Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:49

Душанбе марҳум учувчилар билан видолашди


Тожикистонлик учувчилар билан видолашув маросими, Душанбе, 2012 йилнинг 15 феврали.
Тожикистонлик учувчилар билан видолашув маросими, Душанбе, 2012 йилнинг 15 феврали.

15 феврал куни Тожикистон Мудофаа вазирлиги Афғонистонда ҳалок бўлган тўрт нафар учувчиси билан видолашди.

Бу тўртовлон бошқарган вертолет ўтган шанба куни Афғонистоннинг Зобул вилояти ғарбида ҳалокатга учраган эди. Буни 13 феврал куни Тожикистон Мудофаа вазирлиги ҳам расман тасдиқлаганди.

“11 феврал куни Афғонистоннинг Зобул минтақасида Тожикистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ракетага қарши мудофаа тизими таркибида бўлган вертолет ҳалокатга учради. Бу техникани бошқарган тўрт нафар учувчининг ҳаммаси Тожикистон фуқароларидир”, дея билдирган эди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Мудофаа вазирлиги учувчилари полковник Вадим Грудино, майор Бахтиёр Жўраев, лейтенантлар Азизулло Мансуров ва Хушнуд Амирбековларнинг жасади 14 феврал куни Афғонистондан Душанбега олиб келинган.

Бугун эрталаб Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий институт биносида марҳум учувчилар билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида марҳум Бахтиёр Жўраев, Азизулло Мансуров ва Хушнуд Амирбековга жаноза ўқилди.

Вазирлик масъулларининг айтишича, вертолёт ҳалокатига об-ҳаво шароитининг ёмонлиги сабаб бўлган.

Тожик расмийларига кўра, учёқлама шартнома асосида “бу вертолёт парвози коалиция кучларининг Афғонистонда урушдан кейинги вазиятни изга солиш ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш дастурлари доирасида уюштирилган”.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, МИ-8 русумли бу вертолёт ўтган йил баҳоридан буён Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари таъминотига ёрдам бериб келган. У асосан Афғонистоннинг етиб бориш қийин бўлган ҳудудларига озиқ-овқат, дори-дармонлар етказиб бериш билан шуғулланганлар, яъни мазкур вертолёт экипажини Тожикистон қуролли кучлари зобитлари ташкил қилган бўлса-да, улар фақат Афғонистондаги ноҳарбий дастурларга жалб қилинган, холос.

Айрим маълумотларга кўра, бу вертолёт НАТО ҳарбийларига ноҳарбий юк етказиб берувчи “Supreme Food” ширкати томонидан ёлланган бўлган.

Айни пайтда “Давлатга тегишли бўлган ҳарбий техникадан тижорат мақсадлари учун фойдаланиш мантиққа тўғри келадими?” деган савол Тожикистон расмийлари томонидан очиқ қолдирилмоқда.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Афғонистонда ноҳарбий ишларга жалб қилинган ва ўтган ҳафтада ҳалок бўлган тожикистонлик ҳарбийларнинг шахси воқеа содир бўлган илк кунлари жамоатчиликдан сир тутилган эди.

Бугун Тожикистон Мудофаа вазирлиги ўз мутахасисларидан иборат гуруҳни вертолёт ҳалокатини ўрганиш учун Кобулга сафарбар қилганини маълум қилди.

“Тўрт кишидан иборат бу гуруҳнинг вазифаси учиш аппаратининг қора қутисидаги ёзувларни ўрганишдан иборат”лиги айтилди.

Ҳозирча, вазирлик масъулларининг айтишича, вертолётнинг ҳалокатга учрашига об-ҳаво ёмонлиги сабаб бўлган, деган тахмин кучда қолмоқда.

Маълумотларга кўра, 11 феврал куни Зобул ғарбида довул аралаш қор ёққан.
XS
SM
MD
LG