Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:18

Москвада ўзбекистонлик шоумен вафот этди


Рахман Неймарк-Коен таҳаллуси билан танилган Махмудов Россия шоу оламининг таниқли вакилларидан эди.
Рахман Неймарк-Коен таҳаллуси билан танилган Махмудов Россия шоу оламининг таниқли вакилларидан эди.

Асли ўзбекистонлик Раҳмон Маҳмудов Москванинг энг таниқли шоуменларидан бири ҳисобланган. Россия шоу-бизнес оламида Рахман Неймарк-Коен таҳаллуси билан танилган шоу устасининг жасади Москвадаги уйида топилди.

Машҳур Ginza Project ресторанлар ва барлар холдинги арт-директори ва шоумен ўзбекистонлик Раҳмон Асадович Маҳмудов икки кун давомида алоқага чиқмаганидан сўнг чоршанбага ўтар кечаси Москва шаҳар Лениградская проспектидаги квартирасида ваннахонада ўлик ҳолда топилди.

27 ёшли Раҳмон Маҳмудовнинг севган қизи Наталья Терентьева уни аниқлагани тафсилотларини журналистларга берган интервюсида сўзлаб берди.

“Мен подъезддан кўтарилганимда квартираси эшиги қия очиқ эканини аниқладим ва дарҳол полицияга қўнғироқ қилдим”, дея эслайди Наталья Терентьева.

- У ваннада сувда ўлик ҳолда ётган эди. Ҳеч қандай пичоқ излари ёки бошқа жароҳатлар кўринмади. Бундан олдин мен унга икки кун давомида қўнғироқ қилган эдим, дейди Маҳмудовнинг дугонаси Наталья.

Унинг сўзларига кўра, Раҳмон Маҳмудовнинг квартирасидан iPhone, ноутбук, iPad, қимматбаҳо соатлар ва бошқа буюмлар ўмарилган. Ҳодиса жойига келган полициячиларнинг дастлабки тахминларига кўра, Маҳмудов ваннада сувга чўкиб ўлган. Бироқ, дастлабки экспертизада санъаткорнинг буйни сингани аниқланган.

“Натижалар тегишли экспертизалар ўтказилгандан кейин ошкор этилади”, деди полиция ходими.

Оммавий ахборот воситалардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси Раҳмон Маҳмудов Твер вилоятида қайддан ўтган, бироқ Москвада ўзининг квартирасида яшаб келган.

Шоумен Раҳмон Маҳмудов Филипп Киркоров билан
Шоумен Раҳмон Маҳмудов Филипп Киркоров билан
Унинг ўлими Россия шоу-бизнесида катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. Москва шоу оламида Раҳмон Неймарк-Коен саҳна номи билан танилган Маҳмудов Россия пойтахтида ажойиб саҳналаштирувчи, мусиқий аранжировкачи ва ташкилотчи сифатида ном қозонган эди.

“Нега олам бунчалик қаҳрли. Одамларни ва ҳаётни шунчалик севган инсон энди биз билан эмас. Сен доимо бизнинг қалбимиздасан!!!”, деб ёзди ўз микроблогида Раҳмоннинг дўсти Николай Басков.

Яна бир россиялик бошловчи Анфиса Чехова твиттерда Маҳмудовнинг ўлимини изоҳлар экан: “Бўлиши мумкин эмас! Ишонгим келмаяпти!!”, дея ёзди.

Жумладан, сўннги пайтларда у арт-директорлик билан шуғулланган ва машҳур хонанда Григорий Лепсга тегишли Leps Bar айнан Раҳмон Маҳмудов бошчилигида Москванинг энг серқатнов ресторанларидан бирига айланди.

Неймарк-Коен – Маҳмудов Ginza Project холдингида бошловчилик ва ташкилотчилик ишларини бажарган, у ажойиб инсон ва тенги йўқ бизнес лойиҳалар ташкилотчиси эди, дейди Озодликка унинг яқин ҳамкорларидан бири Андрей Федорин.

- Айтишим мумкинки, бу биз учун жуда катта йўқотиш. Мудҳиш тасодиф. У караоке-Leps Barда арт директор вазифасида ишлаб келган, BLACKBERRY билан ҳамкорлик қилган, Твербуль ва бошқа ресторанларимизда эсда қоларли ажойиб томошаларни кўрсатган. У деярли барча Россия шоу-бизнеси юлдузлари билан яхши муносабатда эди. Мен шахсан у билан кўп лойиҳаларда бирга ишлаганман. Ҳаётни бундай севувчи, кўзга кўринган бундай иқтидорли йигитнинг кетганига ишонгим келмаяпти, дейди Ginza Project холдинги ходими Андрей Федорин.

Рестораторнинг сўзларига кўра, Раҳмон Маҳмудов атиги бир йилдан ортиқроқ вақт давомида Москвадаги ресторан бизнесида ва шоулар оламида улкан ютуқларга эришган.

Раҳмоннинг Ню-Йоркда яшаётган онаси Москвага учиб келишини маълум қилган.

Озодлик бундан бир неча кун олдин АҚШнинг Лос Анжелес шаҳридаги Беверли Хилтон меҳмонхонасида 48 ёшида машҳур қўшиқчи Уитни Ҳюстон ҳам айнан ваннахонада сувда чўкиб вафот этгани тўғрисида хабар қилган эди.

Россиялик шоу юлдузлари ўзбек шоумени ўлимини Уитни Хюстон ўлимига ўхшатишмоқда.

Уитни Хюстон ўлимидан хабар олган Раҳмон Маҳмудов ўзининг Твиттер саҳифасида “Ишонгим келмаяпти, у қандай қилиб ўлиши мумкин, ахир у жуда ёш эди”, деб ёзган эди.

Энди 27 ёшли Раҳмон Маҳмудовнинг микроблогида дўстлари худди шу сўзларни қолдиришмоқда.
XS
SM
MD
LG