Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

Ободонлаштириш марҳаматликларни хавотирга солиб қўйди


Маҳаллий ҳокимлар аҳолини президент ўтиши мумкин бўлган кўчаларда ҳашаматли уйлар қуришга мажбур қилмоқда.
Маҳаллий ҳокимлар аҳолини президент ўтиши мумкин бўлган кўчаларда ҳашаматли уйлар қуришга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистон туманлари марказларини капитал ободонлаштириш навбати Андижон вилоятининг Марҳамат туманига етди. Марҳаматнинг марказий кўчаларида яшаётган аҳоли уйлари бузилиб, кўчалар кенгайтириляпти. Бу кўчалар бўйлаб яшаётган аҳолига ё икки қаватли чиройли уйлар қуриш, ёки уйларини бойларга сотиб чекка қишлоқларга кўчиб кетиш тавсия қилиниаётгани айтилмоқда. Бироқ ҳокимлик мутасаддилари бу иддаоларни рад қиляпти.

Россияда мардикорлик қилаётган Каримжон Марҳамат туманининг Ипак йўли кўчасида истиқомат қилувчи ота-онаси уйи ҳам бузиладиган уйлар рўйхатига тушган.

Каримжонга кўра, ҳокимият вакиллари, шаҳар архитектори ва бошқа мулозимлар, одамларга уйини етти метр ичкарига олиб, тез муддатда икки қаватлик уй қуришни маслаҳат берган:

- Бир ойдан кеийн бизда ҳам бузилишлар бошланаркан. Уйдагилар кредит сўраб ҳукуматга, банкка боришган экан. Улар биз кредит беролмаймиз, уйларни қуролмаганлар бой одамларга сотиб кетишлари мумкин, деб айтишибди. Узоқ қишлоқлардан алоҳида ер ажратиб берамиз, бўлмаса ўша ердан бориб уй қуриб оласан, дебди. Икки-уч этаж уйни қуришга ҳозир ҳаммани ҳам қўли етмайди, энди нима қилади одамлар,- дейди Каримжон.

Марҳамат тумани марказида яшовчи бошқа бир суҳбатдошнинг айтишича, уйлари бузилишга тушган одамлар агар икки қаватли уй қуришга қурби етмаса туманнинг чўл ҳудудига кўчиртирилиши ҳақида гап бор:

- Ипак йўли кўчасидаги уйлар ҳозирча бузилгани йўқ, лекин қиш чиқиши билан бузилиш бошланади экан. Буларнинг ҳаммаси йўлнинг кенгайтирилиши учун қилиняпти,- дейди исми сир қолишини сўраган марҳаматлик.

Бироқ ўзини Марҳамат тумани ҳокимлигининг қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Исроилжон деб таништирган мулозимга кўра, шаҳарни ободонлаштириш ишлари ҳукумат қарорига кўра амалга ошириляпти:

- Йўлнинг габарити бор, яъни кенгайиши, ўшанга қараб кўчалар кенгаяди. Йўл кенгайиб, уйлар йўқолиб кетмайди, бир-икки метр ичкарига кирилади, холос. Эски уйларнинг қиёфаси янги ҳолатга келтирилади. У ҳам бирданига бўлмайди, секин-секин, этапма-этап бўлади. Аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиляпти,- дейди Марҳамат тумани ҳокимлигининг қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Исроилжон.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Фарғона водийси вилоятларини ободонлаштириш дастурини қабул қилган эди.

Бу дастур қабул қилинганидан сўнг вилоятлар ва туманлар марказларида ободонлаштириш ишлари авж олди.

Бироқ ҳукумат қарорини тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилаётган маҳаллий ҳокимлар ободонлаштириш дастури доирасида уйлари бузилишга тушган аҳолига товон пули бериш, ер билан таъминлаш ва имтиёзли кредитлар бериш каби талабларни бажармай келаётганлиги айтилади.

Маълумотларга кўра, айниқса мамлакат президенти ўтаётган кўчаларнинг икки томонидаги уйлар камида икки қаватли ва замонавий архитектура талабларига жавоб бера оладиган бўлиши шарт.
XS
SM
MD
LG