Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:49

Душанбе зоопарки Турсунбойдан айрилди


Душанбе шаҳридаги ҳайвонот боғида сақланаётган ягона бегемот ўлиб қолди.

Бу бегемот (сув оти) Қозоғистоннинг Тожикистонга совғаси эди. Маълумотларга кўра, етти ёшли бу ноёб ҳайвон Қозоғистон томони билан олиб борилган тўрт йиллик музокаралардан сўнг Душанбега олиб келинганди.

Сўнгги йигирма йил давомида бегемотга ёлчимаган шаҳар зоопарки масъуллари меҳмонга Турсунбой деб ном қўйганди. Афсуски, Турсунбой Тожикистонда бор-йўғи етти ойгина умр кўрди.

Душанбе шаҳар ҳайвонот боғи масъули Қурбон Одинаевнинг айтишича, бегемот юрак хуружидан ўлган.

- 7 февралда бетоб бўлганди, ўлиб қолди. Республика ветеринар врачлари ташхис қилди ва “юрак хуружидан ўлган, унга бу касаллик онасидан ўтган”, деган хулоса қилиб кетишди, - дейди Одинаев.

Ҳайвонот боғи масъулининг айтишича, бегемотнинг саломатлиги доимий назорат қилиниб турилган, емаги ҳам яхши бўлган.

Тожикистонликлар орасида Турсунбой номи билан танилган бу жонивор болаларнинг шаҳар ҳайвонот боғига серқатнов бўлишига, бунинг ортидан эса ҳайвонот боғининг кўп даромад кўришига сабаб бўлган.

Бегемотнинг ўлими ҳақида бугун қатор интернет сайтларда хабар тарқалганидан сўнг бу воқеа фейсбукчилар орасида кенг муҳокама ва мунозарага сабаб бўлди.

Кўпчилик бегемотнинг ўлимига “Тожикистондаги ёмон ижтимоий-иқтисодий вазият таъсир қилган”ини ёзган.

Рудакий туманида яшовчи Жаҳонгул ая ҳам тилсиз ҳайвон очликдан ўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- У очликдан ўлган бўлса керак. Тунов куни зоопарк ишчиларидан бири телевизорда гапириб, “110 та ҳайвонимиз бор, одамлар билет олиб кирса, шуларга овқатимиз бўлиб туради”, деган эди. Мен: “Қишда ҳеч ким бормайди, улар қаердан овқат ейди экан?” деб қўйгандим. Ўлган бўлса, очликдан ўлгандир, - дейди уй бекаси Жаҳонгул ая.

Душанбе шаҳридаги ҳайвонот боғи 1961 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Бу ҳайвонот боғи дунёнинг турли давлатлари, жумладан, Озарбайжон, Қозоғистон, Арманистон, Латвия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар зоопарклари билан ўзаро ҳайвон алмашишни йўлга қўйган.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ҳам Душанбе зоопаркига Африка шерлари, товус ва шу каби ноёб парранда ва даррандаларни совға қилган эди.
XS
SM
MD
LG