Шуни назарга олган ҳолда, шундай бир киши тайинлансинки, намозхонларни тарқатиб юбормасин, - дейди мулла Абдураҳим.

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси муовини Мавлон Мухторов Озодликка берган интервьюсида “Қозоқон” масжидининг имоми ишдан олинганидан хабарсизлигини айтди.

- Мен бундан хабарсизман. Бошқа томондан, қонун бўйича (“Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун назарда тутилаяпти - таҳр.) бир имомнинг ишдан олиниши учун аввал ўша масжид намозхонлари ҳайъати ҳамда ўша туман маҳаллий ҳукумати республика муфтийси номига мактуб ёзиши лозим. Мактуб ўрганилиб, унинг хулосаси бизнинг идорамизга юборилиши керак. Биз шу кунгача бундай мазмунда хат олганимиз йўқ, - деди қўмита расмийси Мухторов.

Мавзу юзасидан “Қозоқон” масжиди жойлашган Сино туман ҳукумати, Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши масъулларига ҳам қўнғироқ қилдик. Аммо бу идоралар масъуллари мулла Абдураҳим нима сабабдан вазифасидан бўшатилгани ҳақидаги саволларимизни охиригача эшитмай, телефон гўшагини қўйиб қўйдилар.

Гарчи Тожикистон расмийлари ўзаро суҳбатларда республикадаги айрим масжидларнинг имомлари диний саводи бугунги кун талабига жавоб бермаётгани сабабли вазифасидан олинаётганини иддао қилсалар-да, шу кунларда республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода билан судлашаётган Ҳожи Акбар Тўражонзода имомлар унинг ёнини олгани учун масжидлардан чиқариб юборилаётганини таъкидлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG