Линклар

logo-print

Қозоғистон ҳам автомобил ишлаб чиқармоқчи


Қозоғистонда ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган Chance автомобили (хэтчбэк варианти).

Қозоғистонда ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган Chance автомобили (хэтчбэк варианти).

Жорий йилнинг март ойидан Қозоғистон Қўстанайида жойлашган “Агромашхолдинг” заводи Chance бренди остида автомобил йиға бошлайди. Бу автомашина бозорда аввал Daewoo Lanos маркаси билан танилганди.

Бу йил тақрибан 3000 дона ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган мазкур автомобилнинг нархи ўртача 9000 АҚШ доллари бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда AllurAuto ширкатлар гуруҳи бош директори Андрей Лаврентьев бугун Олмаотада ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирди.

Chance автомашинасини ишлаб чиқариш шу йил 16 мартидан бошланиши қайд этган Лаврентьев бу борада барча ҳужжатлар имзоланганини ва корхонада жиҳозларни ўрнатиш якунига етиб қолганини маълум қилди.

Chance лойиҳасига ётқизилаётган сармоянинг умумий қиймати 24 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Бу автомобил Қозоғистон бозорида аввал ҳам бор бўлиб, у Украинадан келтириларди. 2011 йилда республикада бундай автомобилдан 973 дона сотилган.

Қозоғистондаги Chance автомобилларини (седан, хэтчбэк ва пикап) 1,3, 1,4 ва 1,5 литр ҳажмдаги двигателлар билан ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2012 йилда Қозоғистонда Nomad жипини яратиш бўйича ҳам иш давом этиши айтилмоқда. Лицензияси Кореянинг SsangYong ширкатидан сотиб олинган бу автомобилни 2013 йилнинг апрел ойидан ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Қўстанай заводи бу йил Iveco русумли йўловчи ташиш автобусларидан ҳам 400 дона ишлаб чиқаришни режалаган.

Қўстанайда автомобил ишлаб чиқариш бўйича бу лойиҳалар амалга оширилган тақдирда Қозоғистон Марказий Осиёда автомобил ишлаб чиқарувчи иккинчи мамлакатга айланади. Бунгача минтақа давлатларидан фақат Ўзбекистонда (Асака ва Самарқанд) автомобил ишлаб чиқарадиган заводлар бор эди.

Хусусан, 1996 йили Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан Ўзбекистон ҳукумати имзолаган келишув асосида ишга туширилган "ЎзДЭУавто" 2007 йили "Ўзавтопром" ва General Motors ўртасида тузилган шартномага кўра¸ ҳозирда GM Uzbekistan номи остида фаолият юритмоқда. АҚШ ширкати мазкур қўшма корхонанинг 25 фоиз акцияларига эгалик қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG